Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 12 / Ходимлар билан ҳисоблашиш

Хорижга хизмат сафари: тўғри расмийлаштирамиз

 

Хорижга хизмат сафари – хорижий давлатга чиқиш билан боғлиқ хизмат топшириғи.

 

Хорижга хизмат сафарлари Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 19.11.2015 йилда 2730-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинади.

 

Хизмат сафарини расмийлаштирамиз

Ходимнинг сафарини расмийлаштириш учун қуйидагиларни тайёрлаш зарур:

* хизмат сафарига юбориш тўғрисида буйруқ;

* хизмат сафари режа-топшириғи (Низомнинг 33-банди).

Ушбу ҳужжатларнинг намуналарини келтирамиз.

 

 

«Хизмат сафарига юбориш тўғрисида»

 

Қозоғистон Республикасига маҳсулот экспорти ҳажмларини ошириш мақсадида

БУЮРАМАН:

1. Сотув бўлими менежери Раҳимов А.А. 2018 йил 1 февралдан 5 февралгача 5 кунга Астана шаҳридаги «Прогресс» АЖга хизмат сафарига юборилсин.

2. Бухгалтерия Раҳимов А.А.га хизмат сафари харажатлари учун пул маблағлари берсин.

3. Бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботни Раҳимов А.А. қайтиб келган кунидан бошлаб 3 кун ичида тақдим этсин.

 

 

 

 

«ТАСДИҚЛАЙМАН»

«Омад» МЧЖ директори

Алимов О.Б._____________

(шахсий имзо)

Хизмат сафарига юбориш учун
хизмат топшириғи

Тошкент ш.                                                         2018 йил «25» январь

 

Раҳимов Акром Анварович

 

Таркибий бўлинма

 

Лавозими

 

Хизмат сафари

 

Асос

 

Бориш жойи

 

Сана

 

Муддат

(календарь кунлари)

 

мамлакат, шаҳар

 

ташкилот

 

боши

 

охири

 

жами

 

йўлда бўлиш вақти

 

Сотув бўлими

 

Менежер

 

Астана ш.

 

«Прогресс» АЖ

 

01.02.

2018 й.

05.02.

2018 й.

5

 

4 соат

 

30.01.2018 йилдаги 15-сон буйруқ

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Топшириқ мазмуни (мақсади)

 

Топшириқ бажарилганлиги тўғрисида қисқа ҳисобот

 

Харидор билан товар ассортименти юзасидан музокаралар ўтказиш

 

 

3 тонна товар етказиб беришга экспорт контрактларини тузиш

 

 

 

 

 

 

 

 

Таркибий бўлинма бошлиғи хизмат сафари режа-топшириғини тузади, корхона раҳбари уни тасдиқлайди. Унда мамлакат ва хизмат сафаридан мақсад, у бошланадиган ва якунланадиган сана, календарь кунлари сони кўрсатилади.

Корхона раҳбарининг ўзи ҳам хорижий хизмат сафарига бориши мумкин. Бунинг учун ҳам хизмат сафари режа-топшириғи тузилади ва хизмат сафарига юбориш тўғрисида буйруқ имзоланади.

Хизмат сафарига юборилаётган ходимни албатта буйруқ билан тилхат олиб таништириш ва харажатларига аванс бериш зарур.

Корхонанинг банкдаги счётидан нақд хорижий валютани олиш учун хизмат кўрсатувчи банкка қуйидагиларни тақдим этиш керак:

● маблағларни бериш ҳақида ариза. У банк бошқарувчиси номига эркин шаклда ёзилади;

 

 

«Ипак Йўли» АИТБнинг

Яккасарой туманидаги филиали

бошқарувчиси

Авазов М.А.га

 

Сиздан сотув бўлими менежери Раҳимов А.А.нинг Қозоғистон Республикаси Астана шаҳрига хизмат сафари харажатларига аванс тўлаш учун 20208840000000000001-сон валюта счётимиздан 1 075 (бир минг етмиш беш) АҚШ доллари миқдорида нақд пул маблағларини беришингизни сўраймиз.

Буйруқ нусхаси ва аванс суммаси ҳисоб-китобини илова қилмоқдамиз.

 

 

 

● хизмат сафарига юбориш тўғрисидаги буйруқ нусхаси;

● корхона раҳбари ва бош бухгалтери томонидан тасдиқланган хорижий валютадаги аванс суммасининг ҳисоб-китоби;

 

Астана шаҳридаги хизмат сафари харажатларига аванс ҳисоб-китоби

 

Харажат турлари

 

Белгиланган меъёрлар, АҚШ долл.

 

Кунлар сони

 

Жами,
АҚШ долл.

 

Суткалик харажатлар

 

25

 

5

 

125

 

Яшаш учун харажатлар

 

100

 

5

 

500

 

Транспорт харажатлари

 

450 (меъёрлар белгиланмаган)

 

450

 

Жами, АҚШ долл.

 

1 075

 

 

 

● хизмат сафари режа-топшириғи;

● таклиф қилаётган томоннинг мазкур сафарни молиялаштириш шартлари (улар мавжуд бўлганда) кўрсатилган хатлари, факслари ва телексларининг нусхалари;

● Вазирлар Маҳкамаси қарори нусхаси (Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўйича жўнаб кетаётган шахслар учун) (Низомнинг 36-банди).

Корхонанинг банкдаги счётларида зарур миқдордаги хорижий валюта бўлмаса:

● хизмат кўрсатувчи банкдан хорижий валютани сотиб олиш;

● хизмат сафари харажатларига маблағларни мавжуд валютада бериш мумкин. Маблағлар бериладиган кундаги МБ курси бўйича эквивалент ҳисобланади (Низомнинг 37-банди).

 

МИСОЛ. Ходим 5 кунга Германияга хизмат сафарига юборилмоқда. Ходимнинг харажатларига аванс – 650 евро бериш керак. Корхонанинг банкдаги счётларида евро йўқ, бироқ АҚШ доллари бор. Хизмат сафари харажатларига аванс 2018 йил 31 январда 807 АҚШ доллари миқдорида берилган.

31.01.2018 йилдаги МБ курси:

1 евро = 10 146,13 сўм;

1 АҚШ доллари = 8 175,77 сўм;

650 евро х 10 146,13 / 8 175,77 = 807 АҚШ долл.

Хизмат сафарига юборилаётган ходимга валюта маблағларидан фойдаланиши учун халқаро корпоратив пластик карта бериш ҳам мумкин. Уни бериш чоғида картадаги пул маблағлари қолдиғи суммаси кўрсатилган қабул қилиш-топшириш далолатномасини имзолаш зарур.

 

 

ҚАБУЛ ҚИЛИШ-ТОПШИРИШ ДАЛОЛАТНОМАСИ

Ушбу қабул қилиш-топшириш далолатномаси шу ҳақда имзоландики, «Омад» МЧЖ директори Алимов О.Б. 8061 9245 4654 6444-сон «Visa» халқаро корпоратив пластик картасини берди, сотув бўлими менежери Раҳимов А.А. эса Қозоғистон Республикаси Астана шаҳрига хизмат сафари вақтида фойдаланиш учун уни олди. Картадаги валюта пул маблағлари қолдиғи 1 075 (бир минг етмиш беш) АҚШ долларини ташкил этади.

Раҳимов А.А. кўрсатилган карта бут сақланиши ва ундаги пул маблағларидан мақсадли фойдаланилиши учун тўлиқ моддий жавобгар ҳисобланади.

 

Топширди                                                  Алимов О.Б.

Қабул қилди                                              Раҳимов А.А.

 

 

 

Хизмат сафари гувоҳномаси

Хорижга хизмат сафарига борганда хизмат сафари гувоҳномаси талаб этилмайди. Давлат чегарасини кесиб ўтиш куни хизмат сафарига юборилган ходимнинг паспорти чегара-назорат пунктлари қўйган белгиси бўйича аниқланади.

Бироқ барча мамлакатлар ҳам келган кишининг паспортига белги қўявермайди. Бу ҳолда келганлик ва яшаганлик далили қўниш талонлари, меҳмонхоналарнинг счётлари ва чеклари билан тасдиқланади.

 

Хизмат сафари харажатлари

Хизмат сафари харажатларига қуйидагилар киради:

● суткалик харажатлар;

● яшаш учун (турар жой ижараси бўйича) харажатлар;

● транспорт харажатлари;

● вакиллик харажатлари;

● кўзда тутилмаган харажатлар;

● Низомга мувофиқ қопланиши лозим бўлган хизмат сафарининг бошқа харажатлари.

 

Харажатлар меъёрлари

Низомда хорижий давлатлардаги суткалик ва яшаш учун харажатларни тўлашга хизмат сафари харажатларининг энг юқори меъёрлари белгиланган. Ҳар бир мамлакат учун улар ҳар хил этиб белгиланган. Битта хорижий давлат ҳудудида хизмат сафари харажатларининг ягона меъёрлари амал қилади, Россия бундан мустасно. Москва ва Санкт-Петербург учун Россиядаги бошқа аҳоли пунктларидан фарқланувчи меъёрлар тасдиқланган.

Агар хизмат сафарига юборилган шахс самолёт, поезд ёки автобусда ҳаракатланган бўлса, хорижий давлатнинг турли аҳоли пунктларида бўлганлигини меҳмонхоналарнинг счётлари ва чеклари, шунингдек чипталар, қўниш талонлари билан тасдиқлаши мумкин.

 

Суткалик харажатларни тўлаш

Суткалик харажатлар хизмат сафаридаги ҳар бир кун, жумладан жўнаб кетиш ҳамда қайтиб келиш куни учун, белгиланган меъёрларнинг 100%и миқдорида хорижий валютада тўланади.

Хизмат сафаридан қайтиб келгандан сўнг аванс ҳисоботи асосида якуний ҳисоб-китоб қилинади. Корхона мажбуриятлардан озод бўлган валюта маблағларига эга бўлса, қўшимча тўлов белгилаши мумкин.

Суткалик харажатларни ҳисоблаш учун хизмат сафари кунларининг аниқ сонини ҳисоблаб чиқариш зарур.

Жўнаб кетиш ҳамда қайтиб келиш куни Ўзбекистоннинг давлат чегарасини кесиб ўтиш куни ҳисобланади. У хизмат сафарига юборилган шахснинг паспортидаги белги бўйича аниқланади.

Агар ходим хизмат сафарига жўнаб кетиб, Ўзбекистондан чиқиб кетгандан кейинги куни хорижий давлатга етиб борган бўлса, жўнаб кетиш куни учун суткалик харажатлар берилмайди.

Агар Ўзбекистонга етиб келиш санаси хорижий давлатдан чиқиб кетгандан кейинги кунга тўғри келган бўлса, қайтиб келиш куни учун суткалик харажатлар берилмайди.

Ходим бир нечта хорижий давлатга хизмат сафарига юборилганда бир хорижий давлатдан бошқасига ўтиш куни учун суткалик харажатлар, ходим қайси хорижий давлатга ўтаётган бўлса, ўша давлатнинг меъёрлари бўйича тўланади. Бу хорижий давлат орқали транзит ҳолатида ўтишга ҳам тааллуқли.

 

МИСОЛ. Ходим хизмат сафарига юборилган:

1 февралдан 5 февралгача – Астана шаҳрига;

6 февралдан 13 февралгача – Москва шаҳрига.

Корхона сафар учун авиачипталар сотиб олди.

Тошкентдан 31 январда соат 23.00 да учиб кетган самолёт Астанага 1 февралда соат 01.00 да қўнди.

Астанадан 6 февралда соат 08.00 да учиб кетган самолёт Москвага 6 февралда соат 11.50 да қўнди.

Қайтиб келишда Москвадан 13 февралда соат 23.30 да учиб кетиб, Тошкентда 14 февралда соат 03.30 да қўнди.

Суткалик харажатларни ҳисоблаш учун хизмат сафари кунлари:

Астанада бўлиш – 5 кун, 1 февралдан 5 февралгача. Самолёт Астанага 1 февралда қўнгани сабабли 31 январь хизмат сафари кунларига қўшилмайди;

Москвада бўлиш – 8 кун, 6 февралдан 13 февралгача. 6 февраль учун суткалик харажатлар Москва шаҳри учун белгиланган меъёрлар бўйича ҳисобланади. Москвадан рейс 13 февралда учиб кетгани сабабли 14 февраль учун суткалик харажатлар тўланмайди.

Хизмат сафари кунлари учун жами суткалик харажатлар (Низомга ­1-иловада белгиланган меъёрлар бўйича) 405 АҚШ долларини (5 кун х $ 25 + 8 кун х $ 35) ташкил этади.

 

Суткалик харажатларни тўлашдаги алоҳида ҳолатлар

Қабул қилувчи томон ходимни бепул овқат (нонушта, тушлик, кечки овқат) билан таъминлаши мумкин. Бунда корхона хизмат сафарига юборилган ходимга шахсий эҳтиёжлари учун белгиланган меъёрларнинг ­30%и миқдорида суткалик харажатларни тўлайди. Қабул қилувчи томон ходимнинг шахсий эҳтиёжлари учун маблағлар билан таъминлаган тақдирда эса жўнатувчи томон суткалик харажатларни тўламайди (Низомнинг 7-банди).

 

1-МИСОЛ. Ходим 3 кунга Токио шаҳрига хизмат сафарига юборилди. Қабул қилувчи томон унинг бўлиш вақти мобайнида бепул овқатлантиради.

Япония учун суткалик харажатларнинг белгиланган меъёрлари – 100 АҚШ доллари. Бу ҳолда унга суткалик харажатларни қоплашга 90 АҚШ доллари (100 х 30% х 3 кун) тўланади.

 

2-МИСОЛ. Ходим 3 кунга Токио шаҳрига хизмат сафарига юборилди. Қабул қилувчи ташкилот унинг бўлиш вақти мобайнида бепул овқатлантиради, шаҳар бўйлаб ҳаракатланиши учун хизмат автомобили беради, шунингдек шахсий эҳтиёжлари учун маблағлар билан таъминлайди. Бу ҳолда ходимга суткалик харажатлар тўланмайди.

 

Қабул қилувчи томон овқатланиш ва шахсий эҳтиёжларни қоплаш учун белгиланган меъёрларнинг энг юқори миқдорларидан кам маблағ бериши мумкин. Бунда хизмат сафарига бориб келган ходимга тафовут суммаси қопланади. У қабул қилувчи томондан суткалик харажатлар учун пул маблағларини олишига асос бўлган ҳужжатлар (чиқим касса ордерлари, тўлов қайдномалари, чеклар) нусхаларини тақдим этиш лозим.

Давлат хизматчиларининг айрим тоифаси суткалик харажатларга устамалар олишга ҳақли. Бундай устамалар миқдори Низомга 2-иловада белгиланган.

Хорижда узлуксиз 60 суткадан ортиқ хизмат сафарида бўладиган ходимларга 61-кундан бошлаб суткалик харажатлар Низомга 1-илованинг 5-устунида белгиланган ­меъёр­лар бўйича тўланади (Низомнинг 6-банди).

Агарда юқорида кўрсатилган ходимлар хизмат сафари муддати давомида бир мамлакатдан бошқасига ўтса, уларга суткалик харажатлар Низомга 1-илованинг 4-устунида белгиланган меъёрлар бўйича тўланади.

 

МИСОЛ. Ходим Астана шаҳрида 74 кун хизмат сафарида бўлиб, сўнг Москва шаҳрига 8 кунга борди.

Астанада бўлган илк 60 кун ва Москвадаги 8 кун учун Низомга 1-илованинг 4-устунида белгиланган суткалик харажатлар меъёрлари бўйича ҳақ тўланади. Астанада бўлган 61–74-кунларга эса – ушбу жадвалнинг 5-устунида белгиланган меъёрлар бўйича.

Суткалик харажатлар ҳисоб-китоби:

60 кун х $ 25 + 14 кун х $ 11 + 8 кун х $ 35 = 1 934 АҚШ долл.

 

Яшаш учун (турар жой ижараси бўйича) харажатларни қоплашга маблағлар тўлаш

Яшаш учун харажатлар хизмат сафарининг ҳар бир куни учун меъёрларнинг 100%и миқдорида тўланади. Ушбу меъёрлар Низомга 1-иловада белгиланган.

Яшаш учун харажатларнинг якуний ҳисоб-китоби ҳақиқий харажатлар бўйича амалга оширилади. Булар:

● чек, счёт, квитанция билан тасдиқланган меҳмонхона хонасида яшаш қиймати;

● хусусий секторда яшаганда хусусий шахсга пул тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат ва ижара шартномаси.

Корхонада қўшимча тўловлар белгиланган бўлса, улар ҳам қўлланиши мумкин. Яшаш учун харажатлар хизмат сафарининг айрим кунлари учун ортиқча харажатларни ҳисобга олмасдан, ҳар бир сутка учун тўланади.

Хизмат сафарига юборилган жойда меҳмонхоналар мавжуд бўлмаслиги ёки меҳмонхонада яшаш қимматга тушиши, хусусий шахслар эса паст нархда турар жойни ижарага бериши мумкин. Корхона раҳбари хизмат сафарига юборилаётган ходимга турар жойни ижарага олиш шартномаси асосида хусусий шахсникида яшашга рухсат беришга ҳақли. Бунда яшаш учун харажатлар Низомга 1-иловада белгиланган турар жой ижараси бўйича энг юқори меъёрлардан ошиб кетмаслиги керак (Низомнинг 15-банди).

Яшаш учун тўлов счётига киритилган овқатланиш, мини-бар, кабель телевидениеси, кийимларни ювдириш, дазмоллатиш ва бошқа шахсий хизматлар учун харажатлар қопланмайди. Улар суткалик харажатлар ҳисобидан тўланади.

Қабул қилувчи томон бепул турар жойни тақдим этганда ёки унинг ижараси учун харажатни қоплашга пул компенсациясини тўлаган ҳолларда, корхона хизмат сафарига юборилган шахсга яшаш учун маблағ тўламайди.

 

Айрим тоифадаги шахсларга яшаш учун (турар жой ижараси бўйича) харажатларни қоплашга маблағлар тўлаш

Суткалик харажатларга устамалар олиш ҳуқуқига эга бўлган давлат хизматчиларининг айрим тоифаларига (Низомга 2-илова) яшаш учун маблағларнинг меъёрларидан қатъи назар, ҳақиқий харажатлар миқдорида тўланади. Уларга чойшаб ва кийимларни ювдириш, дазмоллатиш бўйича харажатлар ҳам қопланади (Низомнинг 16-банди).

Ҳукумат делегацияси таркибида кетаётган ходимларга Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, белгиланган меъёрлардан қатъи назар, яшаш учун маблағлар бир кишилик меҳмонхона хонасининг қиймати бўйича ҳақиқий харажатлар миқдорида тўланади (Низомнинг 13-банди).

Хорижий семинарлар, спорт мусобақалари, конференция ва бошқа тадбирлар ташкилотчилари томонидан хизмат сафари харажатларининг ўз меъёрлари белгиланиши мумкин. Бундай харажатлар ташкилотчилар белгилаган меъёрлар бўйича тўланади. Бироқ ушбу тўловлар Низомга 2-иловага мувофиқ ўрнатилган ­меъёрлардан ошмаслиги лозим (Низомнинг 17-банди).

 

Транспорт харажатларини тўлаш

Транспорт (таксидан ташқари) харажатлари ҳақиқий харажатлар бўйича, тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда тўланади.

Хорижий давлат ҳудуди бўйлаб қатнаш учун транспорт харажатлари қуйидаги тарзда қопланади:

● аэропорт, вокзал ёки пристандан, агар улар аҳоли пунктидан ташқарида ёки бошқа аҳоли пунктида жойлашган бўлса, яшаш жойигача бориш ва орқага қайтиш – улар ҳужжатлар билан тасдиқланганда алоҳида қопланади.

 

МИСОЛ. Ходим Москвага хизмат сафарига юборилди. Самолёт Шереметьево аэропортига қўнди. Бу аэропорт шаҳар ташқарисида жойлашган. Ходим «Аэроэкспресс» тезкор поездида Москвага етиб олди. Бу поезднинг «Стандарт» синфидаги чипта қиймати – 500 рубль. Хизмат сафарига юборилган ходим чиптани сақлаб қўйиб, уни хизмат сафари тўғрисидаги ҳисоботга илова қилса, ушбу харажати қопланади;

 

● шаҳар ичидаги транспортдан фойдаланганлик учун харажатлар суткалик харажатлар таркибида қопланади.

 

МИСОЛ. Ходим Москва шаҳрида жойлашган ташкилотга 4 кунга хизмат сафарига юборилди. У яшайдиган меҳмонхона ҳам Москвада жойлашган. У ҳар куни меҳмонхонадан хизмат сафарига юборилган ташкилотгача метрода боради. Москва метросининг йўлкира қиймати 55 рублга тенг. У 4 кун ичида, ҳар куни 2 марта метрода қатнаб, 440 рубль сарфлади. Ҳатто чипталарни тақдим этганда ҳам, бу харажати алоҳида қопланмайди.

 

Ҳукумат ва катта ҳажмдаги спорт анжомларига эга бўлган спорт делегацияларига юриш учун автомобилни ижарага олишга йўл қўйилади.

Тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда транспорт харажатлари қопланмайди (Низомнинг 24-банди).

 

МИСОЛ. Ходим Санкт-Петербургдан ташқарида жойлашган ташкилотга хизмат сафарига юборилган. У Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган меҳмонхонада яшаган. Ҳар куни хизмат сафарига юборилган ташкилотга аввал автобусда темир йўл вокзалигача, кейин эса электричкада етиб олган. Ходим фақат Тошкент – Санкт-Петербург – Тошкент йўналиши бўйича авиачиптани сақлаб қолган, электричка чипталарини сақлаб қўймаган. Унга фақат авиачипта қиймати қопланади.

 

Вакиллик, кўзда тутилмаган ва бошқа харажатлар

Вакиллик харажатлари – вакилларнинг расмий қабулини ўтказиш, уларнинг транспорт таъминоти, музокаралар вақтида буфет хизматларини кўрсатиш, ташкилот штатида бўлмаган таржимон хизматига ҳақ тўлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар (Низомнинг 25-банди).

Кўзда тутилмаган харажатлар – рейснинг кечикиши ёки ўзгариши, делегация раҳбари қарорига кўра маршрутнинг, сафар дастурининг ўзгартирилиши ва бошқа форс-мажор ҳолатлар билан боғлиқ харажатлар (Низомнинг 26-банди).

Ҳукумат делегациялари учун вакиллик ва кўзда тутилмаган харажатларга маблағлар ажратилади. Улар 1 000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорни ташкил этади ва унинг аъзоларидан бирига ҳисобот топшириш шарти билан берилади.

Хўжалик ҳисобидаги корхоналар учун вакиллик харажатлари миқдори чекланмаган.

Хизмат сафарига юборилган шахснинг ҳужжатлар билан тасдиқланган қуйидаги бошқа харажатлари ҳам қопланади:

● виза олиш бўйича;

● вақтинчалик прописка (рўйхатга олинганлик) учун;

● борган мамлакатида хорижий валютани сотиб олиш ёки сотиш чоғида йиғимлар (фоизлар, комиссиялар)ни тўлаш бўйича;

● 30 кг гача бўлган юк олиб кетиш учун тўлов (ходим бораётган транспорт турида бепул юк олиб кетиш меъёридан ортиқчасига);

● аэропорт, суғурта (фақат бораётган мамлакатига кириш учун мажбурий бўлган суғурта турлари), божхона ва воситачилик йиғимлари (кўргазмалар, тақдимотлар, конференциялар ва гастроллар ўтказилганда);

● конференция, спорт мусобақалари қатнашчиларини рўйхатга олиш йиғимлари, спорт анжомларини ижарага олиш;

● пуллик тўхташ жойлари хизматлари ҳақини тўлаш, автобензин харид қилиш, юкни транспортда жўнатиш (фақат хизмат сафарига юборилган ҳайдовчилар учун) тўловлари бўйича;

● МДҲ мамлакатларига борадиганлар Низомнинг 2-иловасида белгиланган 20% ва ундан ортиқ устамаси мавжуд шахслар учун Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бўйича «VIP» заллари орқали хизмат кўрсатиш;

● хизмат сафарига жўнатилган шахсларга фавқулодда, қолдириб бўлмайдиган ҳолатларда кўрсатилган тиббий хизматларни тўлаш бўйича;

● ҳужжатлар билан асосланган хизмат сафари бекор қилиниши, йўл маршрути ёки хорижий давлатда бўлиш муддатлари ўзгариши сабабли йўл чипталарини қайтариб бериш, алмаштириш ёки улардан фойдаланмаслик билан боғлиқ жарималар ёки қўшимча харажатларни тўлаш бўйича (Низомнинг 29-банди).

Тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда ушбу хизмат сафари харажатлари қопланмайди.

 

Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,

«Norma» МЧЖ эксперти.

 

Давоми бор.

Прочитано: 5345 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика