Айрим ходимларимиз яқинда пенсия ёшига тўладилар (эркаклар – 60 ёшга, аёллар – 55 ёшга).
Пенсия ёшига тўлганлари муносабати билан уларни ишдан бўшатишга мажбурмизми?
О.Пенин.
– Йўқ, мажбур эмассиз.
Бироқ иш берувчида 2011 йил 1 январдан бошлаб ходимда ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи (эркаклар – 60 ёшда, аёллар – 55 ёшда) ва стаж (эркаклар учун – камида 25 йил, аёллар учун – камида 20 йил) мавжуд бўлганда пенсия ёшига тўлган ҳолларда номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини, шунингдек муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ўз ташаббусига кўра бекор қилиш ҳуқуқи юзага келди (МКнинг 100-моддаси 2-қисми 7-банди).
Шу тариқа, иш берувчи ушбу ҳуқуқдан фойдаланиши мумкин.
Меҳнат шартномаси МКнинг 100-моддаси 2-қисми 7-банди асосида бекор қилинганда бундай ходимларга қуйидаги тўловлар тўланиши лозим:
1) меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда унга тегишли иш ҳақи (МКнинг 110-моддаси);
2) фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация (МКнинг 151-моддаси);
3) ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдордаги ишдан бўшатиш нафақаси (МКнинг 109-моддаси);
4) огоҳлантириш муддати (рад этилган тақдирда) ўрнига унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация (МКнинг 102-моддаси 2-қисми).
Иш берувчи ходимлар вакиллик органининг МКнинг 100-моддаси 2-қисми 7-банди бўйича ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан бошлаб 1 ойдан кечиктирмай, агар бу жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида назарда тутилган бўлса, меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир (МКнинг 101-моддаси).
Ходим пенсияга чиқиши муносабати билан ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин (бироқ мажбур эмас) (МКнинг 99-моддаси). Бу ҳолда унга қуйидагилар тўланади:
1) меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда унга тегишли иш ҳақи (МКнинг 110-моддаси);
2) фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация (МКнинг 151-моддаси).
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma» МЧЖ бош эксперти.