Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 06 / Кадрлар бўлими

Иш берувчи ходимларни аттестациялаш тўғрисида нималарни билмоғи лозим

 

Ташкилотлар ва корхоналарга ўз профессионализмини мунтазам ошириб борадиган малакали мутахассислар доим керак. Ходимларнинг профессионал билим ва кўникмалари даражаси, ишбилармонлик сифатларини тўғри баҳолаш учун уларнинг малакаси ва эгаллаб турган лавозимига муносиблигини вақти-вақти билан текшириб туриш зарур, чунки ходимнинг қўйилаётган талабларга номувофиқлигини иш берувчи исботлаб бериши керак. Шу сабабли айнан иш берувчи фаолиятидан қониқмаётган ва эгаллаб турган лавозимига ёки бажараётган ишига нолойиқ деб ҳисоблайдиган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишдан манфаатдор.

 

Одатда, бундай текширув ходимларни аттестациялаш асосида амалга оширилади.

Уни ўтказиш тартиби меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, норматив ҳужжалар ва ходимларнинг вакиллик органи фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилинадиган корхонанинг бошқа локал ҳужжатлари билан белгиланади. Улар корхоналарда низомлар (масалан, ходимларни аттестациялаш тўғрисидаги) кўринишида ишлаб чиқилади.

МКнинг 100-моддаси 2-қисми 2-бандига мувофиқ меҳнат шартномасини бекор қилишга асос бўлиб хизмат қила оладиган ходимларни аттестациялаш вақти-вақти билан (ходимларни аттестациялаш тўғрисидаги низомда белгиланган муддатда – масалан, 2 йилда 1 марта) ўтказилади.

Аттестациялаш комиссияси раҳбар ва юқори малакали мутахассислар орасидан корхона раҳбарининг буйруғи билан тайинланади. Комиссия таркибига ходимларнинг вакиллик органлари ва Ёшлар иттифоқи вакили ҳам киради.

Ушбу буйруқ билан ходимларни аттестациялаш тўғрисида низом, уни ўтказиш муддатлари ва жадвали тасдиқланади. Мазкур ҳужжатлар аттестация бошланишидан камида бир ой олдин аттестациядан ўтказиладиган ходимлар эътиборига етказилади.

Навбатдаги аттестацияга қуйидагилар киритилмайди:

√ ҳомиладор аёллар, 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар;

√ корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахслар;

√ ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан 3 йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилари;

√ 6 ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилган ходимлар;

√ муайян лавозимда 6 ойдан кам ишлаган ходимлар.

Таркибий бўлинма раҳбари ва ходимларнинг вакиллик органи аттестациядан 2 ҳафта олдин аттестациядан ўтказиладиган ходимга баҳо беради (тавсифнома тузади). Аттестациядан ўтказиладиган ходимга ўзи ҳақидаги тавсифнома билан олдиндан, бироқ камида бир ҳафта аввал танишиб чиқиш имконияти берилиши керак.

Аттестациялаш комиссияси тақдим этилган материалларни кўриб чиқади ва ходимнинг ахборотини тинглайди. Йиғилишда аттестациядан ўтказилаётган ходим ишлайдиган бўлинманинг раҳбари қатнашади.

Аттестациялаш комиссияси ходимнинг фаолиятига қуйидаги баҳолардан бирини беради:

√ эгаллаб турган лавозимига лойиқ;

√ ишини яхшилаш ва комиссия тавсияларини бажариш шарти билан эгаллаб турган лавозимига лойиқ, 3 ойдан кейин такроран аттестацияланади;

√ эгаллаб турган лавозимига нолойиқ.

Бевосита овоз беришдан кейин аттестация натижалари аттестациядан ўтказилган ходимга маълум қилинади.

Аттестациялаш комиссиясининг баҳолари, қарорлари ва кўрсатмалари раҳбар учун тавсия тусига эга бўлади.

Аттестациялаш комиссияси тақдим этган материаллар асосида, у қабул қилган қарорлар, берилган баҳоларни ҳисобга олган ҳолда корхона раҳбари аттестация якунлари ҳақида буйруқ чиқаради.

Буйруқда локал норматив ҳужжат ва аттестация ўтказилишига асос бўлган фармойиш берувчи ҳужжат кўрсатилади, уни ўтказиш даври, қандай тоифадаги ходимларга нисбатан ўтказилгани, тадбирларни амалга ошириш учун масъуллар, ходимларни аттестациялаш тўғрисидаги низомга мувофиқ аттестация якунлари бўйича уларни амалга ошириш муддатлари қайд этилади.

Аттестация натижаларига кўра иш берувчи:

а) ходимни аввалги лавозимида қолдириши;

б) аттестациядан муваффақиятли ўтган ходимларни рағбатлантириши, уларга устама ҳақ белгилаши;

в) ходимларнинг ўқишини (тренинглар, семинарлар) ташкил этиши, малака ошириш, қайта ўқитишга юбориши;

г) ходимнинг розилиги билан лавозимини оширган ёки туширган ҳолда бошқа ишга ўтказиши;

д) ходимларни такроран аттестациядан ўтказиши;

е) иш ҳақини ошириши, меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини ўзгартириши;

ж) аттестация натижалари билан тасдиқланган малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли бажараётган ишига нолойиқлиги муносабати билан амалдаги меҳнат қонунчилигига қатъий риоя этган ҳолда ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин.

Ушбу қарорлардан қай бири чиқарилишидан қатъи назар, буйруқ билан расмийлаштирилиши лозим.

Кадрлар хизматига «Эгаллаб турган лавозимига нолойиқ» баҳосини олган ходимларни малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли бажараётган ишига нолойиқлиги (МКнинг 100-моддаси ­2-қисми 2-банди) муносабати билан огоҳлантирилган кундан бошлаб 2 ҳафта ўтгач улар билан меҳнат шартномалари бекор қилиниши тўғрисида ёзма равишда огоҳлантириш вазифаси топширилиши мумкин.

Ишдан бўшатишга келсак, башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида МКнинг 100-моддаси 2-қисми 2-банди бўйича ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун ходимлар вакиллик органининг розилигини олиш назарда тутилган бўлса (МКнинг 101-моддаси 1-қисми), бундай розилик олинганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 1 ойдан кечиктирмай иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли бўлади.

Аттестациялаш билан боғлиқ меҳнат низолари амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ кўриб чиқилади.

 

Абдусалом Рисқуллаев,

«Norma» МЧЖ етакчи эксперти.

 

Прочитано: 2326 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика