Давлат божхона қўмитасининг қарори (АВ томонидан 17.01.2018 йилда 2606-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Йўриқнома Президентнинг «Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (6.12.2017 йилдаги ПФ-5276-сон) ва Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига (11.10.2017 йилдаги 814-сон) мувофиқлаштирилди.
Эслатиб ўтамиз, 1.01.2018 йилдан бошлаб 2 минг АҚШ долларигача бўлган миқдордаги хорижий валюта жисмоний шахслар томонидан ҳар қандай давлат чегарасидан ўтиш пунктларида декларацияланмасдан олиб кирилади ва олиб чиқиб кетилади. Бундан ташқари, халқаро аэропортларда мазкур нормага ҳамда товарларни божсиз олиб киришнинг чегараланган меъёрлари ва акциз солиғи солинмайдиган товарларни олиб киришнинг чегараланган меъёрларига риоя қилинган тақдирда йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасликка ва «яшил йўлак»дан фойдаланишга ҳақли.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 17.01.2018 йилдан кучга кирди.
Самир Латипов,
«Norma» МЧЖ эксперти.