Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудида учувчисиз учиш қурилмаларидан рухсатсиз фойдаланишнинг олдини олиш чоралари тўғрисида»ги қарорига (26.11.2014 йилдаги 322-сон) мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудига 2015 йилнинг 1 январидан учувчисиз учиш қурилмаларини олиб кириш тақиқланган.
Фақатгина ҳукуматнинг 2016 йил 12 майдаги қарори билан зарурат туғилган ҳолларда айрим ташкилотларнинг мазкур қурилмаларни Ўзбекистонга олиб кириш, реализация қилиш ва фойдаланишига рухсат берилиши кўзда тутилган.
Аммо бугунги кунда айрим фуқаролар чет элга вақтинча ишлаш ёки сафарга бориб қайтаётганларида яқинлари ва фарзандларига болалар учун ўйинчоқ сифатида қайд этилган кузатув камерали ва камерасиз учувчисиз учиш аппарат (дрон)ларини олиб келишга одатланишган.
Масалан, яқинда «Урганч аэропорти» чегара божхона пости ходимлари «Санкт-Петербург–Урганч» йўналишида учиб келган З.С.га тегишли бўлган қўл юкларини рентген аппарати орқали божхона кўригидан ўтказишганда 1 дона учувчисиз учиш аппарати борлиги аниқланган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан божхона органи томонидан маъмурий ишлар юритилди ва суд органлари томонидан кўриб чиқилмоқда.
М.КУРБАННИЁЗОВ,
Хоразм вилояти божхона бошқармаси.