Хоразм вилояти божхона бошқармасида шахсий таркиб ўртасида тамагирлик, порахўрлик ва мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш каби салбий ҳолатларга йўл қўймасликка қаратилган «Коррупцияга қарши курашишда оиланинг аҳамияти» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда ходимларнинг ота-оналари ва оила аъзолари иштирок қилди.
Вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари З.Турдалиев коррупциянинг давлат ва жамият ҳаёти учун ижтимоий хавфлари ҳақида сўз юритди. Учрашувда божхона органларида коррупцияга қарши кураш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, шу ва бошқа қонунбузарликларнинг олдини олиш ҳамда хизмат интизомини мустаҳкамлаш мақсадида 2017 йил давомида шахсий таркиб билан 45 та умумий йиғилишлар ўтказилди, барча ходимларининг ота-онаси ва бошқа оила аъзолари билан уларнинг яшаш уйларига борилиб, учрашувлар ўтказилди.
Таҳлилларга кўра, ходимларнинг порахўрликка қўл уриб, жиноят содир этишига олиб келувчи энг катта омиллардан бири оиладаги муҳитдир. Айниқса, божхоначиларга нисбатан турмуш ўртоқлари ёки ота-оналари томонидан қўйиладиган моддий талабларнинг кучайиши, бошқалардан кам бўлмасликка интилиш каби жиҳатлар ходимларнинг жиноят кўчасига кириб қолишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу муносабат билан тадбирда иштирок этган ота-оналардан божхона тизимида хизмат қилаётган фарзандлари хатти-ҳаракатларига бефарқ бўлмаслиги, ёш ходимлар ўртасида тарбиявий ишларни кучайтириш, улар орасида турли хил қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш, белгиланган тартиб-қоидаларга бўйсуниш ва ўз устида мунтазам равишда ишлаб, билимларини ошириб боришларини таъминлашда уларнинг ҳам иштироки борлигини ҳамда ходимлар учун уларнинг ота-оналари, яқин қариндошлари ҳам масъул эканликлари эслатилди.
Давра суҳбати якунида Давлат божхона қўмитаси томонидан тайёрланган «Қасамёдга хиёнат» ҳужжатли фильми намойиш этилди.
Хоразм вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.