Йил якунланиб, юридик шахслар учун энг муҳим кўрсаткич – ходимларнинг ўртача йиллик сонини аниқлаш пайти келди. «Norma Ekspert» мутахассислари уни қандай қилиб тўғри ҳисоблаш ва 2018 йилда қўллаш кераклигини тушунтирадилар.
Бу нима учун керак
Қуйидагилар ходимларнинг ўртача йиллик сони қийматига боғлиқ:
● молиявий ҳисоботни топшириш даврийлиги ва таркиби. Чунончи, микрофирмалар ва кичик корхоналарга кирмайдиган корхоналар молиявий ҳисоботни ҳар чоракда (ҳисобот чораги тугагандан кейинги ойнинг 25-кунига қадар) ва йил якунларига кўра (ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай) тақдим этадилар (АВ томонидан 3.07.2000 йилда 942-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом). Чораклик ҳисобот Бухгалтерия баланси (1-сон шакл) ва Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботни (2-сон шакл), йиллик ҳисобот эса, улардан ташқари, – Пул оқимлари тўғрисида ҳисобот (4-сон шакл) ва Хусусий капитал тўғрисидаги ҳисоботни (5-сон шакл) ўз ичига олади (АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Кичик корхоналар ва микрофирмалар фақат Бухгалтерия баланси ва Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботдан иборат бўлган йиллик молиявий ҳисоботни топширадилар;
● статистика ҳисоботини тақдим этиш даврийлиги ва таркиби. Президентнинг 7.04.2014 йилдаги ПФ-4609-сон Фармонига мувофиқ, микрофирмалар ва кичик корхоналар 1-КБ (йиллик) «Микрофирма ва кичик корхона ҳисоботи» статистик шаклини тақдим этган ҳолда статистика органларига йилда 1 марта ҳисобот топширадилар. Қолган корхоналарнинг ҳисоботи фаолияти, инвестиция лойиҳалари мавжудлиги ва бошқаларга қараб ойлик, чораклик ва йиллик бўлиши мумкин;
● солиқ солиш тизимини танлаш. Маълумки, микрофирмалар ёки кичик корхоналар соддалаштирилган ёки умумбелгиланган солиқ солиш тизимини мустақил равишда танлашлари мумкин. Ходимлар сони ҳисоб-китоби корхонага 2017 йилда ЯСТ тўғри тўланганлигини текшириш имконини беради. Агар ҳисоб-китобга кўра микрофирма ва кичик корхона сирасига киритиш мезонларига мувофиқ келмаса, корхона 2018 йилда умумбелгиланган солиқларни тўлашга мажбурий тартибда ўтиши лозим, ходимлар сонидан қатъи назар, солиқларни соддалаштирилган тизимда тўлашлари шарт бўлган айрим солиқ тўловчилар бундан мустасно. Бунда корхона умумбелгиланган тизимни қўллаганда 2017 йилда тўлаши лозим бўлган умумбелгиланган солиқларга доир ҳисоб-китоблар асосида 2017 йил учун ЯСТ бўйича қайта ҳисоб-китобни тақдим этиши зарур.
Нимага боғлиқ
2017 йилдан бошлаб микрофирмалар ёки кичик корхоналар сирасига киритиш учун ходимларнинг чекланган сони ИФУТ кодига қараб аниқланади. Кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ташкилотлар таснифлагичи ВМнинг 24.08.2016 йилдаги 275-сон қарори билан тасдиқланган. 2017 йилда Таснифлагичга ўзгартиришлар киритилди:
√ 1.04.2017 йилдан – ВМнинг 6.04.2017 йилдаги 184-сон қарорига 1-илова билан;
√ 10.05.2017 йилдан – ВМнинг 28.04.2017 йилдаги 248-сон қарорига илова билан;
√ 4.10.2017 йилдан – ВМнинг 2.10.2017 йилдаги 785-сон қарори билан.
Ким ҳисобга олинади
Ходимларнинг ўртача йиллик сонини ҳисоблаш услубияти Тадбиркорлик субъектлари ходимларининг ўртача йиллик сонини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 17.02.2017 йилда 2858-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган. Ҳисоб-китоб қилиш чоғида меҳнат шартномалари бўйича ишловчи корхона ходимларидан ташқари қуйидаги ходимлар сони ҳам инобатга олинади:
√ ўриндошлик, пудрат шартномалари ва бошқа фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишга қабул қилинганлар (шартнома тузилган кундан бошлаб унинг амал қилиш муддати тугагунча ҳисобда инобатга олинади);
√ унитар корхоналардаги (улар бош ташкилотларга тақдим этадиган маълумотлар (маълумотномалар, ҳисоботлар) асосида қабул қилинади);
√ ваколатхоналар ва филиаллардаги (Солиқ кодексининг 350-моддаси).
Ташқи ўриндошлар ва фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган шартномалар асосида ишларни бажараётган шахсларнинг сони ходимларнинг ҳар бир тоифаси бўйича алоҳида ҳисобланади. Сўнг ҳосил бўлган қийматлар ошиш томонга қараб бутун сонгача яхлитлаган ҳолда қўшилади (2858-сон Низомнинг 4, 6-бандлари).
Қандай ҳисобланади
МИСОЛ. Ишлаб чиқариш корхонасида (ИФУТ коди – 10320-«Мева ва сабзавот шарбатларини ишлаб чиқариш») 20 киши доимий асосда ишлайди. 2017 йил давомида ходимларнинг ушбу сони ўзгармади. Бунда:
10 июлдан 2 нафар ташқи ўриндош ишга қабул қилинган, улардан бири меҳнат шартномасига кўра кунига 3 соатдан, иккинчиси 2 соатдан ишлайди;
20 ноябрдан 3 нафар ходим ишларни бажариш учун фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишга қабул қилинган, биттаси билан шартнома 1 декабрдан бекор қилинган, қолганлари 2017 йил охиригача ишлаганлар.
Ушбу вазиятда асосий ходимлар, ўриндошлар ва фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишловчиларнинг ўртача йиллик сони алоҳида ҳисобланади. Аввал ходимларнинг ўртача ойлик сони аниқланади.
Асосий ходимларнинг ўртача ойлик сони дам олиш ва байрам (ишланмайдиган) кунларни қўшган ҳолда ойнинг 1-нчи санасидан 30/31-нчи санасигача (февраль ойи учун 28/29-нчи санагача) ҳисобот ойининг ҳар бир календарь кунидаги улар сонини қўшиш ва ҳосил бўлган йиғиндини ҳисобот ойининг календарь кунлари сонига бўлиш орқали аниқланади (2858-сон Низомнинг 9-банди). Ушбу ходимларнинг ўртача йиллик сони ҳисобот йилининг барча ойларидаги уларнинг ўртача ойлик сонини қўшиш ва ҳосил бўлган йиғиндини 12 га бўлиш орқали аниқланади. Асосий ходимлар сони ўзгармаганлиги сабабли уларнинг ўртача йиллик сони каби (20 х 12 / 12) ўртача ойлик сони ҳар ойда 20 кишини ташкил этади.
Ташқи ўриндошларнинг ўртача ойлик сони меҳнат шартномасида кўзда тутилган иш вақти муддатига мутаносиб равишда ҳисобланади (2858-сон Низомнинг 12-банди) ва:
июль учун – 0,476 кишини ((3 + 2) киши/соат х 16 кун) / 168 соат);
август учун – 0,628 кишини (5 киши/соат х 23 кун) / 183 соат);
сентябрь учун – 0,625 кишини (5 киши/соат х 20 кун) / 160 соат);
октябрь учун – 0,625 кишини (5 киши/соат х 22 кун) / 176 соат);
ноябрь учун – 0,625 кишини (5 киши/соат х 22 кун) / 176 соат);
декабрь учун – 0,629 кишини (5 киши/соат х 20 кун) / 159 соат) ташкил этади.
Ташқи ўриндошларнинг ўртача йиллик сони 0,3 кишини ((0,476 + 0,628 + 0,625 + 0,625 + 0,625 + 0,629) / 12 ой) ташкил этади.
Фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган шартномалар асосида ишлаётган ходимларнинг ўртача ойлик сони 2858-сон Низомнинг 14-бандига мувофиқ асосий ходимлар учун ҳисоб-китобга ўхшаш тарзда (шартноманинг амал қилиш муддатида) аниқланади:
ноябрь учун – 1,1 киши ((3 киши х 11 кун) / 30 кун);
декабрь учун – 2 киши ((2 киши х 31 кун) / 31 кун).
Фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган шартномалар асосида ишлаётган ходимларнинг ўртача йиллик сони 0,258 кишини ((1,1 + 2) / 12) ташкил этади.
Корхона ходимларининг ўртача йиллик сони – 21 киши (20 + 0,3 + 0,258). ИФУТ коди 10320 бўлган корхонани кичик бизнес сирасига киритиш учун ходимлар сони 200 кишидан ошмаслиги керак. Яъни корхона кичик корхоналар қаторига киради ва ягона солиқ тўлови тўлашга ҳақли (2018 йилда ҳам).
Қачон нормативни оширишга йўл қўйилади
Ходимларнинг ўртача йиллик сони ошириб юборилган ҳолда корхона ошириб юборишга йўл қўйилган даврда кичик бизнес корхоналари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёз ва преференциялардан маҳрум этилади. Бироқ корхона ходимлар сони ошириб юборилганда кичик корхона мақомини ҳамда белгиланган имтиёзлар ва преференцияларни сақлаган ҳолда ходимлар сонининг чекланган нормативини ошириши мумкин, бироқ:
√ касаначилар ҳисобига – 30%дан кўп эмас;
√ Ўзбекистон касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлари ҳамда олий таълим муассасаларининг битирувчилари ўқишни тугаллаган кунидан бошлаб 3 йилдан кўп ўтмаган бўлса, уларни меҳнат шартномалари бўйича қабул қилиш ҳисобига – 50%дан кўп эмас («Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси 7-қисми).
Ошириб юбориш оқибатлари
2017 йил якунларига кўра ходимлар сони мезонини ошириб юборган ЯСТ тўловчи микрофирма ва кичик корхоналар 2018 йилда солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимига ўтишлари шарт (савдо, умумий овқатланиш ва таъминот-сотиш ташкилотлари бундан мустасно). Корхоналар йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиш муддатидан кечиктирмай солиқ органларини МВ ва ДСҚнинг қарорига (АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 13-иловага мувофиқ шаклда ёзма равишда хабардор қилишлари керак. Қайд этилганидек, Солиқ кодексининг 351-моддасига мувофиқ корхоналар умумбелгиланган солиқлар ва тўловлар бўйича ҳисоб-китоблар асосида 2017 йил учун ЯСТ юзасидан қайта ҳисоб-китобни амалга оширишлари лозим.
Қайта ҳисоб-китоб ўтказиш учун солиқ тўловчилар йил якунлари бўйича ЯСТ ҳисоб-китобини тақдим этиш муддатидан кечиктирмай солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги ДСИга қуйидагиларни тақдим этишлари керак:
● қуйидаги солиқлар ва тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни:
ҚҚС, агар корхона уни тўламаган бўлса;
фойда солиғи;
мол-мулк солиғи;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
ер солиғи;
ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи;
давлат мақсадли жамғармаларига (Пенсия, Йўл жамғармалари ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармаси) мажбурий тўловлар;
● 2439-сон қарорга 13-иловага мувофиқ шаклда ҳисоблаб чиқарилган умумбелгиланган солиқлар суммаси тўғрисидаги маълумотномани.
Умумбелгиланган солиқлар ва тўловлар суммаси ЯСТдан ошиб кетган тақдирда ошган сумма бюджетга тўланиши лозим. Ушбу сумма ЯСТ ҳисоб-китобининг 150-сатрида акс эттирилади.
ЯСТ суммаси ошиб кетган тақдирда, бюджет билан қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилмайди.
2017 йил якунларига кўра асосий фаолият тури савдо, умумий овқатланиш ёки таъминот-сотиш фаолияти ҳисобланган корхоналар ходимлар сонидан қатъи назар 2018 йилда ЯСТ тўлайдилар.
Диққат! Ходимлар сонини яшириш мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, жарима миқдори ЭКИҲнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда оширилади (МЖТКнинг 175-5-моддаси).