Молия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 14.12.2017 йилда 1209-8-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тасдиқланган молиявий ҳисобот шаклларига* ўзгартиришлар киритилди.
1. Бухгалтерия балансининг (1-сон шакл) балансдан ташқари счётларда ҳисобга олинадиган қийматликларнинг мавжудлиги тўғрисида маълумот 2 та счёт билан тўлдирилди. Энди:
√ 930-сатрда – балансдан ташқари 015-сатрда ҳисобга олинадиган оддий ширкат шартномаси (биргаликдаги фаолият) бўйича олинган мол-мулк;
√ 940-сатрда – балансдан ташқари 016-сатрда ҳисобга олинадиган фойдаланиш ҳуқуқи бўйича олинган номоддий активлар акс эттирилади.
Эслатиб ўтамиз, молия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 30.05.2017 йилда 1181-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий-хўжалик фаолияти бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлар режаси (21-сон БҲМС) ҳам балансдан ташқари янги счётлар билан тўлдирилган:
015-«Оддий ширкат шартномаси (биргаликдаги фаолият) бўйича олинган мол-мулк» – биргаликдаги фаолият ишончли вакилида оддий ширкат (биргаликдаги фаолият) шартномаси иштирокчиларидан олинган мол-мулкнинг мавжудлиги ва ҳаракати тўғрисидаги ахборот умумлаштирилади;
016-«Фойдаланиш ҳуқуқи бўйича олинган номоддий активлар». У вақтинча фойдаланишга олинган номоддий активлар мавжудлиги ва ҳаракати тўғрисидаги ахборотни умумлаштириш учун мўлжалланган. Ушбу счётда, масалан, муайян муддат мобайнида товар белгисидан, маҳсулотлар ишлаб чиқариш автоматлаштирилган бошқарувининг технологик дастуридан, саноат намунасидан фойдаланиш ҳуқуқи ва ҳ.к. ҳисобга олинади.
2. Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботдан (2-сон шакл) 080-«Ҳисобот даврининг солиқ солинадиган фойдадан келгусида чегириладиган харажатлари» сатри чиқариб ташланди. Шу муносабат билан Молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш бўйича қоидаларга ҳам тегишли тузатишлар киритилди.
«Ҳисобот даврининг солиқ солинадиган фойдадан келгусида чегириладиган харажатлари» моддаси 2009 йилдаёқ давр харажатлари таркибидан чиқариб ташланган эди. Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган) ВМнинг 11.03.2009 йилдаги 63-сон қарори асосида ўзгартиришлар киритилган эди.
Мазкур ўзгартиришлар билан Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот 54-сон Низомга мувофиқлаштирилди.
3. Молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш бўйича қоидаларга қуйидаги ўзгартиришлар киритилди.
√ 1-банди янги таҳрирда қабул қилинди. Мазкур Қоидаларда кўриладиган молиявий ҳисоботни бюджет, суғурта, кредит ташкилотлари ва банклар тақдим этмаслиги ҳақида аниқликлар киритилди. Юридик шахсларнинг ушбу тоифаси ҳисоботни алоҳида тасдиқланган шаклларда топширади.
√ 60-банди янги таҳрирда баён этилди.
«Захира сармоя» моддаси бўйича (430-сатр) захира сармояни ҳисобга олиш счётларида (8500) ҳисоб юритилади. Унга қуйидагилар киради:
узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш чоғида ҳосил бўладиган инфляцион захиралар суммаси;
қонун ҳужжатларида ва таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорлардаги соф фойдадан ажратмалар ҳисобига ташкил этилган захира фонди;
текинга олинган мол-мулк қиймати;
солиқ солишдан озод қилиш натижасида бўшайдиган маблағларни мақсадли вазифаларни бажаришга йўналтириш шарти билан божхона тўловларини, бюджетга солиқлар ва мажбурий тўловларни тўлаш бўйича имтиёзлар суммалари.
√ 88-банд ҳам тўлдирилди. Бу Ҳисобварақлар режасига янги 6630-«Таъсисчиларнинг устав капиталини ошириш бўйича улушлари» счёти киритилиши билан боғлиқ. Ушбу счётда таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар давлат рўйхатидан ўтказилгунга қадар таъсисчилар киритган улушлар бўйича улар олдидаги мажбуриятлар акс эттирилади.
Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,
«Norma Online» эксперти.
*Молиявий ҳисобот шакллари ва уларни тўлдириш бўйича Қоидалар молия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тасдиқланган.