4-босқич талабаси бизга ишга кириш ниятида келди. Меҳнат дафтарчасида ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги ёзувни қайд этиш керакми, ахир ушбу ёзувдан олдин ўқиши тўғрисида ёзув бўлиши керакку, институтдан маълумотнома олишга эса ҳали эрта, у ўқишини тугатгани йўқ. Бунгача ҳеч қаерда ишламаган. Қандай йўл тутайлик?
Л.О.
Ишга қабул қилишда меҳнат дафтарчасини расмийлаштириш
Ходим (ишга жойлашаётган ва ўқишини тўхтатмаётган талаба) билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгиланган меҳнат шартномаси тузилиши мумкин (МКнинг 119-моддаси 1-қисми).
Иш берувчи корхонада 5 кундан ортиқ ишлаган барча ходимларга (талабаларга ҳам) меҳнат дафтарчасини тутиши шарт, ўриндошлик асосида ишловчилар бундан мустасно (МКнинг 81-моддаси).
Кундузи ўқиб туриб ишлаш
Кундузи ўқийдиган шахсларнинг меҳнат шартномаси бўйича ишлаши ўриндошлик саналмайди ва унга умумий асосларда ҳақ тўланади, сабаби тўлиқсиз иш вақти шарти билан ишлаш ходимнинг йиллик асосий меҳнат таътилининг муддатини, меҳнат стажини ҳисоблашни ҳамда бошқа меҳнат ҳуқуқларини бирон бир тарзда чеклашга асос бўлмайди ва ишланган вақтга ёки ишлаб чиқарилган маҳсулотга мутаносиб равишда ҳақ тўланади (МКнинг 119-моддаси 3-қисми).
Меҳнат дафтарчасига ўқиши ҳақидаги ёзувни қайд этиш
Иш берувчи меҳнат дафтарчаларига ёзувларни, шу жумладан олий ўқув юртларининг кундузги бўлимида ўқиган вақти тўғрисидаги ёзувни тегишли ҳужжатларнинг санаси, сон рақами ва номига ҳавола қилган тарзда алоҳида сатр қилиб киритади. Улар меҳнат дафтарчасига ишга қабул қилганлик тўғрисидаги ёзувдан олдин киритилади (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 2.14, 2.17-бандлари).
Масалан: «Титаник» МЧЖга ишга қабул қилингунга қадар ______ даврдан ______ давргача ___________________ да ўқиган».
(муассаса номи)
Абдусалом Рисқуллаев,
«Norma Online» етакчи эксперти.