қашқадарёлик миришкорлар хорижга қарийб 500 тонна узум экспорт қилишди
Маълумки, ҳукуматимиз томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кенг имконият ва қулайликлар яратилмоқда. Натижада ички бозоримиз маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган, сифатли ва арзон маҳсулотлар билан тўйингач, эҳтиёждан ортгани жаҳон бозорига экспорт қилинмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида Қашқадарё вилояти тадбиркорлари чет давлатларга 136 млн АҚШ долларидан зиёд маҳсулотни экспорт қилган бўлса, шундан 13,6 млн АҚШ долларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташкил этади. Масалан, сентябрь ва октябрь ойларида 495 тонна узум экспорт қилинди. Мазкур маҳсулотларни экспортга етказиб беришда 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти иштирок этди.
– Жорий йилнинг ўтган даврида Россияга 297 тоннадан зиёд узумни экспорт асосида етказиб бердик, – дейди «Шарофат Она Қаҳрамон қизи» агрофирмаси божхона ишлари бўйича масъул ходими Шерзод Шеров. – Бундан ташқари россиялик ҳамкорларимиз билан заминимизда етиштирилган 2 000 тонна узум, хурмо ва лимон каби маҳсулотларни келгусида экспорт қилиш юзасидан шартнома тузганмиз.
Божхона расмийлаштирувларини ўз иш жойимиздан, масофадан туриб электрон тарзда амалга оширяпмиз. Бу эса бизнинг қимматли вақтимизни ҳамда энг асосийси, ортиқча сарф-харажатларни тежашимизга катта ёрдам беряпти.
Дарҳақиқат, республика Президенти томонидан «Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорнинг (21.06.2017 йилдаги ПҚ-3077-сон) қабул қилиниши қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларига янада кенг имкониятлар яратди. Хусусан, қарор билан жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан ўзлари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилиш ҳуқуқи берилди.
Мазкур қарорнинг қабул қилиниши маҳаллий экспорт қилувчи тадбиркорларнинг рақобатдошлигини ва молиявий барқарорлигини оширишга имконият яратади. Шунингдек, ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини жонлантиришга ҳам ҳисса қўшади.
Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси Ахборот хизмати.