Ходим 2017 йил 1–10 август кунлари Москвада ўтказиладиган Халқаро кўргазмада иштирок этиш учун хизмат сафарига юборилган.
1. Хизмат сафарига юбориш тўғрисидаги буйруқда суткалик харажатлар тўланиши ҳақида ҳеч нима дейилмаган бўлса, бухгалтер уларни ҳисоблаб ёзиши керакми?
2. Суткалик харажатлар тўланмаган бўлса, шу муносабат билан қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин?
3. Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари гувоҳномаси керак бўладими?
И.Ли, МЧЖ бош бухгалтери.
1 |
Ходимлар Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатларига маблағлар Низомга (АВ томонидан 19.11.2015 йилда 2730-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ берилади.
Ходимни хизмат сафарига юбориш учун ташкилот раҳбари томонидан буйруқ чиқарилади ва хизмат сафари режа-топшириғи тасдиқланади. Хизмат сафарига юбориш тўғрисидаги буйруқда хизмат сафарига юбориладиган ходимларнинг фамилиялари, исми-шарифининг бош ҳарфлари, хизмат сафарига юбориладиган жой ва хизмат сафарининг муддати кўрсатилади (Низомнинг 33, 36-бандлари).
Хорижга хизмат сафарига борадиган ходимлар борадиган давлатларида қабул қилувчи томон ҳисобидан бепул овқат (нонушта, тушлик, кечки овқат) билан таъминланган ҳолларда суткалик харажатлар хизмат сафарига юборилган шахснинг шахсий эҳтиёжларини қоплашга бошқа харажатлар учун суткалик харажатлар меъёрининг 30%и миқдорида тўланади.
Қабул қилувчи томон бепул овқатланишдан ташқари ходимнинг шахсий эҳтиёжлари учун маблағлар билан таъминлаган тақдирда жўнатувчи томон суткалик харажатларни (бошқа харажатларни) тўламайди (Низомнинг 7-банди).
Қабул қилувчи томон харажатларнинг бир қисмини зиммасига олса, суткалик харажатларни тўғри ҳисоблаб ёзиш учун буни буйруқда кўрсатиш зарур.
Қолган ҳолларда суткалик харажатлар 100% миқдорида тўланади. Бунда буйруқда суткалик харажатлар ҳисоблаб ёзилиши ҳақида кўрсатилмайди, сабаби улар Низомга мувофиқ ҳисоблаб ёзилади.
Суткалик харажатлар меъёрлари жўнаган кун ва қайтган кунни ҳисобга олган ҳолда хизмат сафарида бўлган ҳар бир кун учун хорижий валютада белгиланган (Низомга 1-илова).
2 |
Белгиланган меъёрлар доирасида тўланадиган суткалик харажатлар хизмат сафарига юборилган ходимнинг даромади сифатида қаралмайди. Суткалик харажатларнинг тўланмаслиги меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш деб баҳоланиши мумкин, бу ЭКИҲнинг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 49-моддаси). Шунингдек бухгалтерия ҳисобини юритиш тартибини бузиш деб баҳоланиши мумкин, бу ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдордаги жарима билан жазоланади (МЖТКнинг 175-1-моддаси).
Бундан ташқари, қуйидагилар даромад деб тан олиниши хатари мавжуд:
● корхона учун – бу ҳақиқатан ҳам хизмат сафари эканлиги исботланса, тўланмаган суткалик харажатлар суммалари. Сабаби мазкур ҳолда ходим хизмат сафарида ўз ҳисобидан бўлган;
● ходим учун – ходим шахсий мақсадини кўзлаб Москвага учганлиги исботланса, авиачипта учун корхона тўлаган сумма.
3 |
Ўзбекистон ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари гувоҳномаси расмийлаштирилмайди, сабаби бу Низомда назарда тутилмаган. Республика чегараси кесиб ўтилган кун хизмат сафарига юборилган шахснинг паспортидаги Ўзбекистон Республикаси назорат-чегара пунктлари белгиларига қараб аниқланади. Ходим хизмат сафаридан қайтгани заҳоти ҳисобот тузиб, унга хизмат сафарига доир ҳақиқатдаги харажатларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилади.
Замира ЖЎРАЕВА, «Norma Online» эксперти.