Ташкилот тикувчилик ишлаб чиқариши билан шуғулланади ва Президентнинг 21.12.2016 йилдаги ПҚ-2687-сон қарорига мувофиқ имтиёздан фойдаланиши мумкин.
I ва II чораклар учун ЯСТ бўйича ҳисоботлар топширилган, солиқ ҳам тўланган. Ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона сифатида 4.08.2017 йилда ДСИга Низом (АВ томонидан 31.03.2009 йилда 1932-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тасдиқланган шаклда имтиёзлар олиш учун ариза юборилган. Биздан уни қабул қилиб, бу билан имтиёзга ҳақли эканимизни тасдиқлаганлар.
2017 йил I ва II чораклари учун қайта ҳисоб-китоб жўнатсам – имтиёзни кеч қўллаганимни рўкач қилиб, уни қабул қилмаяптилар. 2017 йил III чорагидан бошлаб имтиёзни қўллашим мумкинлигини айтдилар. Фақат III чорак учун экан, 9 ой учун эмас.
Низомда имтиёз ариза топширилган кундан бошлаб қўлланиши ва уни 1.01.2017 йилдан қўллаш мумкин эмаслиги ҳақида банд йўқ. Тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасида ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ишлаб чиқариш тўғрисидаги маълумотнома-ҳисоб-китоб эса бутун йил учун топширилади. У йиллик ҳисобот билан бирга тақдим этилади.
Корхона имтиёзни қўллаш тўғрисидаги аризани III чоракда тақдим этган бўлса, Президентнинг ПҚ-2687-сон қарори асосида 2017 йилнинг I ва II чораклари учун ЯСТ бўйича имтиёзни қўллаш мумкинми?
Галина, МЧЖ бош бухгалтери.
– Ушбу имтиёздан фойдаланиш учун солиқ органларига уни қўллаш тўғрисида ариза тақдим этилиши қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган.
Президентнинг 21.12.2016 йилдаги ПҚ-2687-сон қарорига мувофиқ тақдим этилган имтиёзларни қўллаш тартиби Тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасида ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар томонидан солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 16.05.2017 йилда 2885-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланади.
2885-сон Низомга кўра, ушбу товарларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик корхоналар Тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасида ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда солиқ ва божхона имтиёзлари бериладиган товар гуруҳларининг рўйхатига (2885-сон Низомга 1-илова) мувофиқ ЯСТ тўлашдан озод қилинган. Улар жумласига ҳисобот даври якунлари бўйича умумий сотиш ҳажмида шундай товарларни ишлаб чиқаришдан тушган тушумлар улуши камида 60%ни ташкил этадиган корхоналар киради.
Кўрсатилган имтиёз мақсадли эмас. Уни 1.01.2017 йилдан 1.01.2020 йилгача қўллаш мумкин.
Тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасида имтиёзлар тақдим этилган ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ишлаб чиқаришга ҳақиқатда ихтисослашганлигини тасдиқлаш учун имтиёзлардан фойдаланган корхоналар йил якунлари бўйича солиқ ҳисоботи билан бирга солиқ органларига белгиланган шаклдаги Тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасида ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ишлаб чиқариш тўғрисида маълумотнома-ҳисоб-китобни (2885-сон Низомга 2-илова) тақдим этадилар.
Низомда имтиёзни қўллаш тўғрисидаги аризани солиқ органларига тақдим этиш назарда тутилмаган.
Шу тариқа, корхонангиз имтиёздан фойдаланиш учун 2885-сон Низомда белгиланган мезонларга мувофиқ келса, солиқ органларига ариза бермасдан уларни 2017 йил бошидан қўллашга ҳақли. Ўз навбатида солиқ органлари 2017 йилнинг I ва II чораклари учун аниқлаштирилган ЯСТ ҳисоб-китобини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас (Солиқ кодексининг 46-моддаси).
Ушбу масала юзасидан ихтилофлар юзага келган тақдирда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юқори турувчи солиқ органи ёхуд бевосита судга мурожаат қилишга ҳақлисиз.