Корхонада кўп йил ишлаган ходим ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаяпти.
Қандай ҳолларда ишдан бўшаганда ишдан бўшатиш нафақасига ЭКИҲнинг 12 бараваригача миқдорида ЖШДС солинмайди?
З.Умурзоқова, МЧЖ бош бухгалтери.
– Ходим ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаганда ишдан бўшатиш нафақаси тўланмайди.
Ишдан бўшаётганда ходимингизга қўшимча сумма ҳисобланган бўлса, у ЖШДС, суғурта бадаллари ва ЯИТ солинадиган рағбатлантириш хусусиятига эга тўлов сифатида баҳоланади (Солиқ кодексининг 173-моддаси).
Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан (ходим ўзининг меҳнат вазифаларини бажармаганлиги сабабли шартноманинг бекор қилиниши бундан мустасно), тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган, ходим янги меҳнат шартлари асосида ишни давом эттиришни рад этганлиги сабабли бекор қилинган ҳолларда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади (МКнинг 109-моддаси).
Қуйидаги ҳолларда (бошқалари қатори) меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинади:
● технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги;
● ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши;
● ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда (МКнинг 100-моддаси).
Меҳнат шартномаси тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган қуйидаги ҳолатларда бекор қилинади ва ишдан бўшатиш нафақаси тўланади:
● ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда;
● шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланган тақдирда;
● ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги муносабати билан, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этишнинг имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса (МКнинг 106-моддаси).
Кўрсатилган ҳолларда ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади (МКнинг 109-моддаси).
Солиқ солиш мақсадида у бошқа даромад сифатида баҳоланади (Солиқ кодексининг 178-моддаси 15-банди). Тегишинча, унга ЯИТ ва суғурта бадаллари ҳисобланмайди. ЭКИҲнинг 12 баравари доирасида у ЖШДС солинадиган даромадга киритилмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 20-банди).
Замира ЖЎРАЕВА, «Norma Online» эксперти.