Ходимимизнинг хотини Фарғона политехника институти магистратурасида тўлов-контракт асосида ўқийди. У контракт пулини тўлаш учун 1 йилга кредит шартномасини расмийлаштириб, уни тўлади. Ходимимиз аёлининг ойлик кредит суммасини ўзининг иш ҳақидан тўлаши ҳақида ариза топширди. Шу муносабат билан ЖШДС ушлаб қолишдан уни озод қилишни сўрамоқда.
Аёлининг магистратурадаги ўқиш ҳақини тўлаш учун олинган кредитни сўндиришга йўналтириладиган ходимнинг иш ҳақидан ЖШДС ушлаб қолмаса бўладими?
К.Тўйчиев, ҚК менежери.
– ЖШДСни ушлаб қолиш зарур.
Фуқароларнинг республика олий ўқув юртларида ўзининг ўқиши ёки 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ўқиши учун йўналтириладиган солиқ солинадиган даромадларига ЖШДС солинмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 31-банди). Имтиёз солиқ солинадиган даромадларни ўқиш учун йўналтириладиган маблағлар суммасига камайтириш (солиқ чегирмаси) кўринишида берилади (АВ томонидан 27.05.2010 йилда 2107-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 2-банди).
Сизнинг ҳолатда таълим олувчининг ўзи эмас, балки унинг эри ҳақиқатда ўқиш учун тўловни амалга ошираяпти. Бу унинг даромадларига имтиёз қўллаш имконини истисно этади.
Ходимингизнинг хотини кредитни мустақил равишда (нақд пул ҳисобига, омонат ва бошқа счётлардан ёки пластик картадан фойдаланган ҳолда) сўндиргандагина солиқ чегирмасини қўллаш мумкин. Имтиёз солиқ органларига 2017 йилдаги даромадлари тўғрисида декларация топширилгандан кейин кўрсатилган жами йиллик даромади миқдорида берилади (Низомнинг 16-банди).
Солиқ чегирмасига бўлган ҳуқуқдан фойдаланиш учун (бошқа ҳужжатлар қатори) таълим кредитини берган банкнинг счётига пул маблағларини мустақил тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхасини тақдим этиш зарур (Низомнинг 17-банди).
Шу тариқа, корхонангиз бухгалтерияси хотинининг ўқиши учун тўлов тўлашга йўналтириладиган ходимнинг даромадларига ЖШДС бўйича имтиёзни қўллай олмайди.
Ходимингиз ўз даромадлари ҳисобидан кредитни сўндирмоқчи бўлса, фақат солиқлар тўланганидан кейин қолган маблағлар ҳисобидан буни амалга ошириши мумкин.
Ноила МУҚМИНОВА,
«Norma Online» эксперти.