Давлат божхона қўмитасининг «Тошкент-Аэро» ИБКда «ZiyoNET» ресурс маркази билан ҳамкорликда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 28 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда халқ таълими аълочиси, публицист ва таниқли шоира Мумтоз (Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи) иштирок этди. Ўз чиқишида шоира давлат тилига муносабатни тубдан ўзгартириш, унинг маънавий ҳаётимиздаги аҳамиятини кучайтириш, бир сўз билан айтганда, она тилимизга ҳурматда бўлиш, уни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг вазифамиз эканлигини таъкидлади.
Тадбир давомида йиғилганларга Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ахборотлар берилди. Хусусан, таълим муассасаларида она тилини ўқитишни янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида сўз юритилди.
Қайд этиш жоизки, она тилимизнинг мавқеини юксалтириш йўлида улкан ишлар олиб борилаётганига қарамай, ҳамон бу борада оқсоқликлар ҳам кўзга ташланмоқда. Хусусан, оммавий ахборот воситаларидаги матнларда, ташқи рекламаларда, телевидение ва радио эфирларидаги бошловчилар нутқида адабий тил ва имло қоидаларининг бузилишлари, шевага доир ва бошқа тиллардан кириб келган сўзларни ўринсиз қўллаш ҳолатлари кўзга ташланаётганлиги куюнчаклик билан қайд этилди.
Аслида тил миллий ўзликни англаш ва Ватанга муҳаббатнинг энг асосий омили ҳисобланади. Шундай экан, нафақат иқтисодий хавфсизлигимиз, балки маънавиятимиз, бой маданий тарихимизнинг ҳимоячиси сифатида божхоначилардан ҳам она тилимизга нисбатан ҳурмат талаб этилади.
Тадбирда иштирокчилар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.
«Тошкент-Аэро» ИБК Ахборот хизмати.