Ўз эҳтиёжлари учун объект қурилишига корхонанинг 30 нафар қурувчи ишчиси жалб этилган. Уларнинг иш ҳақи 0810-«Тугалланмаган қурилиш» счётига ҳисобдан чиқарилади. Ой тугаганда киши-соатлардаги меҳнат сарфиёти кўрсатиладиган локал-ресурс ҳужжати тузилади.
Ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақи локал-ресурс ҳужжатида кўрсатилганидан кўп бўлса, қурувчи ишчиларнинг иш ҳақидаги фарқни қайси счётга киритиш керак?
Р.Р.
– Иш ҳақига смета харажатлари билан унинг ҳақиқатдаги миқдори ўртасида юзага келган фарқ бухгалтерия ҳисобида алоҳида ҳисобга олинмайди. У қурилишда смета нормативи билан солиштирганда меҳнат ресурслари ортиқча сарфланишига йўл қўйилганини англатади, холос.
Корхона ўз эҳтиёжлари учун ўз кучи билан объект қураётган, яъни бунинг учун ўз қурувчи ишчиларини жалб этган бўлса, бундай қурилиш усули хўжалик усули деб номланади.
Қурилиш нормалари ва қоидаларига риоя қилиш, шунингдек қурилиши тугалланган объектнинг белгиланган тартибда қабул қилиш комиссияси томонидан қабул қилиб олинишини таъминлаш объектни ўз кучи билан қураётган қурувчилар бажариши учун мажбурий талаблар ҳисобланади (Ягона қурилиш Регламенти (I қисм) 52-банди, ВМнинг 20.08.2013 йилдаги 229-сон қарорига 3-илова). Яъни қурувчи муайян ҳисобот даври ёки бутун қурилиш якунланганда эмас, балки қурилиш ишларини бошлаш олдидан лойиҳа-смета ҳужжатларига (ЛСҲ) эга бўлиши лозим. Улар амалдаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига (ШНҚ) мувофиқ тузилиб, қурилишнинг смета қийматини белгилайди. ЛСҲда бошқа кўрсаткичлар қатори «Киши-соатлардаги меҳнат сарфиёти» кўрсаткичи ҳам бор, бу – қурилиш ишларининг умумий смета-норматив меҳнат ҳажмидир (яъни бажарилган ишларнинг бутун ҳажмига меҳнат сарфи). Сметанинг ўзида ишларнинг ҳар бир бирлигига ва бажарилган бутун ҳажмга ишларнинг турлари ва кичик турлари кесимида бажарилган ишларнинг смета-норматив меҳнат ҳажми (меҳнат сарфиёти) кўрсатилади. Улардан келиб чиқиб эса бажарилган ишлар умумий меҳнат ҳажми белгиланади.
1 киши-соат қиймати корхона бўйича ўтган 12 ойдаги ўртача ойлик иш ҳақи даражасидан келиб чиқиб ҳисобланади. Иш ҳақига норматив харажатлар ишларнинг умумий меҳнат ҳажмини 1 киши-соат қийматига ва ижтимоий суғуртага ажратмаларни ҳисобга олувчи коэффициентга кўпайтириш орқали белгиланади:
Сзп = Т х Сч х Ксс,
бунда:
Т – ресурс сметаси бўйича белгиланадиган объект қурилишининг норматив меҳнат сарфи, киши-соатларда;
Сч – корхона бўйича ўтган 12 ойдаги ҳақиқатдаги ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисобланадиган ишчиларнинг ўртача соатлик иш ҳақи;
Ксс – ижтимоий суғуртага ажратмаларни ҳисобга олувчи коэффициент (масалан, ЯИТ ставкаси 15% бўлганда 1,15 миқдоридаги коэффициент қабул қилинади).
Ушбу кўрсаткич айни қурилишнинг смета қийматини аниқлаш учун ҳисобланади ва ишчилар билан ҳисоблашиш тизими саналмайди.
Корхонанинг ўзида тайёрланган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати деб уларни тиклаш (қуриш, қуриб битказиш) бўйича ҳақиқий харажатлар суммаси тан олинади (АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган 5-сон БҲМСнинг 12-банди). У 0810-«Тугалланмаган қурилиш» счётида шаклланади. Яъни қурилишга барча харажатлар бошланғич ҳисоб ҳужжатлари асосида далил бўйича ҳисобга олинади. Иш ҳақини ҳисобга олиш учун қуйидагилар ана шундай ҳужжатлар бўлиши мумкин:
√ қурувчи ишчиларнинг иш вақтини ҳисобга олиш табели;
√ ишбай ишга топшириқ (наряд);
√ ишчиларнинг иш ҳақи ҳисоб-китоби, агар малака разрядлари бўйича қўлланадиган тариф ставкалари ва ҳақиқатда ишланган вақт миқдоридан келиб чиқиб уларнинг меҳнатига ҳақ тўланаётган бўлса.
Ирина АХМЕТОВА, «Norma Online» эксперти.