Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланиши, унинг ҳуқуқий кафолатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов, Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов тараққиётнинг ҳозирги босқичида бизнесни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш масалаларида шаклланган ёндашувларни қайтадан кўриб чиқиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилишнинг янги тизимини яратиш борасида Президентимиз ташаббуси билан чуқур ислоҳотлар амалга оширилаётгани ҳамда мазкур битим соҳани ривожлантиришда муҳим қадам бўлишини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 июндаги «Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ва «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори соҳани янада ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди.
Мазкур жараёнда қонунчилик, суд ва ижро этувчи ҳокимиятлар, шунингдек, банк-молия ташкилотлари ва бозор инфратузилмасининг бошқа субъектлари ҳамда нодавлат ташкилотлари ўртасида ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ўзлари сайланган ҳудудларда тадбиркорлик субъектлари билан бевосита мулоқотлар олиб бориб, уларни қийнаётган масалаларни ечиш бўйича амалий чора-тадбирларни кўриш билан бир қаторда қонунчиликни такомиллаштириш йўналишида фаолият олиб бормоқда.
Мазкур битим томонлар ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини ривожлантириш ҳамда хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилишга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
– Ҳамкорлик битимида хусусий мулкчиликни ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича эксперт гуруҳларини шакллантириш, Қонунчилик палатасида қабул қилинадиган қонун лойиҳаларининг ишланиши ва қабул қилиниши жараёнларига Савдо-саноат палатаси вакилларини жалб этиш, шунингдек, жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ҳамда қонун ҳужжатларини назорат-таҳлил тартибида ўрганишда палата вакиллари билан яқин ҳамкорликда фаолият олиб бориш кўзда тутилган, – дейди Савдо-саноат палатаси бўлим бошлиғи Бобур Ибодуллаев. – Айни дамда бу борадаги ишларни жадаллаштириш мақсадида ишчи гуруҳ ва экспертлар гуруҳи шакллантирилмоқда.
Битимга асосан тадбиркорлик соҳасига оид қонун лойиҳалари ишлаб чиқилишида қонун лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш бўйича хулосалар Савдо-саноат палатаси томонидан тақдим этиб борилиши белгиланган.
Тадбирда тадбиркорлар ҳуқуқларини таъминлаш ва хусусий мулкни ишончли ҳимоя қилиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.
ЎзА.