Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 41 / Ҳужжатли расмийлаштириш

Сметада ҳисобга олинмаган ишлар

 

Вазирлар Маҳкамасининг фармойишини ижро этиш учун объект қурилишини лойиҳалаш билан бирга қурилиш-монтаж ишларини бажардик. Лойиҳа институти лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқди, улар Тошкент шаҳар Давлат экспертиза бошқармасида текширувдан ўтказилди.

Барча ишлар якунлангач, биз ва буюртмачи номаълум сабабларга кўра смета ҳужжатларига киритилмаган, бироқ объектда ҳақиқатда бажарилган ишларнинг турлари ва ҳажмларини аниқладик.

Пудратчи ва буюртмачи лойиҳа-смета ҳужжатларига киритилмаган, ҳақиқатда бажарилган ишлар ҳажмларини экспертиза хулосасига кўра объектнинг умумий қиймати ҳисобига киритиб, бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) қиймати тўғрисида якуний маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришга ҳақлими?

Т.Юсупов.

 

– Марказлаштирилган манбалар ҳисобига маблағ билан таъминланадиган объектлар қурилишида шартномага ишлар ҳажмининг кўпайиши ёки лойиҳанинг ўзгартирилиши билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилишига йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно (Низомнинг ­12-банди, ВМнинг 12.09.2003 йилдаги ­395-сон қарорига 2-илова).

Маълумки, пудратчи қурилиш ва у билан боғлиқ бўлган ишларни ишнинг ҳажми, мазмуни ва уларга қўйиладиган бошқа талабларни белгилайдиган лойиҳа-смета ҳужжатларига (ЛСҲ) мувофиқ амалга ошириши шарт. Пудратчи қурилиш давомида ЛСҲда ҳисобга олинмаган ишларни ва шу муносабат билан қўшимча ишларни бажариш ва қурилишнинг смета қийматини ошириш зарурлигини аниқласа, бу тўғрида буюртмачига хабар бериши шарт.

Пудратчи буюртмачидан 10 кун ичида ўз хабарига жавоб олмаган тақдирда, агар қонунда ёки қурилиш пудрати шартномасида бунинг учун бошқа муддат назарда тутилган бўлмаса, тегишли ишларни тўхтатиб, бекор туриб қолиш натижасида кўрилган зарарни буюртмачининг зиммасига юклаши шарт. Агар буюртмачи қўшимча иш бажариш зарурати йўқлигини исботласа, бу зарарни қоплашдан озод этилади (ФКнинг 670-моддаси).

Агар техник ҳужжатларга ўзгартишлар киритиш туфайли бажарилиши керак бўладиган қўшимча ишлар қиймати жиҳатидан сметада кўрсатилган қурилиш умумий қийматининг 10%идан ошиб кетмаса ва қурилиш пудрати шартномасида назарда тутилган ишларнинг хусусиятини ўзгартирмаса, буюртмачи техник ҳужжатларга ўзгартишлар киритишга ҳақли. Техник ҳужжатларга 10%дан каттароқ ҳажмда ўзгартишлар киритиш тарафлар келишган қўшимча смета асосида амалга оширилади.

Агар ишнинг қиймати пудратчига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра сметадан камида 10% ошган бўлса, пудратчи сметани қайта кўриб чиқишни талаб қилишга ҳақли.

Пудратчи ЛСҲдаги камчиликларни аниқлаш ва йўқотиш билан боғлиқ оқилона харажатларни қоплашни талаб қилишга ҳақли (ФКнинг 671-моддаси).

Бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) тўғрисида маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани тўлдириш тартиби Объектлар қурилишида бирламчи ҳисоб шакли «Бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) тўғрисида маълумотнома-ҳисобварақ-фактура»ни тўлдириш бўйича кўрсатмаларда тушунтирилган (Қурилиш соҳасида ислоҳотларнинг амалга оширилиши ва фаолиятни лицензиялаш мониторинги бўйича Республика комиссиясининг 2.02.2009 йилдаги 1-сон баённомасига 2-илова).

 

Сабоҳат СУЛТОНОВА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1971 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика