Эндиликда фойдаланишда бўлган, хусусан, 1997 йилда ишлаб чиқарилган асбоб-ускуналарни эркин тарзда экспорт қилиш мумкинлиги ростми?
Тоҳир Ю.
– Президентнинг «Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (21.06.2017 йилдаги ПҚ-3077-сон) билан илгари фойдаланишда бўлган машиналар, асбоб-ускуналар ва механизмларни улар тайёрланган вақтдан бошлаб 5 йил ўтгандан кейин Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларисиз экспорт қилишга рухсат берилди.
Илгари Президентнинг «Экспорт-импорт операцияларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (11.03.2005 йилдаги ПҚ-26-сон) мувофиқ, истеъмолда бўлган машиналар, ускуналар ва механизмларнинг ТИФ ТН кодлари гуруҳлари бўйича экспорти, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари бўйича амалга оширилган, устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши бўлмаган юридик шахслар томонидан амалга ошириладиган экспорт, машиналар, асбоб-ускуналар ва механизмларнинг тўлиқ эскириши ҳамда уларнинг экспорт қилувчи корхона томонидан сотиб олинганига 5 йил тўлиши бундан мустасно.
Энди ПҚ-3077-сон қарорнинг 3-банди билан ушбу ҳужжатга тегишли ўзгартиришлар киритилди.
P.S. |
ВМнинг 17.08.2017 йилдаги 642-сон қарори билан Илгари ишлатилган машиналар, асбоб-ускуналар ва механизмларни экспорт қилишга рухсат бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Товарларни экспорт қилишга бундай рухсатнома Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарори бўйича экспорт қилинадиган истеъмолда бўлган машиналар, ускуналар ва механизмларнинг рўйхатига (Низомга 2-илова) мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодлари гуруҳлари бўйича берилади.
Бироқ Рўйхатда кўрсатилмаган товарларни экспорт қилишга рухсатнома талаб этилмайди.
Бундан ташқари, Низом талаблари тайёрланган кунидан бошлаб 5 йил ёки ундан кўп вақт ўтган, шунингдек илгари хорижий юридик шахслар томонидан бепул келтирилган, «Эркин муомалада бўлиши (импорт) учун ишлаб чиқарилган» божхона режимида расмийлаштирилган, илгари ишлатилган машиналар, асбоб-ускуналар ва механизмларга татбиқ этилмайди.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.