Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 37 / Экспертларнинг таклифлари

Солиқ ислоҳоти: муваффақиятга қандай эришиш мумкин?

 

ҚҲТБТ порталида Президентнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва бизнес юритиш шароитини яхшилаш чора-тадбирларига доир фармони лойиҳаси муҳокама қилинди. Ушбу материалда лойиҳадаги солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш юзасидан экспертларнинг шарҳлари ва таклифлари билан таништирамиз.

 

Фармон лойиҳасида 2 та таркибий қисмдан иборат солиқ соҳасидаги таклифлар берилган.

 

1. Тадбиркорлик субъектларини қуйидагиларга бўлиш:

якка тартибдаги тадбиркорлар;

ходимларининг ўртача йиллик сони 25 кишидан ошмайдиган микрофирмалар;

ходимларининг ўртача йиллик сони 26–250 кишидан иборат кичик корхоналар;

ходимларининг ўртача йиллик сони 251–500 кишидан иборат ўрта корхоналар;

ходимларининг ўртача йиллик сони 500 кишидан ортиқ йирик корхоналар.

 

2. Умумбелгиланган солиқларни тўловчи тадбиркорлик субъектлари учун ягона ялпи солиқни жорий этиш. Буни фойда, қўшилган қиймат, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган, сув ресурсларидан фойдаланганлик, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқлари ҳамда юридик шахслардан олинадиган ер солиғини бирлаштириш ҳисобига амалга ошириш таклиф этилмоқда. Бунда ягона солиқ (ягона ялпи солиқ) ставкаси ходимлар сонига қараб табақалаштирилади: кичик (микро-) корхоналар – 5%, ўрта корхоналар – 10% ва йирик корхоналар – 16%.

 

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига киритиш таклиф этилаётган ўзгартиришларни кўриб чиқамиз.

1. Корхонани тадбиркорликнинг у ёки бу тоифасига киритиш мақсадида нима учун фақат битта мезон – ходимларнинг сони олингани тушунарсиз. Экспертларнинг фикрича, корхонани муайян бизнес тоифасига киритиш учун қўшимча мезон жорий этиш зарур. Кўпгина мамлакатларда соддалаштирилган тизимни қўллаш чоғида бир вақтнинг ўзида бир нечта мезон: ходимларнинг сони, корхонанинг асосий фондлари қиймати, маҳсулотни реализация қилишдан тушум ва бошқалар ҳисобга олинади. Нима учун шундай қилинади:

● тармоқларнинг хусусиятларини ҳисобга олиш зарур (масалан, хизматлар соҳасида йирик корхоналар бўлиши мумкин эмас, саноатда эса – аксинча);

● кўп миқдорда асосий фондларни талаб этадиган ишлаб чиқаришлар мавжуд, асосий воситалари деярли мавжуд бўлмаган корхоналар ҳам бор (масалан, воситачилик ташкилотлари);

● бир хил корхоналарнинг оборотлари сезиларли фарқланиши мумкин (масалан, битта улгуржи корхонада йиллик оборот 300 млн сўмдан ошмаслиги, бошқа улгуржи корхонада эса – бир неча млрд сўмни ташкил этиши мумкин)

Яъни лойиҳада таклиф этилаётган принцип, бир томондан, ҳамма бир қолипга солинишига олиб келиши мумкин. Бошқа томондан – корхоналар илгари бўлганидек солиқларни камайтириш ниятида ходимлар сонини яшира бошлайдилар. Йирик корхоналар ҳам кичикроқ корхоналарга ажралиб, асосий воситаларни кичик корхоналар балансида «беркита» бошлайдилар ва ҳ.к.

Ходимларнинг чекланган сони – 25–250, 250–500, 500 ва ундан ортиқни ташкил этувчи аниқ рақамлар ҳам асослашни талаб қилади.

2. Фармон лойиҳасида қайд этилишича, кичик тадбиркорлик субъектлари билан йирик корхоналар ўртасидаги солиқ юки кескин фарқланиши боис амалдаги солиқ солиш тизими кичик корхоналар фаолияти кенгайтирилиши ва уларнинг йириклаштирилишини рағбатлантирмайди, солиқ имтиёзларини беришда танлаб ёндашиш хорижий инвестициялар ва замонавий технологиялар жалб этилишини чеклайди.

Бироқ таклиф этилаётган ўзгартиришлар ушбу муаммони ҳал қилмайди. Йирик корхоналар учун 16%лик ставкада ягона ялпи солиқ жорий этилмоқда, бу кичик корхоналар учун ЯСТ ставкасидан 3 баравардан ҳам кўп.

3. Ўрта ва йирик корхоналар учун амалдаги солиқ солиш тизимининг бекор қилиниши ҳамда ягона ялпи солиқнинг жорий этилиши молия тизимида салбий акс этиши мумкин. Фақат эволюцион, пухта ишланган ва таҳлилий ҳисоб-китобларга асосланган чора-тадбирлар солиқ тизимимизни яхшилаши мумкин. Бунинг сабаби қуйидагича.

● Амалдаги солиқ тизими 90-йиллар бошида шаклланган, унинг асосий қонун-қоидалари халқаро тизимга мувофиқ келади. Дунёдаги кўпгина мамлакатларда фойда солиғи, ҚҚС, мол-мулк солиғи, ер солиғи, ЖШДС ўз ўрнини топиб, қўлланиб келмоқда. Ушбу 5 та солиқ исталган солиқ тизимининг асоси саналади, шу жумладан бизда ҳам. Барча корхоналар учун мазкур солиқларнинг, ЖШДСдан ташқари, бекор қилиниши ва ягона ялпи солиқ жорий этилиши солиқ тизимимиз халқаро тизимга номувофиқ бўлишига олиб келиши мумкин. 

● Ишлаб чиқишдаги камчилик ва хатоларига қарамай, солиқ тизимимиз узоқ ва эволюцион даврни босиб ўтди. ҚҚС 25 йил ичида 30%дан 20%гача, фойда солиғи – 45%дан 9%гача, ЖШДСнинг юқори ставкаси 45%дан 23%гача пасайди. Кўп сонли фискал ушланмалар бекор қилинди. 2000 йил бошидан буён солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимлари: ягона солиқ тўлови, ягона ер солиғи, ягона ижтимоий тўлов жорий этилди. Яъни хатоларга қарамай, солиқ тизими муайян эволюцион ҳаракатни давом эттирди.

● Иқтисодиётимизнинг халқаро иқтисодиёт ва, тегишинча, халқаро солиқ тизими билан алоқаси анча мустаҳкам. Ўзаро ҳисоб-китоб қилиш, инвестицияларни жалб этиш, маҳсулотларни экспорт қилишда фойда, мол-мулк солиқлари, ҚҚС сингари солиқлар албатта қўлланишини талаб этувчи халқаро солиқ солиш шартлари қўлланилади. Чунончи, республикамиз билан 60 дан ортиқ мамлакат ўртасида иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги битимлар амал қилади. Улар асосида фойда ва мол-мулк солиқлари ётади. Айрим мамлакатлар билан билвосита солиқларни (ҚҚС ва акциз) қўллашга доир битимлар тузилган. Шу тариқа, барча корхоналар учун ягона ялпи солиқ жорий этилганда иқтисодий масалалар бўйича муайян халқаро позицияларимизни йўқотишимиз мумкин.

● ҚҚС, тушумдан жамғармаларга ажратмалар сингари, ягона ялпи солиқ оборот солиғи ҳисобланади. Яъни битта оборот солиғи ўрнига бошқаси жорий этилади. Ягона оборот солиғи ҚҚС бўлиши керак. Бу хом ашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган занжирнинг ҳар бир бўғинида ишловчи поғонали солиқдир. Иқтисодий жараённинг барча иштирокчилари ҚҚС тўласалар, у самарали ишлайди. Ўзбекистонда корхоналар умумий сонининг 4–5%идан ортиқ бўлмаган қисми ҚҚС тўловчиси ҳисобланади. Улар асосан йирик ва ўрта хўжалик юритувчи субъектлардир. Қишлоқ хўжалиги ва савдо сингари соҳалар эса қонун ҳужжатлари билан ҚҚСдан озод қилинган. Яъни республика солиқ тизимида ҚҚС солиш занжири узилган. Тегишинча, бу солиқ бутун дунёда ишлаганидек ишламайди. У оддий оборот солиғи ҳисобланади.

Эҳтимол, бир вақтнинг ўзида солиқни ҳисоблаш ва тўлаш таомилини соддалаштириб, унинг ставкасини ҳам камайтириб, барча тадбиркорлар учун ҚҚСни жорий этиш масаласини кўриб чиққанимиз маъқулдир.

● Айрим соҳаларда ва корхоналарда Солиқ кодексига зид келувчи (ижобий аҳамиятга эга бўлишига қарамай) қонуности низомлар ва йўриқномалар амал қилади. Масалан, «Ўзбекнефтгаз» МХК тизимида маблағларнинг ҳаракати ва солиқ солиш тизими, ЯСТ ва ЯИТнинг энг кам миқдорлари жорий этилиши ва ҳ.к.

Айрим тадбиркорларга рақобатда афзаллик берувчи кўп сонли солиқ имтиёзларининг қўлланиши солиқ тизимига жуда панд беради. Бунда улар Солиқ кодексига зид равишда қонуности ҳужжатлар билан жорий этилади.

Корхоналарнинг турли хайрия тадбирларига мажбурий «хайрия ажратмалари» яна бир муаммодир. Солиқ солинадиган базани турли жамғармалар, муассасалар ва ташкилотларга бадаллар, ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўринишидаги маблағлар суммасига камайтирувчи (бироқ 2%дан кўп эмас) фойда солиғи бўйича чекловлар белгиланганига қарамай, бу тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этмайди. Бунинг устига, олувчиларда ушбу «хайрия ажратмалари» келгуси ҳаракатланиши деярли назорат қилинмайди.

● Солиқ тизимига киритиш таклиф этилаётган жиддий ўзгартиришлар республика бюджетидаги йўқотишларга ва, тегишинча, муайян дастурлар ёпилишига олиб келиши мумкин. Корхоналардаги ҳисоб ходимлари малакаси етишмаслиги туфайли бошланғич босқичда адашишлари мумкин, уларни қайта тайёрлашга эса вақт кетади.

4. Жаҳон банки гуруҳи «Бизнес юритиш» («Doing Business») лойиҳаси доирасида дунёнинг барча мамлакатларида ҳар йили тадқиқотлар ўтказади. Мамлакатда солиқ солиш соҳасида ўтказилаётган ислоҳотларга қарамай, вазият тубдан яхшиланмаяпти – республикамиз 190 мамлакат ичида 138-позицияни эгаллаб турибди. Тадқиқот маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2016 йилда, бир томондан, кичик бизнес камроқ солиқ тўлай бошлади. Бу ягона солиқ тўлови, ягона ижтимоий тўлов ставкалари ва фойда солиғи ставкаси пасайтирилиши, айрим солиқларни ҳисоблаш ва тўлашнинг соддалаштирилиши, бюджетга кўп тушум келтирмаган мажбурий тўловлардан воз кечиш натижасидир. Бошқа томондан, солиқларни ҳисоблаш мураккаб, кўп вақт талаб қилади. Такрорловчи ёки бир хил базага эга солиқлар мавжуд. Электрон ҳисобот тақдим этиш ва солиқларни тўлаш тизими етарлича ривожланмаган. Солиқ тўловчилар учун сервис марказлари ривожланмаган.

Шу тариқа, солиқ тизимининг бир лаҳзада жиддий ўзгартирилиши ўзини оқламайди ва самара бермайди. Унинг самарадорлигини ошириш учун таклиф этилаётган схема бўйича масалаларни босқичма-босқич ҳал этган маъқул.

 

1-БОСҚИЧ – 2017 йил охиригача

Такрорловчи солиқларни бирлаштириш:

барча тўловчилар учун ягона ставкали фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини;

тушумдан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмаларни (кейинги босқичларда секин-аста ушбу оборот солиғини бекор қилиш).

√ Савдо билан шуғулланувчи барча корхоналар – улгуржи, улгуржи-чакана, чакана корхоналар учун товар оборотининг 4%и миқдорида ЯСТнинг ягона ставкасини жорий этиш.

√ Тўловлар сонини камайтириш мақсадида қуйидагиларни тўлаш муддатларини йилига 12 мартадан 4 мартагача қисқартириш, яъни чораклик тўловга ўтиш:

барча компаниялар учун (у кичик ёки йирик корхона бўлишидан қатъи назар) мол-мулк солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни;

қатъий белгиланган солиқни;

ягона ижтимоий тўловни;

тушумдан мажбурий жамғармаларга мажбурий ажратмаларни;

фойда солиғи бўйича аванс (жорий) тўловларини бекор қилиш ва ягона чораклик тўловни жорий этиш.

√ Фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови бўйича тўлов манбаида тўлаш тизимини соддалаштириш ниятида қайта кўриб чиқиш.

Кичик корхоналар учун Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига йўналтириладиган чиқиндилар бўйича ажратмалар сонини йилига 4 мартадан 1 мартага қисқартириш.

√ Ўзбекистонда 2013 йилдан электрон ҳисобот жорий этилган. Бироқ («Бизнес юритиш» тадқиқоти маълумотларига кўра) жойларда шу пайтгача солиқларни тўлашга доир маълумотлар баъзан қоғозда такроран қайд этилади. Ҳисоботларни топшириш ва солиқларни тўлашда қоғоз ҳисоботлардан фойдаланишни қонун йўли билан тақиқлаш таклиф этилади. Бунда электрон ҳисобот бўйича ўқув ва тушунтириш ишларини кучайтириш муҳим.

Барча (шу жумладан кичик) корхоналар учун хайрия ажратмаларининг чекланган миқдорини соф тушумдан 0,5% этиб белгилаш. Ушбу шарт бузилганда корхоналарнинг раҳбарлари ва бош бухгалтерларига нисбатан маъмурий жарималарни қўллаш. Хайрия ажратмаларини олувчи ва улардан фойдаланувчи ташкилотлар учун махсус статистика ва солиқ ҳисоботини жорий этиш. Солиқ органлари ва Молия вазирлигининг Давлат молия назорати бош бошқармаси зиммасига хайрия ажратмаларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш вазифасини юклаш.

Амалдаги солиқ имтиёзларини инвентаризациядан ўтказиш. 2018 йил 1 январдан бошлаб қўлланилаётган имтиёзларнинг самарасизларини бекор қилиш. 2019 йил 1 январдан бошлаб қолган имтиёзларнинг амал қилишини тўхтатиш. Янги солиқ имтиёзларини жорий этишга 5 йиллик мораторий белгилаш.

Ҳисоботларни инвентаризациядан ўтказиш ва такрорловчи ҳисоботларни чиқариб ташлаш. Молиявий ва статистика ҳисоботлари шаклларини мувофиқлаштириш.

 

2-БОСҚИЧ – 2018 йил охиригача

√ Йил давомида ташкил этилган махсус комиссиялар томонидан амалдаги солиқ тизимини ёппасига таҳлилдан ўтказиб, унинг турли вариантларини ишлаб чиқиш ҳамда республикамиздаги айрим корхоналар ва туманларда синовдан ўтказиш.

√ Бир вақтнинг ўзида киритиладиган ўзгартиришлар, шунингдек амалдаги барча қонуности ҳужжатларни ўз ичига олувчи Солиқ кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқишни бошлаш. Кодекснинг янги таҳрири тадбиркорлар тушуна олиши учун иложи борича содда ва жўн шаклда бўлишини назарда тутиш.

Ҳисоб ходимлари ва тадбиркорларни солиқ соҳасида тайёрлаш ва тестдан ўтказиш ишларини кенгайтириш ва яхшилашга доир комплекс чора-тадбирларни тайёрлаш ва амалга ошириш.

 

3-БОСҚИЧ – 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб

√ Солиқ кодексининг янги таҳририни жорий этиш.

 

Жорилла АБДУЛЛАЕВ,

иқтисодий шарҳловчи.

Прочитано: 1414 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика