Юридик шахслар ўртасидаги қарз ҳисобига кўчмас мулк берилишини нотариус орқали расмийлаштириш керакми?
Г.Павлова.
– Сизнинг ҳолатда воз кечиш ҳақини бериш тўғрисида келишув тузилади, бунда пуллик мажбуриятни бажариш ўрнига кўчмас мулк бериш тўғрисида келишув тузиш йўли билан тарафларнинг мажбуриятлари бекор қилинади (ФКнинг 342-моддаси).
Қуйидаги ҳолларда битимларни нотариал тасдиқлаш шарт:
1) қонунда кўрсатилган ҳолларда;
2) тарафлардан бирининг талаби бўйича (ФКнинг 110-моддаси 2-қисми).
ФКнинг 342-моддасида воз кечиш ҳақини бериш тўғрисидаги келишув учун нотариал шакл назарда тутилмаган. Бу ҳолда қонун ҳужжатларининг бошқа нормаларини ўхшашлик бўйича қўллаш нотўғри бўлади, сабаби бу юридик шахсларнинг ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилашларини чеклайди (ФКнинг 5-моддаси 3-қисми).
Бироқ асосий келишув нотариал шаклда тузилган бўлса, воз кечиш ҳақини бериш тўғрисидаги келишув ҳам шундай шаклда тузилиши керак (ФКнинг 384-моддаси).
Шу тариқа, тарафлардан бири буни талаб қилмаётган ва асосий келишув нотариус томонидан тасдиқланмаган бўлса, воз кечиш ҳақини бериш тўғрисидаги келишувни нотариал тасдиқлаш керак эмас.
Эркин Ҳосилов, «Norma Online» эксперти.