Корхонамиз ковак шиша буюмлар ишлаб чиқаради (ИФУТ коди – 23130). Маҳаллий вино-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва яқин хориждаги ҳамкорлар маҳсулотимиз харидорлари саналади. Экспортга етказиб бериладиган маҳсулот 7010 90 410 0, 7010 90 430 0 ТИФ ТН кодларига эга. Мижозларимиз ковак шиша бутилка комплектида бошқа корхонада тайёрланадиган қалпоқча ва картондан ясалган ўров қутисини сотиб олмоқчилар.
Қутилар ва қалпоқчаларни валютага сотиш учун харид қилишимиз мумкинми? Агар мумкин бўлса, қандай рухсатнома тусидаги ҳужжатлар керак бўлади?
А.Шайхиддинова.
– Ҳа, агар улгуржи савдога лицензиянгиз бўлса, бошқа корхонадан харид қилинган товарларни сотишингиз мумкин.
Улгуржи савдо деганда тижорат мақсадларида ёки ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланиш учун ҳисоб-китобларнинг нақдинасиз шаклида харид қилинадиган товарларни сотиш тушунилади (ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2-банди). Улгуржи савдога лицензия олган тақдирда улгуржи савдо билан шуғулланишингиз мумкин (Низомнинг 3-банди).
Лицензия олиш учун корхона рўйхатдан ўтказилган жойдаги ҳокимликка мурожаат қилиш ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш зарур:
1) юридик шахснинг барча реквизитлари кўрсатилган ҳолда лицензия бериш тўғрисида ариза;
2) юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;
3) ЭКИҲнинг камида 3 500 баравари миқдорида устав фонди шакллантирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг, шу жумладан ЭКИҲнинг камида 1 200 баравари миқдорида пул маблағлари киритилганлигини тасдиқловчи банк ҳужжатининг нусхаси;
4) лицензия бериш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим1 тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (ВМнинг 5.11.2005 йилдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 10-банди).
Шуни қайд этиб ўтамизки, юқорида кўрсатилган миқдорда шакллантирилган устав фондининг мавжудлиги – улгуржи савдога лицензия олиш ва ушбу фаолиятни амалга ошириш учун қонун ҳужжатларидаги асосий талаблардан бири.
Улгуржи савдога лицензия олиб, зарур товарларни харид қилишингиз2 ва уларни хорижий ҳамкорларга сотишингиз мумкин. Бунинг учун норезидент юридик шахс билан товарларни экспорт қилишга контракт тузишингиз зарур. Товарларнинг ЎзР божхона ҳудудидан уларни қайта олиб кириш тўғрисидаги мажбуриятни олмасдан олиб чиқиб кетилиши товарлар экспортидир («Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддаси). Юридик шахслар экспортдан тушган валюта тушумини олишга ҳақли эканликлари сабабли товарни чет эл валютасига сотиш ҳуқуқига эгасиз («Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 14, 16-моддалари).
Сабоҳат Султонова, «Norma Online» эксперти.
1Йиғим суммаси ЭКИҲнинг 50%ини ташкил этади.
2Олди-сотди ёки етказиб бериш шартномаси бўйича.