Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 25-26 / Ҳужжатли расмийлаштириш

Қайта ишлашга берилган қурилиш материаллари ҳисоби

 

Капитал қурилиш саноатида, коммунал, транспорт соҳасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари доирасида товарлар, ишлар ва хизматларни харид қилиш бўйича идоралараро тендер комиссиясининг 2016 йил 25 ноябрдаги қарори асосида корхонамиз бош пудратчи сифатида кўп квартирали арзон уйларни фойдаланишга тайёр қилиб қуриш ва реконструкция қилиш ишларини олиб бормоқда. Бунинг учун марказлаштирилган тартибда қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналар сотиб олинмоқда. Қурилиш-монтаж ишлари қисман ёрдамчи пудратчиларни жалб этган ҳолда бажарилмоқда, бош пудратчи корхонамиз ишларни бажариш учун уларга материалларни беради. Бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) тўғрисидаги маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани тўлдиришга доир кўрсатмаларнинг 7-бандига мувофиқ, берилаётган материаллар ресурс смета нормаларида ҳисобга олинган ҳамда мулк ҳуқуқини берган ҳолда ёрдамчи пудратчининг омбор ва бухгалтерия ҳисобига кирим қилинган бўлиши керак.

1. Бош пудратчи ёрдамчи пудратчига берган қурилиш материалларини ёрдамчи пудратчининг Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурасида ва бош пудратчининг Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботида акс эттириш тартиби қандай?

2. Бундай беришга давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар солиш тартиби қандай?

А.Штурбабин, МЧЖ директори.

 

 

1

Умумий қоидага кўра қурилишни материаллар билан таъминлаш мажбурияти пудратчининг зиммасига юкланади. Бироқ пудрат шартномасида бутун қурилишни ёки унинг муайян қисмини моддий таъминлаш буюртмачи томонидан амалга оширилиши назарда тутилган бўлиши мумкин (ФКнинг 672-моддаси). Бу «бош пудратчи–ёрдамчи пудратчи» муносабатларига ҳам татбиқ этилади. Қурилишни материаллар билан таъминлашнинг ана шундай тартибини ёрдамчи пудрат шартномасида назарда тутиш зарур. Бунда бош пудратчи берадиган материалларга доир мулк ҳуқуқи тўғрисидаги шартни ҳам қайд этиб ўтиш мақсадга мувофиқ.

Ҳақиқатан ҳам, агар ёрдамчи пудратчи бош пудратчининг материалларидан фойдаланса, улар лойиҳа-смета ҳужжатларида ҳисобга олиниши ва ёрдамчи пудратчининг ҳисобига кирим қилиниши керак (Кўрсатмаларнинг 7-банди, Республика комиссиясининг 2.02.2009 йилдаги 1-сон баённомасига 2-илова). Бунда ушбу материаллар қиймати пудратчининг бошқа харажатларини қўшиб ёзган ҳолда бажарилган ишлар ҳажмларига киритилади. «Бажарилган ишлар жами» сатридан кейин эса маблағларнинг қайтарилиши – бош пудратчи берган, бошқа харажатлар қўшиб ёзилмаган материаллар қиймати кўрсатилади. Бироқ бунда бош пудратчи берадиган материалларга доир мулк ҳуқуқи тақдим этилиши ҳақида сўз бормайди. Бунинг устига, тўланадиган суммани ҳисоб-китоб қилиш чоғида материаллар қийматининг қайтарилиши ушбу материалларга доир мулк ҳуқуқи бош пудратчида қолишини англатади.

МИСОЛ. Умумбелгиланган солиқларни тўловчи ёрдамчи пудратчи қурилиш учун материалларни ёрдамчи пудрат шартномасига кўра қисман бош пудратчидан олади. У Бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) тўғрисидаги маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш чоғида бажарилган ишлар қийматига киритадиган харажатлар қуйидагилардир:

ёрдамчи пудратчининг ўзи сотиб олган қурилиш материаллари – 22 400 минг сўм;

бош пудратчидан олинган қурилиш материаллари – 30 800 минг сўм;

ижтимоий суғуртага ажратмалар ҳисобга олинган иш ҳақи – 40 860 минг сўм;

машина ва механизмлардан фойдаланиш – 3 870 минг сўм.

Бажарилган ишлар қиймати ҚҚСсиз қуйидагича ҳисобланади (пудратчининг бошқа харажатлари 22% даражасида эканлигини ҳисобга олган ҳолда):

(22 400 + 30 800 + 40 860 + 3 870) х 1,22 = 97 930 минг сўм.

ҚҚС суммаси бош пудратчининг материаллари қийматини қўшмаган ҳолда бажарилган ишлар қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси):

(97 930 – 30 800) х 20% = 13 426 минг сўм.

Бош пудратчи ёрдамчи пудратчига тўлайдиган сумма:

97 930 – 30 800 + 13 426 = 80 556 минг сўмга тенг бўлади.

Бош пудратчи материалларни бераётганда уларнинг қийматини балансдан ҳисобдан чиқармайди, балки 1070-«Четга қайта ишлаш учун берилган материаллар» счётида ҳисобга олади:

Дт 1070-«Четга қайта ишлаш учун берилган материаллар»

Кт 1050-«Қурилиш материаллари».

Ёрдамчи пудратчи Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани тақдим этаётганда унда маблағларнинг қайтарилиши тарзида кўрсатилган бош пудратчининг материаллари қиймати қуйидаги проводка билан ҳисобдан чиқарилади:

Дт 2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

Кт 1070-«Четга қайта ишлаш учун берилган материаллар».

Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда (2-сон шакл) (АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган) «Маҳсулотларни (товарларни, ишларни ва хизматларни) сотишдан соф тушум» 10-сатрида маҳсулот, товарлар, ишлар ва хизматларни сотишдан олинган тушум кўрсатилади.

Ушбу сатр асосий (операцион) фаолиятдан даромадларни ҳисобга олувчи счётлар (9000) маълумотлари бўйича тўлдирилади (АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган Қоидаларнинг 97-банди). Яъни бош пудратчидан ёрдамчи пудратчига материалларни беришнинг ўзи 2-сон шаклнинг 010-сатрида кўрсатилмайди, сабаби уни бухгалтерия ҳисобида акс эттираётганда ­9000-гуруҳ счётлари қўлланмаган. Бироқ материаллар (бош пудратчининг ўзи ишлатган ва ёрдамчи пудратчига берилган) ишлар таннархининг таркибий қисми ҳисобланганлиги сабабли ­(2-сон шаклнинг 020-сатри), тегишинча, улар буюртмачи тасдиқлаган ишларнинг умумий ҳажмига киритилади, у 2-сон шаклнинг 010-сатрида акс эттирилади.

 

2

Қурилиш, қурилиш-монтаж, таъмирлаш-қурилиш ташкилотлари учун ўз кучи билан бажарилган ишлари қиймати ҚҚСни чегирган ҳолда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни ҳисоб-китоб қилишда солиқ солинадиган база ҳисобланади.

Пудрат шартномасида пудратчи буюртмачининг материалларидан ишларни бажариши назарда тутилиши мумкин. Ушбу материалларга доир мулк ҳуқуқи буюртмачида сақланганда солиқ солинадиган тушум бажарилган ва тасдиқланган ишлар қиймати сифатида аниқланади, унга буюртмачининг материаллари қиймати қўшилмайди (Солиқ кодексининг 313-моддаси 2-қисми ­2-банди, 317-моддаси 2-қисми ­2-банди, ­325-2-моддаси 2-қисми 2-банди).

Яъни ёрдамчи пудратчи учун бош пудратчи берган материаллар қиймати мажбурий ажратмаларни ҳисоб-китоб қилишда солиқ солинадиган базага киритилмайди. Бош пудратчи эса ўз кучи билан бажарган ўз ишлари ҳажмига ва ёрдамчи пудратчига берилган материаллар қийматига мажбурий ажратмаларни солади.

 

МИСОЛ. Умумбелгиланган солиқларни тўловчи бош пудратчи ёрдамчи пудрат шартномаси шартларига кўра ёрдамчи пудратчини материаллар билан қисман таъминлайди. Ёрдамчи пудратчи тақдим этган Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурада акс эттирилган кўрсаткичлар қуйидагича:

бажарилган ишлар жами – 97 930 минг сўм;

материаллар қиймати қайтарилди – 30 800 минг сўм;

ҚҚС 20% – 13 426 минг сўм;

ёрдамчи пудратчига тўлашга – 80 556 минг сўм (97 930 – 30 800 + 13 426).

Бош пудратчи 120 864 минг сўмлик ишларни ўз кучи билан бажарди, шу жумладан ҚҚС – 20 144 минг сўм.

Бош пудратчи 131 520 минг сўмга (120 864 – 20 144 + 30 800) мажбурий ажратмаларни солади.

 

Ирина АХМЕТОВА, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1903 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика