Корхонамиз ўз эҳтиёжлари учун хом ашё сотиб олиш мақсадида чет эллик ҳамкоридан валютада (АҚШ долларида) фоизсиз ссуда олмоқчи.
Чет эллик ҳамкордан чет эл валютасида фоизсиз қарз олинганда солиқ оқибатлари қандай бўлади?
К.Тўйчиев,
ҚК менежери.
– Солиқ солиш мақсадида фоизларни тўлаш мажбуриятисиз заём (қайтариб бериш шарти билан молиявий ёрдам) олинаётганда қарз олувчининг даромадларини аниқлаш тартибига киритилган аниқлаштириш 2017 йил 1 январдан кучга кирди. У заёмни (қайтариб бериш шарти билан молиявий ёрдамни) олиш санасидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.
МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан паст бўлган ставкада фоизлар тўлаш шарти билан берилган заёмлар бўйича ҳам даромад худди шундай аниқланади (27.12.2016 йилдаги ЎРҚ-417-сон Қонун таҳриридаги Солиқ кодексининг 135-моддаси 4-қисми).
Бироқ ушбу тартиб кредит ташкилотлари томонидан берилган кредитларга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига биноан, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан берилган заёмларга (ссудаларга) нисбатан татбиқ этилмайди (ЎРҚ-417-сон Қонун таҳриридаги Солиқ кодексининг 135-моддаси 5-қисми).
Шу сабабли норезидентдан заём олинаётганда солиқ оқибатлари юзага келмайди.
Лилия ХИСМАТОВА,
«Norma Online» эксперти.