Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 25-26 / Ҳисоб ва ҳисобланмалар

Ташкилот акциялар сотиб олади

 

Ташкилот (МЧЖ) турли акциядорлик компанияларининг акцияларига эга. Ҳисоб сиёсатида узоқ муддатли активлар харид нархи бўйича ҳисобга олиниши кўрсатилган. Акция сотиб олганда балансда (0610-счётда) харид нархи бўйича акс эттирамиз. Бироқ 2016 йил апрелда «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасига ўзгартириш киритилгунга қадар депозитарий хатига кўра акциялар номинали ошганда 06-счётни оширардик ва, тегишинча, ушбу суммани даромадга киритардик.

2016 йилдан бошлаб акциядорлар ўртасида тақсимлаш учун акцияларнинг қўшимча пакетини чиқариш йўли билан соф фойда ҳисобига АК устав фонди оширилди.

1. АК фойдасини тақсимлаш ҳисобига номинал қийматнинг ошиши молиявий фаолият бўйича даромадларга киритилишини ҳисобга олиш тартиби ҳисоб сиёсатига зид келмайдими, ахир унда акциялар харид нархи бўйича ҳисобга олиниши қайд этилган?

2. Хатти-ҳаракатларимизни узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш деб номлаш мумкинми?

3. Балансдаги акциялар суммаси оширилиши ёки камайтирилиши бўйича ўзгартиришни (усулнинг 12-сон БҲМСга мувофиқ белгиланишини) ҳисоб сиёсатига киритиш зарурми?

4. Харид қилинган акциялар бўйича харажатлар (номиналдан қимматроқ харид қилдик, у бир неча йилдан буён ўзгармаяпти) балансдаги қийматини жорий номиналга тенглаштириш учун депозитарий хатига кўра инвестиция даромади ҳисобига қопланиши мумкинми?

5. 12-сон БҲМСдан ташқари, корхона балансида бошқа АКларнинг акциялари ҳисоби юритилишига доир бирон-бир йўриқнома ва низомлар мавжудми?

Б.Шоназаров, юрист.

 

1

Йўқ, зид келмайди.

Сотиб олиш чоғида акцияларни харид қиймати бўйича ҳисобга олгансиз. Бунда фойдани тақсимлаш (фойдани капиталлаштириш) ҳисобига акциялар қийматининг оширилиши корхона ҳисобида акс эттирилиши керак.

27.12.2016 йилдаги ЎРҚ-417-сон Қонун билан Солиқ кодексининг 22-моддасига ўзгартиришлар киритилгунга қадар акциялар номинал қийматининг ошиши дивиденд даромади деб эътироф этилган.

Бинобарин, қарор қабул қилиш ва акциялар номинал қийматини келгусида ошириш чоғида қуйидаги проводкалар қилинадиган ҳисоб услубиятини тўғри деб санаш мумкин:

Дебет 4840-«Олинадиган дивидендлар»

Кредит 9520-«Дивидендлар кўринишидаги даромадлар» – акциядорлар умумий йиғилиши қарор қабул қилган санада;

Дебет 0610-«Қимматли қоғозлар»

Кредит 4840-«Олинадиган дивидендлар» – акциялар номинал қиймати ўзгариши рўйхатдан ўтказилган санада.

 

2

Йўқ, акциялар қийматини уларнинг номинал қийматига етказиш қайта баҳолаш деб ҳисобланмайди.

Инвестициялар қийматини уларнинг бозор қийматига етказиш мақсадида инвестициялар қайта баҳоланади, бунинг учун инвестицияларни ҳисобга олишнинг мазкур усули ҳисоб сиёсатида белгиланган бўлиши шарт.

 

3

Узоқ муддатли активлар сифатида таснифланган инвестициялар қуйидаги 3 та усулдан бири воситасида бухгалтерия балансида ҳисобга олинади (АВ томонидан 16.01.1999 йилда 596-сон билан рўйхатдан ўтказилган 12-сон БҲМСнинг 15-банди):

1) харид қиймати бўйича;

2) қайта баҳолашни ҳисобга олган қиймат бўйича;

3) харид қиймати ва бозор қийматининг умумий инвестициялар усули бўйича аниқланган энг кам баҳоси бўйича.

Ҳисоб сиёсатида ҳисобга олиш усули қайд этилган бўлиши керак. Агар қўллаётган ҳисобга олиш усулини ўзгартиришга қарор қилсангиз, ушбу ҳолат ҳам йил бошидан ҳисоб сиёсатида акс этиши шарт.

 

4

Йўқ, бухгалтерия ҳисобидаги бундай операция амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган.

Харид қилиш чоғида узоқ муддатли инвестициялар харид қиймати бўйича ҳисобга олинади. Бироқ корхона томонидан харид қилинган акциялар, облигациялар ва шу каби бошқа қимматли қоғозларнинг харид қиймати уларнинг номинал қийматидан юқори бўлса, у ҳолда харид қилинган вақтдан то қоплаш вақтигача бўлган даврда харид қиймати ва номинал қиймат ўртасидаги фарқ қисми ҳисобдан чиқарилади. Бунда 9690-«Молиявий фаолият бўйича бошқа харажатлар» счётининг дебети ва 0610-«Қимматли қоғозлар» счётининг кредити бўйича ёзувлар амалга оширилади (Йўриқноманинг 59-банди, 21-сон БҲМСга 2-илова, АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

Агар корхона томонидан харид қилинган облигациялар ва шу каби бошқа қимматли қоғозларнинг харид қиймати уларнинг номинал қийматидан паст бўлса, у ҳолда харид қилинган вақтдан то қоплаш вақтигача бўлган даврда харид қиймати ва номинал қиймати ўртасидаги фарқ қисми қўшимча ҳисобланади. Бунда 0610-«Қимматли қоғозлар» счётининг дебети ва 9590-«Молиявий фаолиятнинг бошқа даромадлари» счётининг кредити бўйича ёзувлар амалга оширилади.

Юқорида кўрсатилган ҳар иккала ҳолатда ҳам қимматли қоғозларни қоплаш муддати келганда 0610-счётда ҳисобга олинган баҳо номинал қийматга тўғри келиши лозим.

Одатда, акцияларни қоплаш даври мавжуд эмаслигига қарамай, бухгалтерия ҳисоби бўйича амалдаги қонун ҳужжатларида қимматли қоғозларнинг харид қийматини уларнинг номинал қийматига етказиш тақозо этилади.

Шу тариқа, сотиб олиш чоғида узоқ муддатли қимматли қоғозлар харид қиймати бўйича ҳисобга олинади. Бироқ келгусида уларнинг қиймати молиявий фаолият бўйича бошқа даромадлар (харажатлар) счётлари билан корреспонденцияда номинал қийматга етказилади. Дивиденд даромади ҳам 9520-«Дивидендлар кўринишидаги даромадлар» счётида ҳисобга олиниши керак. 9690 ва 9520-счётларда суммаларни ҳисобга олишга йўл қўйилмайди.

 

5

Инвестициялар ҳисоби қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади:

► 12-сон БҲМС «Молиявий инвестицияларни ҳисобга олиш» (АВ томонидан 16.01.1999 йилда 596-сон билан рўйхатдан ўтказилган);

► 21-сон БҲМС «Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлари режаси ва уни қўллаш бўйича Йўриқнома» (АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

 

Лилия ХИСМАТОВА, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2106 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика