Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 25-26 / Акс-садо

Талқинлар тўқнашуви

 

Акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқарувчи кичик корхонанинг ЯСТни тўлаган ҳолда солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўллаш имконияти тўғрисида газетамизда чоп этилган «Соддалаштирилган тизимдагилар акциз тўлаши зарурми?» мақоласи («СБХ»нинг 11.04.2017 йилдаги 15-сони) ижтимоий тармоқлардаги профессионал гуруҳларнинг кўплаб эҳтиросли мулоҳазаларига сабабчи бўлди. Солиқ кодексининг 350-моддасини талқин қилиш борасида баҳсли ҳолат юзага келди.

 

Солиқ кодекси айрим соҳалардаги корхоналарнинг, ишловчилар сонидан қатъи назар, солиқ солиш тизимини танлаш ҳуқуқини чеклайди.

Чунончи, Солиқ кодексининг 350-моддаси ­2-қисмида кўрсатилишича, «Ягона солиқ тўлови акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқаришни ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни қазиб олишни амалга оширувчи микрофирмалар ва кичик корхоналарга татбиқ этилмайди...».

Ҳуқуқни қўллаш амалиётида ушбу чеклов қуйидаги фаолиятни амалга оширувчи корхоналарга нисбатан татбиқ этилади:

► акциз солиғи тўланадиган маҳсулот (спирт, заргарлик безаклари, сигареталар ва акциз солиғи тўланадиган бошқа товарлар) ишлаб чиқариш;

► ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни (мармар ушоғи, асбест, асл металлар ва бошқа фойдали қазилмалар) қазиб олиш;

► бир вақтнинг ўзида акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқариш ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни (табиий газ) қазиб олиш.

Бунда Солиқ кодексининг 350-моддаси 2-қисми формулировкасида ушбу соҳаларни кўрсатишда «ва» боғловчисидан фойдаланилади.

Бундан қуйидаги маъно келиб чиқадими:

1) ЯСТни тўлаган ҳолда солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўллаш бўйича ушбу қонуний чекловга мувофиқ келиш учун бир вақтнинг ўзида иккита шарт мавжуд бўлиши: акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқариш ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш зарурми?

2) акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқарувчи, бироқ фойдали қазилмаларни қазиб олмайдиган кичик корхоналар ЯСТ тўлашга ҳақлими?

3) фойдали қазилмаларни қазиб олувчи, бироқ акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқармайдиган кичик корхоналар ЯСТ тўлашга ҳақлими?

 

Экспертларимиз тушунтириш беришни сўраб солиқчиларга мурожаат қилдилар ва Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармасидан жавоб олдилар.

 

Унга кўра, Солиқ кодексининг ­350-моддаси 1-қисми 1, 2-бандлари ҳамда 2-қисми 2-хатбошисидан келиб чиқилса:

акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқарувчи микрофирмалар ва кичик корхоналарга ЯСТ татбиқ этилмайди;

ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни қазиб олувчи микрофирмалар ва кичик корхоналарга, бундан махсус печлардан фойдаланган ҳолда энергия тежайдиган замонавий технологиялар асосида пишиқ ғишт ишлаб чиқарувчи микрофирмалар ва кичик корхоналар мустасно, ЯСТ татбиқ этилмайди.

 

 

Юристнинг фикри

 

БИР ХИЛДА ТУШУНМАЙ ТУРИБ, ҲУҚУҚИЙ ЖИҲАТДАН ТЎҒРИ ҚЎЛЛАБ БЎЛМАЙДИ

 

Тадбиркорлик фаолиятини муваффақиятли юритишнинг энг муҳим шартларидан бири қонун ҳужжатларини билиш ва тўғри қўллашдир. Маълумки, қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди. Қонун ҳужжатлари нормаларини нотўғри талқин қилишда ҳам худди шундай ҳолат мавжуд.

 

Солиқ кодексининг 350-моддасини талқин қилишда низо юзага келганлиги сабабли қонун ҳужжатлари нормалари конструкцияларидаги «ва» боғловчисининг ўрни ва аҳамиятини Солиқ кодекси мисолида кўриб чиқамиз.

Солиқ кодексининг 350-моддаси 2-қисми 1-бандида айтилишича: «Ягона солиқ тўлови қуйидаги микрофирмалар ва кичик корхоналарга татбиқ этилмайди: акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқаришни ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни қазиб олишни амалга оширувчи...». Шу ўринда савол юзага келади: бир вақтнинг ўзида иккита шарт мавжуд бўлиши зарурми? Ёки улар санаб ўтилган бўлиб, қуйидагилар ЯСТни тўлашдан озод қилинадими:

► акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқарувчи, бироқ фойдали қазилмаларни қазиб олмайдиган микрофирмалар ва кичик корхоналар;

► фойдали қазилмаларни қазиб олувчи, бироқ акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқармайдиган ташкилотлар?

Бирлаштирувчи «ва» боғловчисидан фойдаланганда кам деганда гапнинг иккита бўлаги, мураккаб гапнинг иккита қисми ёки матнда алоҳида гаплар бўлиши зарур. Бошқа ҳолларда «ва» боғловчиси фақат санаб ўтиш мақсадида гапнинг уюшиқ бўлакларини боғлаши мумкин.

Солиқ кодекси нормаларининг қуйидаги конструкцияларида «ва» боғловчиси санаб ўтишни кўрсатади:

Солиқ кодексининг 293-моддаси: «Йил мобайнида ер участкаси майдони ўзгарганда ва имтиёзларга бўлган ҳуқуқлар вужудга келганида (бекор қилинганда) давлат солиқ хизмати органлари мазкур ўзгаришлардан кейин бир ой ичида ер солиғини қайта ҳисоб-китоб қилишлари... керак». Мазкур ҳолда ер солиғини қайта ҳисоб-китоб қилиш учун имтиёзларга бўлган ҳуқуқлар вужудга келиши ёки бекор қилиниши ер участкаси майдони ҳам ўзгаришини талаб этмаслиги аён;

Солиқ кодексининг 329-моддаси: «Умумий юрисдикция судларида давлат божини тўлашдан қуйидагилар озод қилинади: 1) даъвогарлар – иш ҳақини ундириб олиш тўғрисидаги даъволар ва меҳнат ҳуқуқлари муносабатларидан келиб чиқадиган бошқа талаблар юзасидан». Бунда ҳам давлат божини тўлашдан озод бўлиш учун иш ҳақини ундириб олиш тўғрисидаги даъво билан бир қаторда меҳнат ҳуқуқи муносабатларидан келиб чиқадиган бошқа талабларга эга бўлиш шарт эмаслиги аён;

Солиқ кодексининг 345-моддаси: «Йиғим жорий қилинган товарлар савдосини ва хизматлар кўрсатишни белгиланган тартибда амалга ошираётган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғим тўловчилардир». Ушбу норма юзасидан ҳам саволлар юзага келмайди, сабаби ё юридик шахс, ёхуд якка тартибдаги тадбиркор йиғим тўловчиси ҳисобланиши мумкин.

Шу билан бирга Солиқ кодексининг 139-моддаси 1-қисмида «ва» боғловчиси бир йўла иккита шартга мувофиқ келиш зарурлигини кўрсатиши ҳеч кимда шубҳа туғдирмайди: «Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар деганда фаолияти солиқ тўловчининг асосий фаолиятига хизмат кўрсатишга қаратилган ва мазкур солиқ тўловчининг мақсади бўлган товарлар ишлаб чиқариш, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаган хўжаликлар тушунилади».

Солиқ кодексининг 342-моддаси 1-қисми 7-бандида ҳам «ҳамда» боғловчисидан фойдаланилади, у ҳам иккита шартнинг мажбурийлигини тақозо этади: «Давлат божи қуйидаги ҳолларда тўлиқ ёки қисман қайтарилиши керак: ...7) даъвогар низони судга қадар ҳал этиш (претензия билдириш) тартибига риоя этмаганида, агар бу ҳол қонунда ушбу тоифадаги низолар учун ёки тарафларнинг шартномасида назарда тутилган ҳамда бундай ҳал этиш имконияти бой берилган бўлса». Нормани қўллашдан олдин даъвогар низони судга қадар ҳал этиш тартибига риоя этмаганига, агар бу ҳол қонунда ёки шартномада назарда тутилган ва бундай ҳал этиш имконияти бой берилганига ишонч ҳосил қилиш зарур. Фақат иккала шартга риоя этилганда кўрсатилган нормани қўллаш мумкин.

Фарқи нимада, қандай қилиб ажратиб олиш мумкин? Ҳаммаси боғловчининг функциясига боғлиқ. Боғловчиларнинг роли синтактик алоқалар: тенг ва эргаштирувчи алоқаларни ифодалашдан иборат.

Эргаштирувчи алоқа – бир-бирига тобе бўлган тенгсиз компонентлар алоқаси. Тенг алоқа эса элементларнинг тенг ҳуқуқли муносабатларини ифодалайди.

Солиқ кодексининг 350-моддаси ­2-қисми 1-бандига келсак, ушбу конструкцияда бош гапда бир хил аҳамиятга эга бўлган иккита уюшиқ эргаш гап бор. «Ва» бирлаштирувчи боғловчисидан ташқари, улар битта умумий иккинчи даражали бўлак – амалга оширувчи билан боғланган. Айни шу мазкур норма бир хилда талқин қилинмаслигига олиб келади, ўшани баъзилар унда кўрсатилган иккита шартга бир йўла мувофиқ келиш мажбурий деб талқин қиладилар. Аслида Тошкент шаҳар ДСБнинг жавоби бунинг аксини тасдиқлади.

Шуни қайд этиш лозимки, Солиқ кодексида келтирилган гап конструкцияси қонун ижодкорлиги техникаси позициясидан қараганда нотўғридир. Бундай ҳолларда бирлаштирувчи «ва» боғловчисини эмас, балки «ёки», «ёхуд» айирувчи боғловчисини қўллаш ўринли. Кодексни ишлаб чиқувчилар лозим бўлган боғловчидан фойдаланганларида аввалбошдан турлича талқин қилишнинг олди олинган бўлар эди.

Солиқ кодексининг 350-моддаси ­2-қисми 1-банди матни таркибини, масалан, қуйидаги тарзда ўзгартириб, уни бартараф этиш мумкин:

«Ягона солиқ тўлови қуйидаги микрофирмалар ва кичик корхоналарга татбиқ этилмайди:

акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқарувчи;

ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни қазиб олувчи, бундан махсус печлардан фойдаланган ҳолда энергия тежайдиган замонавий технологиялар асосида пишиқ ғишт ишлаб чиқарувчи микрофирмалар ва кичик корхоналар мустасно; ...».

Солиқ тўловчилар ҳам келгусида хато фикрдан сақланишларини истардик: ҳуқуқий норма матнида «ва» боғловчиси учраса, уни ўта кенг талқин қилиш ноўрин. Мураккаб гапнинг қисмлари муносабатини диққат билан кузатиб, «ва» боғловчисининг ролини аниқ белгилаш зарур. Ёки тушунтириш сўраб ваколатли органга мурожаат қилиш даркор.

 

Алибек ХУДОЙБЕРГАНОВ,

юрист.

Прочитано: 1644 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика