Ташкилотимиз аҳолига тиббий хизматлар кўрсатади (диагностика маркази). Марказнинг тушуми барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод қилинган (1.04.2017 йилдаги ПҚ-2863-сон).
Бюджет кодексига мувофиқ (36-модда), давлат мақсадли жамғармаларидан бири Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тўғрисидаги низомда унинг даромадлари шаклланиши манбалари белгиланган, мажбурий тўловлар ва бадаллар: белгиланган миқдорлардаги ягона ижтимоий тўлов тушумлари улар сирасига киради (10-банд).
Тиббий ташкилот Президентнинг ПҚ-2863-сон қарорига мувофиқ ЯИТ тўлаш бўйича имтиёзни қўллашга ҳақлими?
Ш.Ҳусанов,
МЧЖ раҳбари.
– Аҳолига пуллик хизматлар кўрсатадиган (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) тиббиёт муассасаларига тақдим этилган имтиёз ЯИТга татбиқ этилмайди.
Ҳақиқатан ҳам, хусусий тиббиёт муассасалари барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилган (1.04.2017 йилдаги ПҚ-2863-сон). Имтиёз мажбурий ажратмаларга тақдим этилган, ЯИТ эса – мажбурий тўлов. У давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларга кирмайди. Шу сабабли кўрсатилган имтиёз унга татбиқ этилмайди (Солиқ кодексининг 23-моддаси).
Қуйидаги жамғармаларга:
● бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига;
● Республика йўл жамғармасига;
● бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига ажратмалар мажбурий ҳисобланади.
Санаб ўтилган барча мажбурий ажратмалар учун солиқ солиш объекти ва солиқ солиш базаси соф тушум ҳисобланади.
Сизнинг диагностика марказингиз йирик корхона ҳисобланса, Президентнинг ПҚ-2863-сон қарорига мувофиқ ушбу ажратмаларни тўламайди. Агар марказ кичик корхона саналса, Солиқ кодексига мувофиқ мажбурий ажратмалар тўловчиси ҳисобланмайди.
Дарина АБУХОВИЧ, «Norma Online» эксперти.