Ўриндошлик асосида ишловчи ва ЖШДСни энг юқори ставкада ушлаб қолишни сўраб ариза ёзган ходим доимий яшаш жойидаги ДСИга декларация топширди. ДСИ ходими ортиқча ушлаб қолинган ЖШДСни унинг онасига тегишли турар жой бўйича мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш ҳисобига ҳисобга олиб бўлмаслигини айтди. ДСИ ходими ҳақлими?
Ортиқча тўланган ЖШДСни турар жой эгаси бўлган яқин қариндоши учун мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш ҳисобига ҳисобга олиш мумкинми?
А.Эргашев,
бухгалтер.
– Йўқ, мумкин эмас. Ортиқча тўланган солиқ суммаси бошқа солиқ тўловчининг солиқ қарзини узиш ҳисобига ҳисобга олиниши мумкин эмас (Солиқ кодексининг 56-моддаси 7-қисми).
Мулкида солиқ солинадиган мол-мулки бўлган жисмоний шахслар жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тўловчиларидир (Солиқ кодексининг 272-моддаси). Сизнинг ҳолатда ходимнинг онаси мол-мулк солиғи тўловчисидир.
Бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар ҳамда ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар Низомга (ВМнинг 7.01.2014 йилдаги 1-сон қарорига 1-илова) мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари амалга оширадилар.
Улар ўзлари жойлашган ердаги солиқ органларига тегишли ҳудудда жойлашган кўчмас мулк ва унинг мулкдорлари (эгалари) тўғрисида мазкур мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан 10 кун ичида маълум қилиши шарт (Солиқ кодексининг 84-моддаси).
Ушбу маълумотлар асосида ДСИда Солиқ тўловчи – жисмоний шахснинг солиқларини ҳисобга қўйиш варақаси тўлдирилади, унда кўрсатилган маълумотлар эса Жисмоний шахсларнинг солиқ мажбуриятларини ҳисобга олиш дастурий мажмуасига киритилади (АВ томонидан 10.07.2014 йилда 2600-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).
Шу тариқа, мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш мажбурияти ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларда кўрсатилган турар жой эгаси (ходимнинг онаси) зиммасига юклатилади. Ўз турар жойига эга бўлмаган ходим ва унинг онаси турли СТИРга эга ва алоҳида солиқ тўловчилар саналади. Шу сабабли солиқ ходими тўғри хатти-ҳаракат қилган.
Ходим жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни ихтиёрий тақдим этгандан кейин солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ортиқча тўланган суммаларини қайтариб олиш ҳуқуқига эга (Солиқ кодексининг 31-моддаси). Бунинг учун солиқ ҳисобига олинган жойдаги ДСИга ЖШДС бўйича ортиқча тўлов суммасини қайтариш ҳақида ёзма ариза тақдим этиши керак.
Агар солиқ тўловчи бошқа турдаги солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича қарзга эга бўлса, ушбу қарзни узиш ҳисобига ҳисобга олингандан кейингина ортиқча тўланган солиқлар суммалари унинг банкдаги счётига пул маблағларини ўтказиш ёки пластик картасига қайд этиш йўли билан қайтарилади (Солиқ кодексининг 56-моддаси).
Ортиқча тўланган солиқ суммаларини қайтариш солиқ органи қайтариш учун солиқ тўловчининг ёзма аризаси асосида хулоса тақдим этган тақдирда, у топширилган санадан эътиборан 30 иш куни ичида тегишли молия органлари томонидан амалга оширилади (Солиқ кодексининг 57-моддаси).
Анжелика НАМ,
«Norma Online» эксперти.