Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 13 / Назорат

Солиқ органлари назорат харидини амалга оширадилар

 

Давлат солиқ қўмитаси Давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлик субъектларида нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлов шаклига қараб нархларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш, назорат-касса машиналарини, ҳисоб-китоб терминалларини ишлатиш, шунингдек ўрнатилган тартибда талон ва чеклар бериш, нақд тушумни ўз вақтида ва тўла ҳажмда инкассация қилиш масалалари юзасидан текширувлар ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқди (ҳужжат Савдо-саноат палатасининг chamber.uz сайтида эълон қилинган).

 

Лойиҳада белгиланишича, ушбу текширув ҳаракатлари 1 иш кунидан ортиқ давом этмаслиги керак бўлган қисқа муддатли солиқ текшируви мақомига эга. Агар қисқа муддатли текширув фақат юқорида кўрсатилган масалаларга дахлдор бўлса, уни ўтказиш учун Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг махсус рухсатномаси талаб этилмайди. Бундай текширувда бошқа масалалар бўйича ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Биринчи навбатда савдо комплекслари ҳудудида чакана савдо қилаётган ёхуд хизматлар кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари солиқ органларининг доимий назорати остида бўладилар.

ДСҚ тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказилишига олиб келувчи қуйидаги мезонларни таклиф этди:

● қонун ҳужжатлари бузилиши далиллари бўйича жисмоний ва юридик шахслардан солиқ органларига келиб тушаётган мурожаатлар (Президентнинг Виртуал қабулхонаси, ЯИДХП, Бош прокуратура ва солиқ органларининг ишонч телефонлари ва бошқалар орқали);

● чакана савдо ёки хизматлар кўрсатиш билан шуғулланадиган ҳамда тўлов терминаллари ёки назорат-касса машиналарини ўрнатмаган ёхуд тижорат банкида ҳисоб-китоб рақамини очмаган субъектлар ҳақида солиқ органларига келиб тушган (шу жумладан ташқи манбалар асосида) ёхуд бевосита солиқ органлари ходимлари томонидан аниқланган маълумотлар;

● нақд пул тушумини кам миқдорда топширадиган ёхуд умуман топширмайдиган субъектлар ҳақида банк муассасалари, инкассация хизмати, шунингдек ҳудудий пул-кредит комиссияларининг маълумотлари.

Текширув унинг мақсадлари, муддатлари ва текширувчи шахслар таркиби кўрсатилган солиқ органининг буйруғи асосида ўтказилади. Орган раҳбари ёки унинг ўринбосари текширув дастурини ҳам тасдиқлайди.

Солиқ органининг мансабдор шахси текширув якунлангунга қадар:

● солиқ тўловчини солиқ текшируви мақсадлари билан таништириши;

● ўз гувоҳномасини, шунингдек текширишлар ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномани кўрсатиши;

● қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда текширишларни рўйхатга олиш дафтарини тўлдириши;

● тегишли солиқ текшируви тайинланганлиги ҳақидаги буйруқ нусхасини, шунингдек текширув ўтказиш дастури нусхасини солиқ тўловчига тилхат олиб тақдим этиши шарт.

Солиқ тўловчига ушбу ҳужжатлар тақдим этилган пайтдан бошлаб солиқ текшируви бошланган деб ҳисобланади. Солиқ тўловчининг ҳужжатларни қабул қилишдан бош тортиши текширувни бекор қилиш учун асос бўлмайди. Солиқ тўловчи ҳужжатларни олишни рад этганда бу ҳақда далолатнома тузилиб, уни мансабдор шахс ва солиқ тўловчи имзолайди. Агар далолатномани имзолашдан ҳам бош тортса – бу далолатномада қайд этилади. Бундай ҳолда далолатнома имзоланган вақт текширув бошланган пайт ҳисобланади.

Текширув назорат харидидан бошланади. Унда харидор сифатида ҳар қандай вояга етган шахс қатнашиши мумкин.

Бунда нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлов шаклига қараб нархларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш ҳоллари айни назорат хариди воситасида аниқланади.

Нақд пул тушуми тўлиқ ҳажмда инкассация қилинаётганлиги назорат-касса машинасининг кундалик «X, Z» ва даврий ўсиб борувчи ҳисоботларини олиб қўйиш ва уларни аввал босилган чекларнинг фискал хотираси билан, фискал хотира кўрсаткичларини эса – касса дафтаридаги ёзувлар билан солиштириш воситасида аниқланади.

Тўлов терминали мавжудлигини ва алоқа тизими узлуксиз ишлаётганини аниқлашда муаммоли вазиятлар юзага келганда хизмат кўрсатувчи тижорат банки мутахассисларига бир соат ичида хабар берилади ва зарур ҳолларда уларнинг текширувларда қатнашиши таъминланади. Тадбиркорлик субъекти буюртма (мурожаат, ариза) берган пайтдан бошлаб 10 кун ичида банклар тўлов терминалини ҳисобга қўймаганликлари ҳолатлари юзасидан солиқ органлари арзнома тақдим этадилар.

Текширув якунларига кўра далолатнома тузилади.

Назорат йўсинидаги хатти-ҳаракатларни амалга оширишда қатнашган ва (ёки) ҳозир бўлган барча шахслар далолатномани ўқиб чиқадилар. Улар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришга ҳақли, бу мулоҳазалар далолатномада қайд этилиши ёки солиқ текшируви материалларига қўшиб қўйилиши лозим.

 

Самир ЛАТИПОВ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1682 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика