Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 13 / Назорат

Назорат «таътили»

 

Солиқ мажбуриятларини виждонан бажараётган тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширишга мораторий амал қиладими?

Газетхон.

 

Ҳа, бундай мораторий амал қилади.

Илгари молия-хўжалик фаолиятини солиқ соҳасида текширишни тақиқлаш 1.04.2011 йилдан то 1.01.2014 йилгача бўлган давр учун белгиланган ва фақат солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётган, шунингдек ишлаб чиқариш суръатларининг барқарор ўсиши ва рентабеллигини таъминлаётган кичик тадбиркорлик субъектларига тааллуқли бўлган (4.04.2011 йилдаги ПФ-4296-сон Фармоннинг 1-банди 3-хатбошиси*). Кейинчалик ушбу мораторий муддати 1.01.2017 йилгача узайтирилган эди (7.04.2014 йилдаги ПФ-4609-сон Фармонга 3-илованинг 4-банди).

2017 йил 1 январдан бошлаб сизни қизиқтираётган мораторийни назарда тутувчи 29.12.2016 йилдаги ЎРҚ-418-сон Қонун кучга кирди. Энди тадбиркорлик субъектларининг фаолияти фақат солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар молия йили мобайнида мунтазам равишда тўланмаган тақдирда, режали солиқ текширувидан ўтказилади. Бошқача айтганда, солиқ мажбуриятларини виждонан бажараётган субъектларнинг молия-хўжалик фаолияти режали тартибда текширилмайди.

Янги нормада нафақат кичик, балки барча тадбиркорлик субъектлари ҳақида сўз бормоқда.

Қуйидаги қонун ҳужжатлари кўрсатилган норма билан тўлдирилди:

  • Солиқ кодекси (90-моддаси 5-қисми);
  • «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонун (30-моддаси 5-қисми);
  • «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонун (10-1-моддаси 5-қисми);
  • «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун (39-моддаси 5-қисми);
  • «Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонун (25-моддаси 4-қисми);
  • «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонун (27-моддасининг 3-қисми);
  • «Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун (20-моддаси 2-қисми).

Бундан ташқари, агар тадбиркорлик субъектлари қонун ҳужжатларига хилоф иш юритмаётган ва тугатилмаётган бўлсалар, уларнинг фаолияти, қонун моҳиятига кўра (Солиқ кодексининг 86-моддаси 3-қисми), режадан ташқари текширувдан ҳам ўтказилмайди.

Бироқ тадбиркорлик субъекти томонидан қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида тафтиш ўтказилади, бу унинг фаолияти режадан ташқари текширувдан ўтказилишини англатади. Бунда тафтиш фақат қўзғатилган жиноят иши билан боғлиқ фаолиятни қамраб олади (Солиқ кодексининг 86-моддаси 3-қисми; ЖПКнинг 187-1-моддаси 2-қисми). Тадбиркорлик субъектлари қонун ҳужжатларига хилоф иш қилмасалар, уларнинг фаолиятини режадан ташқари текширишга йўл қўйилмаслиги ушбу норма мазмунидан ҳам аён бўлади.

 

Камол МУЗАФФАРОВ,

«Norma Online» етакчи эксперти.

 


*Гарчи унда айни режали текширишлар ҳақида тўғридан-тўғри сўз юритилмаса ҳам, бироқ унинг мазмунидан шу келиб чиқади.

Прочитано: 1535 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика