Бизнинг МЧЖ компания директори фойдаланиши учун хизмат енгил автомобилини тақдим этди. Автомобиль ишдан ташқари вақтда тўхташ жойида сақланиши учун у жавобгар бўлади. МЖТКнинг 125-моддасига мувофиқ, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга қарашли транспорт воситаларини ишдан ташқари вақтда улардан фойдаланиш шартларига мувофиқ келадиган тарзда махсус жиҳозланмаган жойда сақлаш фуқароларга энг кам иш ҳақининг 1 баравари, мансабдор шахсларга эса – 2 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
1. Директор ишдан ташқари вақтда компаниямизга қарашли бўлмаган тўхташ жойида автомобилни сақлашига МЖТК 125-моддасининг амал қилиши татбиқ этиладими?
2. Ишдан ташқари вақтда хизмат автомобилини сақлаш учун чет ташкилот билан шартнома тузиш зарурми?
3. Бу модда фақат махсус транспортга, масалан, автобуслар, юк машиналари, тез ёрдам машиналарига ва ҳ.к. тааллуқлими?
О.Назаров.
1 |
Хизмат автомобилини ишдан ташқари вақтда улардан автотранспорт тўхташ жойи учун назарда тутилмаган жойларда сақлаш фуқароларга ЭКИҲнинг 1 баравари, мансабдор шахсларга эса – 2 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 125-моддаси 7-қисми).
Шу сабабли хизмат автомобили ташкилотингизга қарашли бўлмаган автотўхташ жойига қўйилган бўлса ҳам, маъмурий ҳуқуқбузарлик таркиби мавжуд эмас. Автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш учун мўлжалланган бино, иншоот (бино, иншоотнинг бир қисми) ёки махсус очиқ майдон автомобиллар тўхташ жойи деб эътироф этилади (ВМнинг 31.07.2013 йилдаги 213-сон қарори билан тасдиқланган Низом).
2 |
Қонун ҳужжатларида хизмат енгил автомобилларини ишдан ташқари вақтда аниқ белгиланган жойда сақлаш, тегишинча, сақлаш шартномаларини тузиш мажбурияти қўйилмаган.
Бироқ юридик шахсга қарашли автотранспорт воситасининг қайд этиш гувоҳномасида унинг эгаси номи, манзили ва қўшимча равишда транспорт воситаси турадиган жой кўрсатилади (Қоидаларнинг II бўлими 4-банди, ВМнинг 26.05.1997 йилдаги 256-сон қарорига 1-илова). Амалиётда бу масала корхонанинг локал ҳужжатларида (йўриқномаларида, низомларида) тилга олинади.
Шу тариқа, ҳуқуқий тартибга солиш соҳасида қонун ижодкори ҳал этиши лозим бўлган камчилик борлигини айтиш мумкин.
Шу билан бирга, хизмат автомобилини ишдан ташқари вақтда бошқа ташкилотнинг автотўхташ жойида сақлаганда у билан тегишли шартнома тузиш зарур.
3 |
МЖТКнинг 125-моддасида кўрсатилган транспорт воситалари дейилганда барча турдаги автомобиллар (шу жумладан енгил) ва тракторлар, бошқа хил ўзиюрар машиналар, трамвай ва троллейбуслар, шунингдек мотоцикллар ва бошқа механик транспорт воситаларини тушунмоқ керак (МЖТКнинг 125-моддаси 8-қисми).
Самир Латипов,
«Norma Online» эксперти.