Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 07 / Минтақавий ҳамкорлик

Транспорт ва логистика: бугун ва истиқболда

 

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги транспорт йўлаклари (коридорлари) қанчалик самарали ишлаяпти? Минтақа ҳудуди бўйлаб транзит юкларнинг ўтиш йўлларида қандай тўсиқлар мавжуд? Товарларни олиб ўтаётганда логистикани ташкил этишга қандай омиллар таъсир кўрсатади? Ушбу саволларга жавоблар яқинда Алматида бўлиб ўтган минтақавий анжуманда изланди. Анжуманни АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ташкил этишди. Марказий Осиёда транзит йўлаклари иши ва транзитни такомиллаштириш учун давлат ва хусусий секторларнинг ҳаракатлар режаси анжуман ишининг якунларидан бири бўлди.

 

Бугунги вазият ва Марказий Осиёнинг транспорт йўлаклари бўйича трансчегаравий транзитнинг долзарб муаммоларини муҳокама қилишда давлат органлари, хусусий сектордаги ҳамкорлар, миллий темир йўл, транспорт ва логистика компаниялари, халқаро ташкилотларнинг 70 дан ортиқ вакили иштирок этди. Муҳокама минтақа ичида ва бошқа мамлакатлар билан савдо ҳажмларини оширишдан манфаатдорликка асосланди. USAID/Марказий Осиёнинг иқтисодий ривожланиш бўлими директори Эндрю Сигарснинг фикрича, транспорт йўлакларини яхшилаш янада чуқурроқ минтақавий интеграцияга, янада мустаҳкамроқ иқтисодий ва савдо алоқаларига ҳамда жаҳон бозорларига чиқишни яхшилашга имкон беради.

Бугунги кунда минтақада транспорт секторининг ЯИМ таркибидаги улуши 5%дан 15%гача боради. Бироқ у сезиларли миқдорда ошиши мумкин. Аввало ҳаракатларни самарали мувофиқлаштириш ҳисобига.

Шу сабабли Марказий Осиё давлатлари ҳамкорликни ривожлантиришга ва транспорт секторини ривожлантириш бўйича биргаликдаги ташаббусларни муҳокама қилишга борган сари кўпроқ қизиқиш билдиряптилар.

 

Ўзбекистон Транспорт ҳамкорлиги кўзгусида

Энг муҳим миллий ресурслардан бири – мамлакатимиз транспорт коммуникациялари орқали халқаро ва минтақавий транзитни амалга ошириш Ўзбекистонни ривожлантиришнинг стратегик йўналишларида назарда тутилади. Мамлакатимизнинг юклар ва йўловчиларни барча йўналишларда энг қисқа йўл билан ташиш имконини берувчи географик ўрнини ҳисобга олганда, республикамиз минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларда геосиёсий кўприк ролини ўйнаши объектив ҳолдир. «Интеллектуал транспорт тизимлари – Марказий Осиё» МЧЖ бош директорининг ўринбосари Абдулла ҲОШИМОВ бу ҳақда ўз тақдимотида гапирди. У Транспорт ҳамкорлиги (ТҲ) доирасида республикамизда қилинган ишларнинг шарҳи билан таништирди.

А.Ҳошимов анжуман иштирокчиларига жорий йилнинг 1 январидан мамлакатимизда давлат органларининг қабулхоналари очилганини маълум қилди, уларга чегарадаги ўтказиш пунктларида назоратчиларнинг ноқонуний фаолияти, узоқ муддатли ва асоссиз ушлаб туришлар, қўшимча ҳужжатларни талаб қилиб олиш ва бошқа масалалар бўйича онлайн тарзда мурожаат қилиш мумкин бўлади. Транспорт-логистика соҳаси вакилларининг ТҲ доирасида халқаро юк ташишларнинг меъёрий ва ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича лойиҳалари ўрганиш ҳамда ечимлар топиш учун ҳокимият ва бошқарув органлари томонидан қабул қилинган.

Ўзбекистонда ва қўшни мамлакатларда ўзаро манфаатли савдонинг катта салоҳияти мавжуд. Минтақанинг барча мамлакатларида саноат, энергетика, транспорт объектлари ва йўллар қуриш бўйича йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширил­япти. Марказий Осиё мамлакатлари ЯИМда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улушининг ўсиши кузатиляпти. Улар минтақанинг яхлит транзит қувватини янада ўстириш бобида якдиллар.

 

Қозоғистон. 2016 йилда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида савдони янада ривожлантириш бўйича бир қатор битимлар имзоланди. Ҳам мамлакат ичида, ҳам халқаро миқёсда юкларни етказиб бериш муддатларини қисқартириш учун Жанубий Қозоғистон вилояти ҳудудида автотранзит очиш тўғрисида қарор қабул қилинди. 2020 йилга қадар икки тарафлама иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг «Йўл харитаси» ишлаб чиқиляпти.

 

Транспорт соҳасининг муҳим масалалари

Минтақа мамлакатлари ўртасида йўловчи ва юк оқимларини мақбуллаштириш сезиларли даражада минтақанинг транспорт инфратузилмаси қанчалик жадал ривожланишига боғлиқ. Бу ўринда эса ҳал қилинмаган масалалар кўп. Мультимодал ташишлар, логистика, божхона, экспедиторлик ва бошқа хизмат даражасининг пастлиги кўзга ташланади. Контейнерда ташишларнинг улуши ривожланган мамлакатлардагига қараганда анча паст. Бу қисман «харажатлар + фойда» формуласи бўйича индексацияланадиган юқори транспорт тарифлари билан изоҳланади. Тариф сиёсати кичик ва ўрта компаниялар – юк жўнатувчилар ва юк экспортчиларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилмаган. Минтақа темир йўлларининг самарадорлиги паст.

 

Қирғизистон. Қирғизистоннинг ташқи савдо оборотида Ўзбекистоннинг улуши – 2,8%. Мамлакатларимиз ўртасида савдони янада ривожлантириш тўғрисида битимга эришилган. Ўзбекистон–Қирғизистон–ХХР темир йўли қурилишида Ўзбекистон иштирок этишга тайёрлигини билдирди. 2016 йил августида янги Ангрен–Қамчиқ–Поп темир йўл участкаси фойдаланишга топширилди, унда йилига 10 млн тоннагача юк ташиш кутилмоқда.

 

Ҳуқуқий жиҳатлар

Умуман олганда Марказий Осиё мамлакатларида ер усти транспорти бобида мустаҳкам қонунчилик базаси шаклланган. Юкларнинг халқаро автомобиль ташувлари (ХАТ)ни тартибга соладиган кўплаб қонуности ҳужжатлари, турли ривожланиш давлат дастурлари қабул қилинди. Бироқ барча мамлакатлар учун юк оқимларини бошқариш механизмига нисбатан қонун ҳужжатлари билан етарлича тартибга солмаслик, аниқ талабларнинг мавжуд эмаслиги хос.

Чунончи, ХАТ тўғрисидаги икки тарафлама ҳукуматлараро битимлар доирасида айрим икки мамлакат ўртасида ташишлар учун турли ҳуқуқий режимлар белгиланган. Улар фақат муайян назорат-ўтказиш пунктларидан ўтиш, етказиб бериш йўналиши ва транзит эркинлигини чеклаш (транзитга рухсатномалар бериш, улар сонини чеклаш таомиллари ва ҳ.к. оқибатида), ташишларни квоталаш (савдо тўсиғи/ЖСТ талаби), келишиш ва рухсатномалар бериш бюрократик таомиллари (шахсан ҳозир бўлиш ва ҳужжатлар ҳажми)ни назарда тутади.

Тожикистон ХАТ уюшмаси вакили Лариса Кислякова унинг мамлакати билан Ўзбекистон ўртасида умуман битимнинг йўқлигига ­эътибор қаратди. Шунингдек, унинг айтишича, умуман олганда мамлакатлар ўртасидаги мавжуд «рухсатномасиз» битимларда учинчи мамлакатларга ва улардан ташиш масалалари тилга олинмаган. Улар ташишларнинг самарадорлигини оширишга эмас, балки сиёсий иқлимни яхшилашга йўналтирилган. Бирданига бир нечта икки тарафлама битимларнинг мавжудлиги эса уларнинг меъёрий-ҳуқуқий талабларига риоя этиш тартибини жиддий равишда мураккаблаштиради.

Транспорт соҳасидаги халқаро битимлар ва конвенциялар тизимига келсак, бунда Марказий Осиё мамлакатларининг бу ҳужжатлардаги иштироки турлича даражадалиги тўсқинлик қилмоқда. У бошқа минтақалар билан таққослаганда жуда паст (20 тадан кам). Битим ва конвенцияларнинг катта қисми амал қилмайди, уларнинг нормалари қўлланмайди (ушбу халқаро ҳужжатларни амалга ошириш механизмлари охиригача ишланмаган).

Темир йўлда ташишларни тартибга солиш соҳасида Марказий Осиё мамлакатлари Халқаро темир йўлда юк ташиш тўғрисидаги битим (ХТЮТБ) асосида фаолият юритадилар. Бироқ бунда ҳам бир қатор заиф жиҳатлар бор: ялпи транспорт юкхати жуда кам ишлатилади ва «эшикдан-эшиккача» хизматлари етарлича ривожланмаган (мисол учун, Ляньюньган посёлкаси–Достиқ бекати–Тошкент шаҳри йўналиши бўйича 3 та юкхат талаб қилинади), интермодал хизмат кўрсатиш мавжуд эмас. Хизмат кўрсатиш ва расмийлаштириш қоидалари уйғунлаштирилмаган, бунинг оқибатида кўп вақт туриб қолиняпти. Юк жўнатувчилар билан темир йўлда юк ташувчилар ўртасидаги муносабатлар, шунингдек техник таъминлаш масалалари (йўналиш таркиблари, контейнерлар ташиш учун платформалар ва ҳ.к.) охиригача тартибга солинмаган.

Трансчегаравий божхона назоратининг мавжуд амалиёти амалдаги стандартлар ва талаблардан фарқ қилади. Мамлакатларнинг божхона хизматлари билан юкларни кузатишнинг интеграцияланган ахборот тизимлари ўртасида мувофиқлаштириш мавжуд эмас. Халқаро ўтказиш пунктларидаги баъзи божхона постлари яхши жиҳозланмаган. Божхонада тартибга солиш соҳасидаги ўзгаришлар ХАТ бозори иштирокчиларига ўз вақтида етказилмайди ва ҳ.к.

 

Афғонистон. 2016 йилда Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги савдо обороти қарийб 500 млн АҚШ долларини ташкил этди. Декабрда Тошкентда ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, унда ташқи савдони ўстириш бўйича аниқ чоралар белгиланди. Ўзбекистон Афғонистонда энергетика, ирригация ва мелиорация, транспорт ва алоқа объектларини қуриш лойиҳаларида иштирок этишни режалаштиряпти.

 

Ҳал этиш йўллари

Минтақавий савдога тўсқинлик қилувчи объектив омиллар (халқаро денгиз коммуникацияларига чиқа олмаслик, товар нархида транспорт харажатларининг улуши юқорилиги, қўшилган қиймат юқори бўлган тай­ёр товар номенклатурасининг чекланганлиги) Марказий Осиё мамлакатларини транспорт, инфратузилма ва логистикага катта эътибор қаратишга мажбур этади. Ушбу мақсадларда кейинги йилларда минтақада бир қатор логистика марказлари барпо этилди. Улар жумласида Ўзбекистонда «Навоий» ва «Ангрен» бор. Логистика инфратузилмасининг янги элементи – йирик совуткичлар – Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Афғонистонда жорий этилди. Минтақада ЭИЗ ва ЭИИЗлар фаол ривожланяпти. Улар, шубҳасиз, минтақавий товар оборотига жиддий туртки беради, бу эса транспорт хизматларига бўлган талабни оширади. Хизматлар доирасини (омборга жойлаш, қайта юклаш, исталган мураккабликдаги ностандарт буюртмаларни бажариш ва ҳ.к.) кенгайтириш ва яхшилаш имконини берадиган логистик аутсорсинг тизимларини минтақада ривожлантириш ҳам транспорт-логистик таъминотга таъсир кўрсатиши керак. Бунда етказиб бериш занжирига жалб этилган компанияларни интеграциялаш жараёни жадаллашади, бу эса ҳозирги аҳволни ҳисобга олганда долзарбдир.

Экспертлар транспорт соҳасидаги битимлар ва конвенцияларга қўшилиш, Чегараларда юклар назоратини ўтказиш шартларини келишиш (божхона назоратининг намунавий чизмаларини ишлаб чиқиш ва ҳ.к.) тўғрисидаги халқаро конвенцияни амалда рўёбга чиқариш зарурлигига эътибор қаратдилар. Шунингдек МДҲ битимида (Чўлпонота, 16.04.2004 йил)* назарда тутилган транспорт воситаларининг вазнини белгилаш халқаро сертификатини жорий этиш бўйича таомилни якунлаш ҳам четда қолмади. «Яшил харита» суғурта полиси эгаларини суғурталаш халқаро тизимига интеграцияланиш, тарифларни бирхиллаштириш ҳамда темир йўл инфратузилмаси ва ҳаракатдаги таркибда ўзаро фойдаланишга рухсат бериш сиёсатини келишиш, ягона транспорт ҳужжатини келишиш масалаларининг долзарблиги ошади.

Минтақанинг божхона хизматларига хатарларни бошқариш асосида танлаб назорат қилишни қўллаш, олдиндан хабардор қилиш ва «яшил йўлак»ни жорий этиш, «ягона дарча» тизимини амалга ошириш, божхона транзитининг ягона таомилини қабул қилиш тавсия этилди.

Анжуман тўғрисидаги ўз таассуротлари билан ўртоқлашаркан, Ўзбекистон божхона брокерлари уюшмасининг директори Арсен Айрапетьянц таъкидладики, минтақавий учрашув Марказий Осиёнинг 5 мамлакати мутахассислари ўртасида транспорт-логистика масалаларини муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш учун платформа бўлди. Транспорт ва транзит масалаларини тартибга солиш бўйича мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлар минтақада иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Транспорт транзити ва ташқи савдо логистикаси муаммолари комплекс тусга эга. Уларни ҳал этиш учун давлатнинг хусусий сектор билан ҳам, минтақа мамлакатлари ва уларнинг хусусий тадбиркорлари билан ҳам саъй-ҳаракатларини бирлаштириш лозим.

 

Туркманистон. Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги савдо соҳасида яхши ютуқлар кўзга ташланади. Ашхобод ва Тошкент Марказий Осиё–Эрон–Уммон трансконтинентал Транспорт коммуникациясини шакллантиришда иштирок этишяпти. 2016 йилда Эрон, Туркия, БАА ва бошқа мамлакатларга юклар транзитини енгиллаштирадиган, Амударё орқали янги комбинацияланган кўприк фойдаланишга топширилди.

 

Тожикистон. 2016 йил декабрда Ўзбекистон ва Тожикистон темир йўл транспорт преференциялари бериш ҳамда Тошкент билан Душанбе ўртасида мунтазам авиаалоқаларни тиклаш тўғрисидаги битимлар пакетини имзоладилар.

 

Гулнора Абдуназарова, махсус мухбиримиз.

 

*Ўзбекистон мазкур Битимга қўшилмаган.

Прочитано: 5149 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика