Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 07 / Солиқ солиш

Текин берилган ускунага солиқ солинади

 

Корхонамиз ихтиёрий равишда тугатилмоқда. Анча миқдорда кредиторлик қарзимиз бор, уни сўндиришни кўзлаган муассис ускунани сотиш ва тушган маблағ ҳисобига кейинчалик кредиторлар билан ҳисоблашиш учун уни корхонамизга текин беришга қарор қилди.

1. Ушбу мол-мулк қиймати тугатилаётган корхонанинг жами даромади таркибига кириши зарурми ёки биз Солиқ кодексининг 129-моддаси 15-бандида назарда тутилган имтиёзни қўллай оламизми?

2. Мазкур мол-мулкни таннархи бўйича сотишимиз шартми ёки устамани назарда тутиш мумкинми? Уни таннархидан паст нархда сотишимиз мумкинми?

3. Мол-мулкни сотишдан олинган фойда билан сўндирилган кредиторлик қарзи ўртасидаги фарққа (башарти юзага келса) солиқ солинадими?

Тугатувчи.

 

1

Ихтиёрий тугатилаётган тадбиркорлик субъекти муассисларидан (иштирокчиларидан) унинг мажбуриятларини бажариш учун олинган маблағлар солиқ тўловчининг даромади сифатида қаралмайди ва унга солиқ солинмайди (Солиқ кодексининг 129-моддаси 2-қисми 15-банди). Президентнинг 27.04.2007 йилдаги ПҚ-630-сон қарори 2-бандида худди шундай норма мавжуд: «муассислар (қатнашчилар)нинг ихтиёрий тугатилаётган тадбиркорлик субъекти – юридик шахснинг мажбуриятларини бажаришга йўналтирилаётган маблағларидан солиқ олинмайди». Бу фақат пул маблағлари бўлиши шартлиги Солиқ кодексида ҳам, Президент қарорида ҳам қайд этилмаган.

Шу билан бирга, Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ПҚ-630-сон қарор билан тасдиқланган) 28-бандига мувофиқ, кредиторлар талабларини қондириш муассислар (қатнашчилар) томонидан тугатилаётган корхонанинг банкдаги ҳисобрақамларига йўналтириладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.

Шуни инобатга олган ҳолда шундай хулосага келиш мумкинки, ихтиёрий тугатилаётган корхона кредиторлари олдидаги қарзни қоплаш учун муассисдан (қатнашчидан) олинган мол-мулк қиймати (пул маблағлари бундан мустасно) мазкур корхонанинг жами даромади таркибига киритилади ва унга солиқ солинади.

Ушбу хулоса 9.12.2016 йилдаги ҳолатга кўра солиқ органларининг расмий позицияси билан мустаҳкамланади: «... агар ихтиёрий тугатилаётган тадбиркорлик субъекти муассислари (қатнашчилари) сотиш ва тушган пул воситасида кредиторлар билан ҳисоблашиш мақсадида муайян мол-мулк берсалар, ушбу мол-мулк қиймати (Солиқ кодексининг 132-моддаси ­4-банди, 135-моддаси) тегишли солиқ солинадиган бошқа даромад сингари солиқ солинадиган текин олинган даромад деб ҳисобланади». Бунда солиқ солинадиган база мазкур мол-мулкнинг бозор қийматидан келиб чиқиб аниқланади (Солиқ кодексининг 135-моддаси).

Шу сабабли тугатувчига баҳоловчи ташкилот хизматларидан фойдаланиб, муассис (қатнашчи) берган мол-мулкнинг бозор қийматини баҳолаш тавсия этилади1. Бундай баҳолаш муассис (қатнашчи) қарорини ижро этишнинг кейинги босқичида – ушбу мол-мулкни сотаётганда унга қўл келади.

 

2

Муассис (қатнашчи) берган мол-мулк тугатилаётган корхонанинг бухгалтерия балансига кейинчалик сотиладиган моддий актив сифатида киритилиши лозим. Ушбу активларга эгалик қилиш ҳуқуқи ўтиши билан берилган мол-мулк муассиснинг (қатнашчининг) мол-мулки эмас, балки тугатилаётган корхонанинг мол-мулкига айланади.

Тугатилаётган корхонага тегишли мол-мулкни таннархи бўйича сотиш мажбурияти йўқ. Бунинг устига, юқорида кўрсатилган Ихтиёрий тугатиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 25-банди маъносидан келиб чиқилса, мол-мулк баҳоловчи ташкилотнинг ҳисоботи асосида аниқланадиган бозор қиймати бўйича сотилиши керак.

Шу тариқа, ихтиёрий тугатилаётган корхона муассиси (қатнашчиси) берган мол-мулк тугатувчи томонидан баҳоловчи ташкилот ҳисоботида кўрсатилган бозор қиймати бўйича сотувга қўйилиши керак. Ўз навбатида бундай қиймат баҳолаш усуллари ва таомилларига қараб ушбу мол-мулк таннархига мос келиши, ундан паст ёки юқори бўлиши мумкин дея фараз қиламиз2.

Шуни ҳам назарда тутиш лозимки, мазкур мол-мулк сотилаётган учала ҳолатда тугатилаётган корхонада солиқ солинадиган база юзага келади. Тугатилаётган корхона кредиторлари олдидаги қарзларни қоплаш учун муассисдан (қатнашчидан) олинган мол-мулкнинг сотилиши солиқ солиш мақсадида реализация қилиш деб ҳисобланади, қуйидаги маблағлар суммаси солиқ солинадиган даромад деб эътироф этилади:

мазкур мол-мулкнинг таннархига тенг бўлган ушбу мол-мулкни реализация қилишдан олинган – мол-мулкнинг таннархига мувофиқ келадиган бозор қиймати бўйича реализация қилинганда;

мазкур мол-мулкнинг таннархига тенг – мол-мулкнинг таннархидан паст бўлган бозор қиймати бўйича реализация қилинганда;

мазкур мол-мулкни реализация қилишдан олинган, мол-мулкнинг таннархи ва чиқиб кетишидан фойдани (устамани) ўз ичига олган – мол-мулкнинг таннархидан юқори бўлган бозор қиймати бўйича реализация қилинганда.

Кўпинча амалиётда шундай савол юзага келади: бундай сотиш улгуржи савдони амалга оширишга лицензияси бўлмаган корхоналар учун ана шундай фаолият тури деб эътироф этилиши мумкинми? Йўқ. Тижорат мақсадларида фойдаланиш ёки ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун ҳисоб-китобларнинг нақд пулсиз шаклида харид қилинадиган товарларни сотиш улгуржи савдо фаолияти деб эътироф этилади (ВМнинг 5.11.2005 йилдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2-банди 2-хатбошиси). Тугатилаётган корхона уларни сотиб олмаганлиги, балки тугатиш жараёни давомида кредиторлик қарзини қоплаш учун муассисдан (қатнашчидан) текин олганлиги сабабли тугатилаётган корхона текин олган мол-мулкни сотиш операциялари улгуржи савдо фаолияти аломатларига эга бўлмайди. Бунинг аксини тасаввур қилиш ҳам мушкул: бир томондан, норма ижодкорлари кейинчалик кредиторлар билан ҳисоблашиш мақсадида тугатувчига мол-мулкни сотиш мажбуриятини (!) юклаганлар (Ихтиёрий тугатиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 25-банди), бошқа томондан эса – ушбу фаолиятни лицензия асосида амалга ошириладиган фаолиятга тенглаштирган бўлардилар, уни олиш учун эса махсус талабларга жавоб бериш зарур.

 

3

Олинган мол-мулкнинг бутун қиймати бошқа даромад сифатида жами даромадга киритиладиган ва Солиқ кодексининг 129-моддаси 2-қисми 15-бандида назарда тутилган имтиёзни қўлламаган ҳолда тегишли солиқ солинадиган, тугатилаётган корхона текин олган даромад ҳисобланиши боис мол-мулкни реализация қилиш баҳоси билан қопланган кредиторлик қарзи ўртасидаги фарққа қўшимча солиқ солинмайди.

Агар муассис (қатнашчи) кредиторлар олдидаги қарзларни қоплаш учун тугатилаётган корхонага пул маблағлари берганда, имтиёзнинг мақсадли тусга эгалигини ҳисобга олиб, муассисдан келиб тушган пул маблағлари суммаси билан қопланган кредиторлик қарзи миқдори ўртасидаги фарқ корхонанинг жами даромадига киритилиши керак бўлар ва унга тегишли солиқ солинар эди.

 

Хулоса ўрнида

Тугатилаётган корхонага кейинчалик сотиш ва кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиш мақсадида муассислардан мол-мулк келиб тушганда Солиқ кодексининг 132, 135 ва 355-моддаларига мувофиқ ушбу мол-мулкнинг бозор қийматига тегишли солиқ солинади (тугатилаётган корхонага солиқ солиш тизимига қараб). Кейинчалик кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиш мақсадида ушбу мол-мулк сотилгандан сўнг уни сотишдан олинган даромадлар ҳам тугатилаётган корхонанинг жами даромадига киритилади (Солиқ кодексининг 130-моддаси) ва унга тегишли солиқ солинади (бунда ҳам тугатилаётган корхонага солиқ солиш тизимига қаралади).

 

Екатерина АДЕЕВА,

«Baker Tilly Uzbekistan» компаниялар гуруҳининг
юридик амалиёт раҳбари.

 


1Айни пайтда текин олинган мол-мулкдан тушган даромадни аниқлашда корхона мазкур мол-мулкни жўнатиш, етказиб бериш ёки топшириш ҳужжатларига таяниши мумкин (Солиқ кодексининг 135-моддаси 3-қисми).

2Шуни эслатиб ўтамизки, Ихтиёрий тугатиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, мол-мулк кимошди савдоларда сотилиши керак (25, 26-бандлар).

Прочитано: 1898 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика