Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 07 / Солиқ солиш

Абонентга мобиль алоқанинг қўшимча хизматлари – ҚҚСсиз

 

Солиққа доир ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда маъмурий ва жиноий жазоларни қўллаб эмас, балки ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиб, муваффақиятга эришиш мумкин. Яъни солиқларни тўлашдан бўйин товлашнинг турли чизмаларини ўйлаб топишга ҳожат қолмайдиган шароит яратиш лозим. Солиққа доир ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишҳокимлик ваколатлари берилган, бинобарин, бундай ҳуқуқбузарликлар содир этилишига тўсқинлик қилувчи шароитларни таъминлаш имконига эга бўлган давлат органларининг вазифаси.

Ушбу мақолада уяли алоқа операторлари солиқ тўлаш чоғида хатога йўл қўйишининг олдини олишга қаратилган фикр-мулоҳазаларни билдирамиз.

 

Ўзгартириш киритиш пайти келди

Юксак технологиялар жадал ривожланаётган паллада хизматларнинг истеъмол бозори ва мобиль алоқа хизматларидан фойдаланувчи абонентларнинг манфаатларини ҳимоялаш соҳаси долзарб тус олади.

Ҳуқуқни қўллаш амалиётида оператор алоқа хизматларини лозим даражада кўрсатмаганлиги юзасидан абонентлар судга мурожаат қилган ҳоллар жуда кам учрайди. Бунинг икки хил сабаби бор:

хизматнинг номоддий хоссага эгалиги боис исботлаш базасига таяниб бўлмаслиги;

«лозим даражадаги сифатга эга радиотелефон алоқаси хизматини кўрсатиш» тушунчасининг қонун ва қонуности даражасида мустаҳкамланмаганлиги.

Шу сабабли ушбу соҳада давлат сифат стандартини қабул қилиш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз.

Мобиль алоқа соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари Конституцияга ва «Алоқа тўғрисида», «Телекоммуникациялар тўғрисида», «Электрон тижорат тўғрисида», «Табиий монополиялар тўғрисида»ги қонунларга, Мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш қоидаларига (АВ томонидан 6.02.2009 йилда 1900-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ва бошқа норматив ҳужжатларга асосланади.

Мобиль алоқа хизматлари бозори жуда изчил ривожланмоқда, бу мобиль алоқа хизматларини тартибга солувчи махсус норма мавжуд бўлмаган «Алоқа тўғрисида», «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги қонунларга бир қатор ўзгартиришлар киритиш заруратини юзага келтиради. Мазкур қонунларда ушбу хизматларнинг айрим турлари таснифи ва таърифи ҳам берилмаган.

Айни пайтда Мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш қоидаларининг янги таҳрири лойиҳаси ­тайёрланди. Бироқ ушбу хизматларни ҳуқуқий тартибга солишга доир кўпгина масалалар, мисол учун, мобиль алоқанинг қўшимча хизматлари ушбу лойиҳага киритилмаган.

Мобиль алоқа хизматлари қуйидагиларга бўлинади:

1) истисносиз барча абонентларга кўрсатиладиган асосий хизматлар;

2) абонентнинг аризасига кўра тақдим этиладиган қўшимча хизматлар.

Мобиль алоқанинг асосий хизматларига қуйидагилар киради:

овозли алоқа хизматлари, шу жумладан фавқулодда чақирувлар;

қисқа матнли хабарлар юбориш.

Қўшимча хизматлар рўйхатини эса уяли алоқа оператори тармоқнинг техник имконидан келиб чиқиб белгилайди. Яширин рақамларни аниқлаш ва роуминг, SMS- ва MMS-сервислар, SIM-меню, WAP ва маълумотлар узатиш (3G ва 4G), мобиль позициялаш, SMS- ва Java-ўйинлар, маъмурий, ахборот ва кўнгилочар овозли хизматлар, амалий ва кўнгилочар телевизион каналларни мобиль телефонларга трансляция қилиш каби хизматлар фақат абонентнинг аризасига кўра тақдим этилиши шарт.

Бугунги кунда мобиль алоқа абонентларига тақдим этилаётган қўшимча хизматлар ҳуқуқий жиҳатдан деярли тартибга солинмаган.

Шу муносабат билан, фикримизча, айрим турдаги хизматларнинг тушунча ва таърифлари рўйхатини қонуний жиҳатдан тўлдириш зарурати юзага келди. Масалан:

 

роуминг – уяли алоқа операторлари ўртасидаги роуминг келишуви асосида уяли алоқа операторининг бошқа мамлакатдаги уяли алоқа оператори тармоғида абонентга уяли алоқа хизматларини кўрсатиши;

контент – абонентнинг сўровига асосан SMS, MMS, 3G ва 4G воситасида олинган, ахборот, кўнгилочар ёки бошқа тусдаги матнли ёки мультимедиа маълумотлари.

Шунингдек: хизматларнинг алоҳида пакети, тариф, уяли алоқа, мультимедиа хабари (MMS), қисқа матнли хабар (SMS, USSD), ҳисоб-китоб даври, ҳисобга олиш даври, биллинг ва ҳ.к.

 

Аниқ ҳуқуқий тартибга солинмаганлиги сабабли солиқ органларининг турли даражадаги бўлинмалари позициялари доим ҳам бир хил бўлмайди ва бир-бирига мос келмайди. Уяли алоқа компанияси тўлайдиган у ёки бу солиқ бўйича солиқ солиш объектини белгилаш чоғида солиқчилар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидаларини турлича талқин қилиб, ҳар хил қарорлар чиқарадилар. Жазодан қочиш учун солиқ масалаларини янада чуқур таҳлил қилишга мажбур бўладиган солиқ тўловчи – уяли алоқа компанияси ҳақида сўз очмаса ҳам бўлади.

Шу муносабат билан мобиль алоқа хизматларини фуқаролик-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, ушбу хизматларни кўрсатишда муносабатларнинг ҳуқуқий табиатини, уларни тақдим этиш мақсадида тузилган шартнома тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш масалалари айниқса долзарб тус олмоқда.

Чунончи, кўрсатилаётган мобиль алоқанинг қўшимча хизматлари спектри кенгайиб боргани сайин ушбу фаолият уяли алоқа операторлари соҳасига тааллуқли бўлмай қоляпти. Улар бунинг учун ўз ҳамкорлари – контент-провайдерларни жалб этмоқдалар. Контент-провайдер билан уяли алоқа оператори ўртасида тузилган шартномада мажбуриятларнинг тақсимланиши ва ҳамкорликнинг тижорий жиҳатлари қайд этилмоқда. Бироқ контентни етказиб бериш чоғидаги таваккалчиликларни зиммасига олувчига қараб ҳам уларни таснифлаш мумкин.

Оператор ва контент-провайдер нисбатан мустақилдир. Абонент контент-провайдер хизматларидан фойдаланиш учун оператор тармоғини транспорт муҳити сифатида қўллайди. Шартномалар бўйича тўловлар уяли алоқа операторига тўланади, у эса ўз навбатида тегишли ҳақни ушлаб қолиб, олинган пул маблағларини контент-провайдерга ўтказади.

Уяли алоқа оператори контент-провайдернинг ахборот ресурсларига уланиш нуқтасигача амалга ошириладиган абонентнинг сўровларига биноан алоқа хизматлари сифатли тақдим этилиши учун жавобгар бўлади, контент-хизматлар сифати, сервис таркиби, шунингдек лозим даражадаги сифатга эга бўлмаган контент-хизматлар кўрсатилиши натижасида абонентга етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди.

 

Қўшимча хизматлар учун – қўшимча баланс

Ҳар бир мобиль телефон соҳиби уяли алоқа операторлари таклиф этадиган қўшимча хизматлар сони мунтазам кўпайиб кетаётганини тасдиқлаши мумкин.

Баъзан абонентлар уяли алоқа хизматлари ҳақи ошиб бораётганлигини сезиб қоладилар. Ҳамма гап абонентларга кўнгилочар ва бошқа ахборот берувчи SMS-хабарлар жўнатилишида.

Қўшимча хизматлардан фойдаланишда пул маблағлари ноқонуний ҳисобдан чиқарилиши хусусида саволлар юзага келмаслиги учун уяли алоқа операторига мурожаат қилиш лозим. Абонентга контент-провайдерларни жалб этган ҳолда кўрсатиладиган ахборот-кўнгилочар (контент) хизматлар ҳақини тўлаш учун қўшимча баланс очиб берилади. У орқали хизматлар ҳақи тўланганда қисқа рақамлардаги бундай хизматларга харажатларни назорат қилиш имкони бўлади. Абонентнинг истагига кўра қўшимча балансда хизмат ҳақини тўлаш учун маблағ етишмаганда қўшимча баланс автоматик равишда асосийси ҳисобига тўлдирилиши мумкин.

 

Қўшимча хизматлар бўйича уяли алоқа оператори ҳисоби ва солиқлар

«Провайдер воситачи эмасми?» мақоласида («СБХ»нинг 14.06.2016 йилдаги 24-сони) қайд этиб ўтганимиздек, контент-провайдер ўзига тегишли контентни уяли алоқа оператори орқали абонентларга сотиши учун асос бўладиган шартнома воситачилик шартномаси ҳисобланади. Унга мувофиқ контент-провайдер контент етказиб берувчиси, уяли алоқа оператори эса – унинг абонентларга етказиб берилишини таъминловчи воситачи ҳисобланади.

Шу ўринда контент-хизматлар етказиб берувчиси ҳисобланган кўпгина контент-провайдерлар ягона солиқ тўловини тўлашлари ва қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ҳисобланмасликларини қайд этиб ўтмоқчиман. Воситачи (бизнинг вазиятда – уяли алоқа оператори) – ҚҚС тўловчиси, бироқ ҚҚС тўловчиси бўлмаган комитентнинг товарларини (ишларини, хизматларини) сотишда ўз номидан ҳисобварақ-фактура тақдим этаётганда харидор номига тақдим этиладиган ҳисобварақ-фактурада ҚҚС суммасини кўрсатмайди ва «ҚҚСсиз» штампини қўяди (Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартибининг 43-банди, МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 3-илова).

Яъни абонентга ҚҚСсиз хизмат кўрсатилиши керак.

Ҳозир абонент SMS-хабар олаётганда уяли алоқа оператори қонун ҳужжатларини бузган ҳолда ҚҚСни ҳисобга олиб ёки ҳисобга олмасдан қўшимча хизматлар кўрсатилаётганини абонент ҳақи қийматида қайд этмайди.

Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг (2-сон шакл) (АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган) «Маҳсулот (товарлар, ишлар ва хизматлар) сотилишидан соф тушум» моддасида (010-сатр) маҳсулот, товарлар, ишлар ва хизматларни сотишдан олинган тушум кўрсатилади, бунда солиқлар (ҚҚС, акциз солиғи) ҳамда қайтарилган товарлар ва тайёр маҳсулотнинг қиймати, харидорнинг сотиш нархларидан чегирмалари чегирилади.

Воситачилик шартномаси, топшириқ ёки воситачилик хизматлари кўрсатиш бўйича бошқа шартнома асосида ўзга шахснинг манфаатларини кўзлаб хизматлар кўрсатилган тақдирда, ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база солиқ суммасини ҳам ўз ичига оладиган, кўрсатилган хизматлар учун ҳақ (фоиз) тариқасида олиниши лозим бўлган суммадан келиб чиққан ҳолда белгиланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси).

Бинобарин, уяли алоқа оператори хизматлар сотилишидан соф тушумда ҚҚСни чегирган ҳолда олинган ёки олиниши лозим бўлган воситачилик ҳақини кўрсатади.

Солиқ кодексида ҚҚС солинмайдиган товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишда, шунингдек ҚҚС тўловчиси бўлмаган маҳсулот етказиб берувчилар томонидан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишда қўшилган қиймат солиғини ҳисобварақ-фактурада акс эттирганлик учун жавобгарлик назарда тутилган (Солиқ кодексининг 118-моддаси). Маҳсулот етказиб берувчиларга солинадиган жарима ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган ҚҚС суммасининг 20%ини ташкил этади. Бунда маҳсулот етказиб берувчи ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган солиқ суммасини ҳам бюджетга тўлаши шарт.

Бизнинг ҳолатда ҳисобварақ-фактура ёзиб беришда маҳсулот етказиб берувчи деганда воситачи – уяли алоқа оператори тушунилади. Сабаби 2439-сон Тартибнинг 26-бандига мувофиқ, воситачилик шартномаси бўйича комитентнинг товарларини (ишларини, хизматларини) сотишда воситачи ўз номидан ҳисобварақ-фактура тақдим этади.

 

Шарофиддин РЎЗМЕТОВ,

ДСҚ ҳузуридаги РАММ ТШБ директори.

Прочитано: 1854 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика