Республикамизда аҳолини сифатли, хавфсиз ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунга қарамай, сифати кафолатланмаган, ташиш ва сақлаш қоидаларига риоя қилинмаган дори-дармон ва фармацевтика маҳсулотларини божхона назоратидан яширинча олиб киришга уриниб, инсон саломатлигига, ҳатто ҳаётига жиддий хавф туғдираётганлар учраб турибди.
Самарқанд вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда дори-дармон воситаларининг ноқонуний савдосига қарши чора-тадбирларни мунтазам олиб боришмоқда.
2016 йилда Самарқанд вилоятида мазкур йўналишда 17 та қонунбузарлик ҳолати фош қилинган бўлиб, натижада қиймати 600 млн сўмдан ортиқ бўлган салкам 9,2 минг дона дори-дармон воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган. Мазкур ҳолатларнинг 4 таси бўйича жиноий ишлар қўзғатилган. Жумладан, Самарқанд халқаро аэропортида «Москва-Самарқанд» рейси бўйича парвозини якунлаган Ш.Тўхтаевнинг (исм-шарифи ўзгартирилган) қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганда, ушбу шахс йўловчи божхона декларациясида ва божхоначиларнинг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, хорижда ишлаб чиқарилган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган қиймати 300 млн сўмлик 31 турдаги салкам 4 минг дона дори воситаларини божхона назоратидан яширинча олиб ўтишга урингани аниқланди.
Экспертларнинг хулосасига кўра, ушбу шахсдан олиб қўйилган дори воситаларининг 18 турдагиси давлат реестрида қайд этилмаган, 13 турдагиси эса мавжуд норматив талабларга жавоб бермайди. Шу боис ушбу маҳсулотлар ўрнатилган тартибда йўқ қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги «Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги 200-сон қарорига мувофиқ, ҳуқуқбузарлик ашёси тариқасида олинган ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган этил спирти, тамаки ва алкоголли маҳсулотлар, доривор воситалар ва тиббиёт буюмлари, озиқ-овқатга биологик актив қўшимчалар, озиқ-овқат қўшимчалари, экспертиза хулосасига кўра яроқсиз деб топилган товарлар йўқ қилинади.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.