«СБХ» нодавлат таълим муассасаларини ҳуқуқий ва солиқ жиҳатидан тартибга солиш масалаларини бир неча бор ёритган. Ушбу масалалар кўпчилик НТМ умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтишига тўғри келадиган 2017 йилда яна долзарб мавзуга айланиши мумкин.
Давлат ташкилотлари сингари нодавлат таълим муассасалари (НТМ) ҳам таълим хизматларини кўрсатадилар. Бунда кўпгина НТМ – хусусий болалар боғчалари ва мактаблар, чет тилларни ўргатувчи курслар, малака ошириш марказлари ва пулли асосда таълим хизматларини кўрсатувчи, «муассаса» ташкилий-ҳуқуқий шаклида барпо этилган бошқа шу каби ташкилотлардир. Давлат тест марказининг ахборотига кўра, 2017 йил 1 январдаги ҳолатга кўра нодавлат таълим муассасаларига таълим фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун 561 та лицензия берилган.
Уларнинг барчаси мураккаб танлов бўсағасида турибди: солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллашда давом этиш ёки умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиш масаласини ҳал этишлари лозим. Солиқ органларининг фикрича, Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектларига тегишли бўлган корхоналар ва ташкилотлар классификацияси (ВМнинг 11.10.2003 йилдаги 439-сон қарори билан тасдиқланган) амал қилганда ходимларининг ўртача йиллик сони 25 кишигача бўлган НТМ кичик бизнес субъектлари сифатида ЯСТ тўлашга ҳақли эдилар. Бироқ нотижорат ташкилотларига умуман татбиқ этилмайдиган янги Таснифлагич (ВМнинг 24.08.2016 йилдаги 275-сон қарорига 1-илова) жорий этилиши билан солиқ органларининг позицияси ўзгарди. Қуйида ҳам ДСҚ, ҳам Молия вазирлиги, ҳам бошқа давлат органларининг позициясини келтириб ўтамиз. Бироқ аввалига қуйидаги принципиал саволга жавоб топиш зарур:
НТМ – тижорат ташкилотими ёки нотижорат ташкилоти?
Амалдаги қонун ҳужжатларида НТМ мақоми ҳақида умумий норма мавжуд эмас. Амалиётда нотижорат (мактабгача муассасалар, малака ошириш марказлари ва б.) ва тижорат (масъулияти чекланган жамиятлар шаклидаги автомактаблар) ташкилотлари бор.
Норматив жиҳатдан фақат нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг ҳуқуқий шакли белгиланган. Ўзбекистон Республикасида нодавлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисидаги низомга (ВМнинг 25.10.2007 йилдаги 225-сон қарорига 2-илова) мувофиқ, мактабгача таълим муассасаси айни нотижорат ташкилотларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан бири – муассаса сифатида ташкил этилиши мумкин.
НТМ ҳуқуқий мақоми норматив жиҳатдан тартибга солинмагани боис турли давлат органларининг позицияси ҳам фарқланади.
Уларнинг ҳар бирини кўриб чиқамиз.
Давлат тест марказининг позицияси
Таълим муассасаларини аттестациядан, аккредитациядан ўтказувчи ва фаолиятини лицензияловчи ваколатли давлат органи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ҳисобланади (ВМнинг 24.06.2004 йилдаги 293-сон қарори).
Давлат тест марказининг (ДТМ) талабларига биноан, таълим соҳасидаги нодавлат ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш муассаса шаклида амалга оширилиши шарт. «Таълим тўғрисида»ги Қонун ва ушбу соҳадаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда «нодавлат таълим муассасалари» сўз бирикмасидан фойдаланилиши бунга асос ҳисобланади. «Муассаса» ташкилий-ҳуқуқий шакли нотижорат ташкилотларига мансублиги боис шундай ХУЛОСА чиқарилади: «масъулияти чекланган жамиятлар таълим (шу жумладан кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш) фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмас». Тегишинча, давлат органи бундай ташкилотларга лицензия бермайди.
ВМнинг 14.06.2013 йилдаги 169-сон қарорига мувофиқ, чет тилларга ўқитиш бўйича нодавлат курсларни лицензиялаш вазифаси зиммасига юклатилган маҳаллий ҳокимият органлари ҳам шу позицияга эга.
Давлат статистика қўмитасининг позицияси
Статистика органлари НТМни тадбиркорлик субъектлари сифатида эмас, балки нодавлат нотижорат ташкилотлари дея таснифлайдилар.
Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистрига мувофиқ, статистика органлари НТМга қуйидаги кодларни беради:
ТҲШ коди – муассаса;
ХХТУТ кодларидан бири – 92110, 92120, 92200, 92400;
ИФУТ кодларидан бири – 85100, 85200, 85320, 85420, 85510, 85520, 85530, 85590;
ДБОБТ (Давлат бошқаруви органларининг белгилар тизими) коди – 79974 (нодавлат нотижорат ташкилотлари).
Статистика органи «Кичик тадбиркорлик субъектларига мансублиги» устунида «йўқ» дея қайд этади.
Давлат солиқ қўмитасининг позицияси
ДСҚ мутахассисларининг фикрича, нотижорат ташкилотлари деганда фойда олишни фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ва олинган даромадларни ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган юридик шахслар тушунилади (Солиқ кодексининг 17-моддаси).
Нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 10.03.2014 йилдаги 57-сон қарорига 1-илова) мувофиқ адлия органлари томонидан амалга оширилади («Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддаси).
Шунга асосланган ДСҚнинг хулосасига кўра, қонун ҳужжатларига мувофиқ НТМ нотижорат ташкилоти ҳисобланса ва адлия органларида давлат рўйхатидан ўтказилмаган бўлса, 2017 йил 1 январдан бошлаб кичик тадбиркорлик субъектларига кирмайди ҳамда умумбелгиланган тартибда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаши шарт.
Бинобарин, ДСҚнинг нуқтаи назаридан шундай ХУЛОСА чиқариш мумкинки, агар НТМ адлия органларида эмас, балки ҳокимликда (тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олувчи инспекцияларда) рўйхатдан ўтказилган бўлса, у нотижорат ташкилоти деб ҳисобланмайди. Бу эса ўз навбатида НТМ белгиланган мезонларга риоя этмаганда кичик бизнес субъекти деб ҳисобланиши мумкинлиги ва солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш ҳуқуқини сақлаб қолишини англатади.
Молия вазирлигининг позицияси
Молия вазирлиги мутахассисларининг фикрича, нотижорат ташкилотлари пулли таълим хизматларини кўрсатсалар ҳам, тадбиркорлик субъектлари бўла олмайдилар. Бундан келиб чиқадиган ХУЛОСА – улар умумбелгиланган солиқларни тўлашлари шарт. Бунда нодавлат таълим фаолиятини амалга ошираётган муайян юридик шахсни тадбиркорлик субъектлари ёки нотижорат ташкилоти тоифасига киритиш учун Адлия вазирлигининг хулосасини олиш тавсия этилади. Ушбу хулосани инобатга олган ҳолда кичик тадбиркорлик субъектларига кирувчи ташкилотларнинг Таснифлагичи қўлланади. Шуни қайд этамизки, бундай хулосани олиш тартиби ёки таомили ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаган.
Маълумот учун
Таълим муассасасининг устави махсус тасдиқланган Тартибга (ВМнинг 5.01.1998 йилдаги 5-сон қарорига 3-илова) мувофиқ ишлаб чиқилиб, идоравий бўйсунишидан ва мулкчилик шакллаpидан қатъи назаp таълимнинг баpча туpлаpи амал қилиши учун қўлланилади. Ушбу Тартибга мувофиқ, таълим муассасасининг устави маҳаллий ижроия ҳокимияти органларида рўйхатдан ўтказилиши керак.
Қонун чиқарувчилар ечим топишлари лозим
Юқоридагилардан якун чиқарар эканмиз, НТМ фаолиятининг тўлиқ тартибга солинмаганлиги сабабли идоралар уларнинг ҳуқуқий мақоми ва солиқ солиш тизими бўйича ягона позицияга эга бўлиш имконига эга эмас деган хулосага келишимиз мумкин.
Умуман олганда, муаммони қонун чиқариш даражасида ҳал этишнинг иккита варианти мавжуд.
Биринчиси – нодавлат таълим фаолиятини фақат нотижорат ташкилотлари юритишларини қонун чиқариш даражасида белгилаш. Бундай ёндашув МДҲ мамлакатларига хос. Чунончи, Россия Федерациясининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунида (22-моддасининг 1-банди) аниқ белгиланганидек, «Таълим соҳасидаги ташкилот фуқаролик қонунчилиги билан нотижорат ташкилотлари учун белгиланган шаклда ташкил этилади».
Агар қонун чиқарувчилар таълим хизматлари моҳиятига кўра фойда олишни мақсад қилиб олмаслиги керак деган қарорга келсалар, солиқ солиш тизимини ҳам аниқ белгилашлари мақсадга мувофиқдир. Нотижорат ташкилотлари пулли хизматлардан олган даромадларидан умумбелгиланган солиқларни тўлашлари керак бўладиган мавжуд вазиятда НТМлар ўз-ўзини маблағ билан таъминлай олмай қолишлари мумкин. Шу сабабли солиқ солиш ва ҳисобот тақдим этиш борасида кичик бизнес субъектлари учун назарда тутилган афзалликлар ва имтиёзларни уларга ҳам татбиқ этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ўқув марказлари, болалар боғчалари ва бошқа НТМ умумбелгиланган солиқларни тўғри тўлаш ва расмийлаштириш учун на молиявий, на кадрлар захирасига эга.
Иккинчи йўли – ушбу ташкилотларга ўз фаолиятини ташкил этишнинг нотижорат ёки тижорат шаклини танлаш ҳуқуқини бериш. 2015 йил бошида Қонунчилик палатаси биринчи ўқишда кўриб чиққан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида айни шундай ёндашув мавжуд. Унда «нодавлат таълим муассасалари» сўзларини «таълим фаолияти билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлари» сўзларига алмаштириш назарда тутилган. «Таълим тўғрисида», «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида», «Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги қонунлар, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури (29.08.1997 йилдаги 463-I-сон Қонун билан тасдиқланган), Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати (ОМнинг 12.05.2001 йилдаги 222-II-сон қарори билан тасдиқланган) ва лицензияланадиган фаолият турларига тааллуқли бир қатор бошқа ҳужжатларга тегишли ўзгартишлар киритиш таклиф этилган.
Агар ушбу ўзгартишлар қабул қилинса, нафақат «муассаса» шаклидаги, балки бошқа ташкилий-ҳуқуқий шакллардаги нодавлат таълим тузилмалари ҳам таълим фаолияти билан шуғуллана оладилар. Бу билан уларга солиқ солиш масаласи узил-кесил ҳал этилади.
2017 йилда қандай солиқлар тўланади?
2017 йил 1 январгача амал қилган Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектларига тегишли бўлган корхоналар ва ташкилотлар классификациясига (ВМнинг 11.10.2003 йилдаги 439-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ, 92110, 92120, 92200, 92400 ХХТУТ фаолият кодларига эга бўлган, ўртача йиллик ходимлари сони 25 кишидан ошмайдиган таълим муассасалари кичик бизнес субъектларига киради. Тижорат фаолияти билан шуғулланувчи НТМга нисбатан ушбу Классификациядан фойдаланишга доир ҳеч қандай чекловлар йўқ эди.
2017 йил 1 январдан мазкур Классификация ўз кучини йўқотди ва унинг ўрнига янги Таснифлагич жорий этилди, унга мувофиқ кичик тадбиркорлик субъектлари ИФУТ иқтисодий фаолият кодлари бўйича белгиланади.
Янги жорий этилган Таснифлагичга таълим муассасалари фаолият турлари ҳам киритилган ва улар учун ходимларнинг чекланган сони белгиланган.
Таснифлагичдан кўчирма (Р секцияси – Таълим)
ИФУТ коди
|
Номланиши
|
Ходимларининг ўртача йиллик сони
|
|
микрофирмалар
|
кичик корхоналар
|
||
85.10.0
|
Мактабгача таълим
|
1–10
|
11–25
|
85.20.0
|
Бошланғич таълим
|
1–10
|
11–25
|
85.32.0
|
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими
|
1–10
|
11–25
|
85.42.0
|
Олий таълим
|
1–10
|
11–25
|
85.51.0
|
Спорт таълими, шу жумладан кўнгилочар мақсадда таълим бериш
|
1–10
|
11–25
|
85.52.0
|
Маданият соҳасидаги таълим
|
1–10
|
11–25
|
85.53.0
|
Транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш мактабларининг фаолияти
|
1–10
|
11–25
|
85.59.0
|
Бошқа тоифаларга киритилмаган бошқа таълим турлари
|
1–10
|
11–25
|
85.60.0
|
Таълим соҳасидаги ёрдамчи фаолият
|
1–20
|
21–25
|
Бироқ Таснифлагич нотижорат ташкилотларга татбиқ этилмайди. Яъни 2017 йил 1 январдан бошлаб «муассаса» шаклида ташкил этилган таълим соҳасидаги ташкилотлар солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўллаш учун белгиланган Таснифлагичдан фойдалана олмайдилар.
Агар НТМ ташкилий-ҳуқуқий шаклига кўра нотижорат ташкилотлари деб тан олинса, ходимлари сонидан қатъи назар, уларнинг барчаси умумбелгиланган солиқларни тўлашига тўғри келади.
Бу вазиятда алоҳида олинган НТМ қандай йўл тутиши лозим?
Аввало таъсис ҳужжатларига кўра унинг мақомини аниқ белгилаб олиш зарур. Агар НТМ устави тўғри тузилган бўлса, унда унинг мақоми аниқ белгиланган бўлиши керак. Уставда «муассаса» – нотижорат ташкилотининг шакли деб кўрсатилган. Масъулияти чекланган жамият – НТМ тижорат тузилмаси ҳисобланади.
Агар уставда ташкилий-ҳуқуқий шакли аниқ кўрсатилмаган бўлса, рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги давлат ҳужжатига (гувоҳномага) қаранг. Унда ташкилий-ҳуқуқий шакл (ТҲШ) коди қайд этилган бўлади. Юридик шахснинг фаолият кодлари тўғрисидаги маълумотларни Давстатқўмнинг registr.stat.uz расмий сайтидаги Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистридан ҳам топиш мумкин.
Ушбу кодлар асосида НТМ қандай – тижорат ёки нотижорат шаклда рўйхатдан ўтказилганлигини аниқлаш осон.
Ташкилот МЧЖ шаклида (масалан, автомактаблар сингари) ташкил этилганда ходимлар сонига қараб солиқ солинади. Ходимлар 25 нафаргача бўлса – солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини танлашга ҳақли бўласиз, ундан ортиқ бўлганда – умумбелгиланган солиқларни тўлайсиз.
Агар ташкилот нотижорат шаклида бўлса, танлаш ҳуқуқи бўлмайди. Фикримизча, у умумбелгиланган солиқлар тўловчиси бўлиши лозим.
ЯСТ тўловчиси бўлиб қолишга қарор қилган НТМ хатарли ишга қўл урадилар – келгусида солиқ текшируви чоғида солиқ органлари мажбурий тартибда умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтишни талаб қилишлари мумкин. Бунда 2017 йил 1 январдан бошлаб бутун давр учун бюджетга тўланиши лозим бўлган анча миқдордаги сумма қўшимча ҳисоблаб ёзилиши эҳтимолдан холи эмас.
Солиқ мажбуриятлари ва имтиёзлари
НТМ солиқ солишнинг умумбелгиланган тартибига ўтганда қандай солиқларни тўлашига тўғри келади?
Солиқ кодексига мувофиқ, нотижорат ташкилотлари асосий фаолиятлари юзасидан барча турдаги умумбелгиланган солиқлар тўловчиси ҳисобланмайдилар. Бунда нотижорат ташкилотлари тадбиркорлик фаолияти қисмида (пулли таълим хизматларини кўрсатиш тадбиркорлик саналади) умумбелгиланган тартибда солиқларни тўлашлари шарт.
Солиқ солишнинг умумбелгиланган тизими доирасида НТМ қуйидаги солиқларни тўлаши керак:
қўшилган қиймат солиғи
Реализация қилинадиган пулли таълим хизматлари қиймати, унга ҚҚСни киритмаган ҳолда, ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база деб ҳисобланади.
Таълим хизматларининг айрим турлари ҚҚСдан озод этилади. Булар олий, ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида, шунингдек кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи ташкилотларда таълим бериш бўйича хизматлардир (Солиқ кодексининг 208-моддаси 11-банди). Шунингдек давлат тилини ва давлат тилида иш юритишни ўргатиш хизматларига ҚҚС солинмайди (Солиқ кодексининг 208-моддаси 27-банди).
Пулли болалар боғчалари, чет тилларга ўқитиш бўйича курслар, маданий-эстетик, илмий, техникавий, спорт ва бошқа йўналишдаги мактабдан ташқари таълим муассасалари ҚҚС тўлашлари шарт;
фойда солиғи
Президентнинг 17.04.2006 йилдаги ПҚ-325-сон қарорига асосан, таълим соҳасида хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар 2020 йил 1 январгача фойда солиғини тўлашдан озод қилинади (27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон қарорнинг 26-банди билан имтиёз узайтирилган);
ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи
Фойда солиғи чегирилгандан кейин юридик шахс тасарруфида қоладиган фойда ушбу солиқ учун солиқ солинадиган база ҳисобланади. Қонун ҳужжатларида таълим муассасалари учун ушбу солиқ тури юзасидан бирон-бир имтиёз назарда тутилмаган;
мақсадли жамғармаларга мажбурий ажратмалар
Бундай ажратмаларга:
бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига;
Республика йўл жамғармасига;
бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар киради.
НТМ учун мақсадли жамғармаларга мажбурий ажратмалар бўйича солиқ солинадиган база – пулли таълим хизматларини кўрсатишдан олинган соф тушум (ҚҚС қўшилмаган реализациядан олинган тушум).
Таълим фаолиятидан олинган даромадлардан ушбу тўловлар бўйича имтиёзлар назарда тутилмаган;
солиқлар ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан ажратмалар
НТМ ЖШДС, ЯИТ ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан тўланадиган мажбурий суғурта бадалларини тўловчи ҳисобланади.
ЖШДС умумий асосларда тўланади. ЯИТ – йирик корхоналар учун белгиланган ставкада – 25% (кичик корхоналар учун ЯИТ ставкаси – 15%);
мол-мулк ва ер солиқлари
Солиқ кодекси (269-модда 2-қисми 1-банди ва 282-модда 1-қисми 1-банди) билан «таълим... ташкилотлари» ушбу солиқлардан озод қилинган;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ
Сув ўлчагич асбобларининг кўрсаткичлари асосида аниқланадиган ер усти ва ер ости манбалардан олинган фойдаланилган сув ҳажми солиқ солиш базаси ҳисобланади. НТМ учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича имтиёзлар назарда тутилмаган.
Жадвалда умумбелгиланган солиқлар солинадиган пулли таълим хизматлари («+» белгиси билан ажратиб кўрсатилган), шунингдек солиқ имтиёзлари назарда тутилган хизматлар турлари келтирилган.
НТМ пулли таълим хизматларини кўрсатишдан оладиган даромадларидан тўлаши лозим бўлган солиқлар
МСК коди
|
Таълим хизматларининг номланиши
|
Умумбелгиланган солиқларнинг турлари
|
||||||
ҚҚС
|
Фойда солиғи
|
Ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи
|
Бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга мажбурий ажратмалар (ЙЖ, ПЖ, МЖ*)
|
Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ
|
Ер солиғи
|
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ
|
||
85.10.10.0
|
Мактабгача таълим соҳасидаги хизматлар
|
+
|
ПҚ-325-сон қарорга мувофиқ имтиёзлар. Имтиёзлар муддати 1.01.2020 йилгача
|
+
|
+
|
Солиқ кодексининг 269-моддаси 2-қисми 1-бандига мувофиқ имтиёзлар
|
Солиқ кодексининг 282-моддаси 1-қисми 1-бандига мувофиқ имтиёзлар
|
+
|
85.20.11.0 85.20.12.0 |
Бошланғич таълим соҳасидаги хизматлар
|
Солиқ кодексининг 208-моддаси 11-бандига мувофиқ имтиёзлар
|
+
|
+
|
+
|
|||
85.31.11.0 85.31.12.0 85.31.13.0 85.31.14.0 |
Умумий ўрта таълим соҳасидаги хизматлар
|
+
|
+
|
+
|
||||
85.32.11.0 85.32.12.0 85.32.13.0 85.32.14.0 |
Техникавий ва касб-ҳунар ўрта таълим соҳасидаги хизматлар
|
+
|
+
|
+
|
||||
85.41.11.0 85.41.12.0 85.41.13.0 85.41.14.0 |
Умумий ўрта таълимдан кейинги таълим ҳамда ўрта таълимдан кейинги техникавий ва касб-ҳунар таълим соҳасидаги хизматлар
|
+
|
+
|
+
|
||||
85.42.11.0 85.42.12.0 85.42.13.0 85.42.14.0 85.42.15.0 85.42.16.0 |
Олий таълим соҳасидаги хизматлар
|
+
|
+
|
+
|
||||
85.51.10.0
|
Спорт таълими, шу жумладан кўнгилочар мақсадларда таълим бериш хизматлари
|
+
|
+
|
+
|
+
|
|||
85.52.11.0
|
Рақс мактаблари ва рақс ўқитувчиларининг хизматлари
|
+
|
+
|
+
|
+
|
|||
85.52.12.0
|
Мусиқа мактаблари ва мусиқа ўқитувчиларининг хизматлари
|
+
|
+
|
+
|
+
|
|||
85.52.13.0
|
Санъат мактабларининг хизматлари ва санъатга ўқитиш хизматлари
|
+
|
+
|
+
|
+
|
|||
85.52.19.0
|
Маданият соҳасидаги таълим бўйича бошқа хизматлар
|
+
|
+
|
+
|
+
|
|||
85.53.11.0 85.53.12.0 |
Автотранспорт воситалари ҳайдовчилари, учувчи ва денгизчиларни тайёрлаш мактабларининг хизматлари
|
+
|
+
|
+
|
+
|
|||
85.59.11.0
|
Тил мактабларининг хизматлари. Давлат тилини ўргатиш қисмида
|
+
|
+
|
+
|
+
|
|||
85.59.11.0
|
Тил мактабларининг хизматлари
|
Солиқ кодексининг 208-моддаси 27-бандига мувофиқ имтиёзлар
|
+
|
+
|
+
|
|||
85.59.12.0
|
Ахборот технологиялари мактабларининг хизматлари
|
+
|
+
|
+
|
+
|
|||
85.59.13.0
|
Бошқа гуруҳларга киритилмаган касб-ҳунар-техникавий таълим соҳасидаги хизматлар
|
+
|
+
|
+
|
+
|
|||
85.59.13.0
|
Касб-ҳунар-техникавий таълим соҳасидаги хизматлар – кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш қисмида
|
Солиқ кодексининг 208-моддаси 11-бандига мувофиқ имтиёзлар
|
+
|
+
|
+
|
|||
85.59.13.0
|
Касб-ҳунар-техникавий таълим соҳасидаги хизматлар – давлат тилида иш юритишни ўргатиш қисмида
|
Солиқ кодексининг 208-моддаси 27-бандига мувофиқ имтиёзлар
|
+
|
+
|
+
|
|||
85.59.19.0
|
Бошқа гуруҳларга киритилмаган таълим соҳасидаги хизматлар (нотиқлик санъати, тез ўқишни ва б. ўргатиш)
|
+
|
+
|
+
|
+
|
Изоҳ.
Келтирилган жадвалда хизматлар Ўзбекистон Республикаси иқтисодий фаолият турлари бўйича Маҳсулотлар (товарлар, ишлар, хизматлар) статистика классификатори (МСК) кодлари бўйича тақсимланган. МСК кодлари ИФУТ фаолият кодлари билан боғланган. МСК кодининг дастлабки 4 белгиси ИФУТнинг дастлабки 4 белгисига мувофиқ келади.
*Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси.
Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ, «Norma Online» эксперти.