Пойтахтимиздаги «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасига бағишланган медиа-ҳафталикнинг учинчи куни учинчи йўналиш – мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш ва либераллаштириш масалалари қизғин муҳокама қилинди.
Иқтисодиёт вазири ўринбосари Ш.Исмоилов, қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази бош директори Ш.Тешаев, Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари, Солиқ академияси ректори Э.Гадоев, Давлат рақобат қўмитаси раиси ўринбосари Р.Аминов, Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи А.Икромов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан иқтисодиётимизни янада ривожлантириш ва халқимиз фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизнинг яқин беш йиллик тараққиёт стратегияси лойиҳасининг учинчи йўналишида макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига унинг рақобатбардошлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулкнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва унинг истиқболли ролини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш, вилоятлар, туманлар ва шаҳарларни комплекс ва мувозанатли ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш, туризм соҳасини тараққий эттириш борасида қатор таклифлар илгари сурилган.
Президентимиз томонидан таклиф этилаётган Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасида илғор халқаро тажрибага мувофиқ пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш, миллий валютанинг ва ички бозордаги нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, миллий валюта курсини шакллантиришда замонавий бозор механизмларини жорий этиш, банк тизимини ислоҳ қилиш, банклар депозит базасининг капитализациясини чуқурлаштириш ва барқарорлигини ошириш, уларнинг ишончлилигини мустаҳкамлаш, самарали инвестицион лойиҳалар ҳамда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини кредитлаштиришни янада кенгайтириш бўйича истиқболли таклифлар ўртага ташланган. Бу борадаги ишларни изчил амалга ошириш ва босқичма-босқич иқтисодиётимизга татбиқ этиш мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
Чорак аср давомида мамлакатимизда иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни самарали амалга оширишга кўмаклашувчи тўлақонли солиқ тизими яратилди. Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси солиқ солиш масалалари бўйича амалиётда синалган халқаро тамойил ва ёндашувлар асосида ишлаб чиқилган. Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасида таклиф этилаётган солиқ юкини камайтириш ва солиққа тортиш тизимини янада соддалаштириш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва рағбатлантиришнинг тегишли чораларини кенгайтириш борасидаги ислоҳотлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини янада ривожлантиришга, иқтисодиётимиз барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Соҳа мутахассислари яқин келажакда иқтисодиётимиз таркибида саноат, хизматлар кўрсатиш соҳаси, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улушини кўпайтириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, ишлаб чиқариш, транспорт-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмадаги лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган фаол инвестиция сиёсатини олиб бориш юзасидан берилган саволларга жавоб қайтарди.
ЎзА материали асосида.