Янги йил бошида ўтган йил якунларини чиқариш ва келажак режаларини тузиш одат тусига айланган. Ўзбекистондаги Халқаро молия корпорациясининг (IFC) ўтган йилдаги иш натижалари ва 2017 йилда IFC фаолиятидан нималар кутаётганлиги тўғрисида унинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Зафар ҲОШИМОВ сўзлаб берди.
Ўзбекистонда IFC Жаҳон банки гуруҳининг мамлакат билан Ҳамкорлик стратегияси доирасида ишлаяпти. 2016–2020 йиллар учун янгиланган стратегия IFC фаолияти тадбиркорлар ва кичик корхоналарнинг молиялаштириш манбаларидан фойдалана олишини кенгайтириш учун молиявий воситачиларга инвестицияларни, шунингдек агробизнес, тўқимачилик, нефть, газ, нефть-кимё ва кон қазиб олиш саноатини ривожлантириш учун инвестицияларни кенгайтиришга йўналтирилишини назарда тутади. Инвестициялар молия инфратузилмасини ривожлантиришга; инвестиция иқлими ва бизнес муҳитини яхшилашга; давлат-хусусий сектор ҳамкорлигини қўллаб-қувватлашга; ҳамкор ташкилотлар салоҳиятини ривожлантириш ва янги лойиҳаларни бошлаб юборишга йўналтирилган маслаҳат хизматларини тақдим этиш билан қўшиб олиб борилади. |
Молиялаштириш манбаларидан фойдалана олишни кенгайтириш фаолиятимизнинг муҳим йўналиши ҳисобланади, чунки у хусусий сектор ўсишининг негизидир. Бу борада IFC, бир томондан, молия институтларига инвестициялар тақдим этади, бошқа томондан эса – ўзининг молиявий маҳсулотлари ва хизматларини кичик корхоналарга, шу жумладан фермерлар ва кичик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига тақдим этиш доирасини кенгайтириш бўйича маслаҳатлар беради.
Агробизнесга IFC глобал миқёсда ҳам, Марказий Осиё мамлакатлари доирасида ҳам стратегик устуворлик сифатида қарайди. Шу сабабли ушбу тармоқда амалга ошириладиган маслаҳат лойиҳаларимиз минтақавий хусусиятга эгадир. Мисол тариқасида Европа ва Марказий Осиё мамлакатларидаги агробизнесда стандартлар бўйича IFC дастурини, шунингдек Марказий Осиёда агромолиялаштиришни ривожлантириш лойиҳасини келтириш мумкин.
Ушбу лойиҳаларнинг диққат марказида доим ҳам фермер ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиси туравермаса-да, лекин пировард натижада айнан у уларни амалга оширишдан наф кўради.
Агросаноат тармоғида муҳим вазифалар оз эмас, улар орасида озиқ-овқат маҳсулотларининг, шунингдек экологик ва ижтимоий стандартларнинг хавфсизлигини ошириш ҳам бор. Мазкур масалани ҳал этишга IFC агросаноат тармоғида стандартларни яхшилаш бўйича дастурни амалга ошириш орқали ёндашади. Ушбу дастур экспортга йўналтирилган маҳаллий компанияларга озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигининг халқаро стандартларини, маҳаллий маслаҳатчилар салоҳиятини мустаҳкамлаш билан биргаликда агробизнес қийматини барпо этишнинг бутун ҳалқаси бўйлаб экологик ва ижтимоий стандартларни жорий этишда ёрдам беради. |
Марказий Осиёда агромолиялаштиришни ривожлантириш лойиҳаси фермерларнинг тижорий молиялашдан фойдалана олишини кенгайтиришнинг энг яққол мисоли ҳисобланади. Лойиҳа 2014 йил февралдан бошлаб Австриянинг Федерал молия вазирлиги ва Япония Ҳукуматининг молиявий кўмагида рўёбга чиқариляпти. У молия муассасаларининг қишлоқ хўжалигини тижорий молиялаш ва мақсадли ўқитиш, етказиб беришлар тармоғини ҳамда бозор ва банклар билан алоқаларни ривожлантириш йўли билан улар рентабеллигини оширишда фермер хўжаликлари ва агрокорхоналарга ёрдам кўрсатишда салоҳиятини кучайтиришга йўналтирилган.
Фермерлар дастурларимизнинг пировард бенефициарлари ҳисобланиши боис, агромолиялашни ривожлантириш лойиҳаси минглаб фермерларни банклар ва агрегаторлар билан ҳамкорлик қилиш орқали қамраб олишга интилиши табиийдир. Агрегаторларга қайта ишлайдиган корхоналар, улгуржи ва чакана воситачилар, совутиб сақловчилар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хизматларни етказиб берувчилар, логистик ва транспорт компаниялари, супермаркетлар киради.
Лойиҳада стратегик ҳамкорлар белгиланган, улар билан маслаҳат хизматларини тақдим этиш битимлари тузилган. Лойиҳа бундай келишув доирасида нимани таклиф этади? Янги агромолиявий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни, шунингдек кредит муассасалари мутахассисларини қишлоқ хўжалиги секторини тижорий кредитлаш амалиётига ўргатишни таклиф этади. Лойиҳа шерик банкларга мавжуд услубият ва таомилларни таҳлил қилишда ёрдам беради ҳамда уларни яхшилаш бўйича тавсиялар беради. Лойиҳа мутахассислари банклар учун ўқитиш курсларини ишлаб чиқадилар ва ўтказадилар. Тренинглар ўз амалий йўналганлиги билан аҳамиятли, чунки уларни ўтказиш чоғида бўлғуси қарз олувчилар билан муайян тажрибавий агрокредит битимлари ўрганилади.
Масалан, ўқитиш дастурлари шарофати билан 2 йил ичида Ўзбекистондаги шерик банк ўзининг қишлоқ хўжалиги кредитлари портфелини 400 мингдан 29 млн АҚШ долларига қадар кўпайтирди ва 6 447 янги мижозни жалб этди. Тан олинг, бу кичкина натижа эмас!
Шунингдек Лойиҳа агромижозларнинг кредит салоҳиятини таҳлил қилиш дастаги – CLARAни таклиф этади. CLARA тизими Лойиҳа мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган ва муайян банкнинг талаблари ва шартларига тўлиқ мослашади. Лойиҳа хизматлари пакети ўз ичига банк ходимларини ушбу тизимдан фойдаланишга ўргатишни ҳам олади. CLARA битта буюртманома таҳлили учун вақтни 5 бараварга қисқартириш имконини беради, бу эса вақт бирлиги ичида кўп миқдордаги мижозларга хизмат кўрсатиш имконини беради. Бунда таҳлил сифати ошади ва мижознинг эҳтиёжлари янада пухтароқ аниқланади. 2017 йилда ушбу тизим Ўзбекистоннинг 2 банкида жорий этилади. |
Агрегаторларни ҳамкорликка жалб этиш фермерларнинг молиялаш манбаларидан фойдалана олишини кенгайтиришнинг яна бир усулидир. Агрегаторлар жойлардаги ўз етказиб берувчилари билан яқиндан танишлар, уларнинг имкониятларини яхши биладилар. Айни улар банкларга кредитлаш учун фермер хўжаликларини аниқлашда ёрдам бера оладилар. Шу сабабли IFC фермерлар ва қайта ишловчилар ўртасидаги шартномавий муносабатлар сингари баъзи бир бошқарув қарорларини жорий этишни таклиф этадики, бунда шартномалардан кредитнинг гаров таъминоти сифатида фойдаланиш мумкин бўлади. Ушбу ҳолда банклар ўзларини кўпроқ ҳимоялангандек ҳис эта оладилар, ишлаб чиқарувчилар эса ўз зиммаларига кредитлаш хавфининг бир қисмини оладилар. Ҳозирги вақтда биз қишлоқ хўжалигини кредитлаш имкониятини кенгайтира оладиган молиявий маҳсулотни ишлаб чиқяпмиз.
IFCнинг Ўзбекистондаги сут маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларидан бири билан ҳамкорлик қилиш тажрибаси ҳам қизиқарли. Ҳамкорлик 2015 йилда етказиб беришлар тармоғини ривожлантириш соҳасидаги фаолият доирасида бошланган эди. IFC мутахассислари компанияга унинг етказиб берувчиларига тақдим этиладиган ветеринария хизматларини яхшилашда кўмак бердилар. IFC мутахассислари қамров соҳасини белгиладилар ва сут фермалари ва шахсий ёрдамчи хўжаликларга тақдим этиладиган жорий ветеринария хизматлари сифатини баҳоладилар. Ветеринария шифокорлари ва фельдшерлар гуруҳлари баҳолаш жараёнида аниқланган мавзулар бўйича ўқитилди. Лойиҳа 2016 йил февралда якунланди. |
Натижа: икки вилоятдаги 133 нафардан зиёд фермер ва ветеринария ходими ўқитилди. Ўқитувдан кейин далада амалий машғулотлар ўтказилди. Бундан мақсад – замонавий ветеринария амалиёти ва ҳайвонларни тўғри боқиш бобида билим ва кўникмаларни ошириш. IFC мутахассислари шунингдек мижозлар билан биргаликда танланган 27 йўриқчини ўқитишди, улар бундан кейин ишлаб чиқарувчининг етказиб беришлар ҳалқасида бошқа хўжаликлар ходимларига маслаҳатлар берадилар ва уларни ўқитадилар. Бундан ташқари, фермерларнинг танлаб олинган гуруҳини дастлабки баҳолаш натижалари асосида ишлаб чиқилган Ҳайвонларнинг саломатлиги бўйича қўлланманинг 100 дан ортиқ нусхасини компанияларга уларнинг етказиб берувчилари ўртасида тарқатиш учун берилди.
Баҳолаш якунларига асосланиб, IFC мутахассислари етказиб беришлар тармоғини янада ривожлантириш, сут фермаларини бошқаришни яхшилаш, сутнинг маҳсулдорлиги ва сифатини оширишни таклиф қилдилар.
Озуқа етказиб беришларни бошқариш, озиқлантиришнинг мувозанатлаштирилган рационини таъминлаш, мол-ҳолни парваришлаш ва соғлом тутишда, шунингдек фермаларда бизнес жараёнларини мақбуллаштиришда ҳам фермерларга кўмаклашиш талаб этилади: IFC бундай кўмакни таклиф этади. Ҳозирги вақтда биз ишлаб чиққан таклифлар компания раҳбарияти билан муҳокама қилиняпти.
2017 йил учун режаларга келсак, биз Жаҳон банки гуруҳининг 2016–2020 йиллар учун янгиланган ҳадли стратегияси доирасида ишлаб келдик ва ишлашда давом этамиз. Ҳар доимгидек, биз хусусий секторни ривожлантириш ва иш ўринларини барпо этиш, қишлоқ хўжалигининг рақобатбардошлигини оширишга, шунингдек самарали иқтисодий бошқарув ва молиявий инфратузилмани ривожлантириш, инвестиция иқлими ва бизнес муҳитини яхшилаш масалаларига эътибор қаратиб, инвестициявий ва маслаҳат бериш хизматларини қўшиб олиб борамиз. |