Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари бугунги кунда халқимиз корига яраб, давлатимизга наф келтираётган аҳоли қатлами ҳисобланади. Лекин уларнинг виждонан, қонуний ва эркин фаолият юритишларига халақит бериб, ҳалол рақобат муҳитини издан чиқаришга уринаётган сохта тадбиркорлар ҳам учраб туради. Улар худди нурнинг ортида юрувчи сояларга ўхшашади.
Яқинда Хоразм вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда назорат органларидан рўйхатдан ўтмасдан, қонунга хилоф равишда тадбиркорлик билан шуғулланиб, қўлбола цехларда сифатсиз пахта ёғини тайёрлаган шахсларни фош этишди.
Бошқарманинг ишонч телефонига келиб тушган маълумотлар асосида Урганч шаҳрида истиқомат қилувчи Р.Сафоевнинг (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) хонадони кўздан кечирилганда, бу ерда сотиш мақсадида қиймати 4,3 млн сўмдан ортиқ бўлган 546 литр сифатсиз пахта ёғи ноқонуний равишда сақланаётганлиги аниқланди.
Шунингдек, божхоначилар Қ.Болтаевни қиймати 2,1 млн сўмдан ортиқ бўлган 273 литр сифатсиз пахта ёғини яширинча олиб кетаётган пайтда тўхтатиб қолишди.
2016 йил давомида Хоразм вилояти божхона бошқармаси ходимлари истеъмолга яроқсиз пахта ёғини пуллашга оид 7 та қонунбузарлик ҳолатини аниқлашган. Натижада давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга уринган шахслардан қиймати 16,7 млн сўмдан ортиқ бўлган 2 656 литр пахта ёғи олиб қўйилган.
Ҳозирда мазкур қоидабузарликлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари бошлаб юборилган.
Хоразм вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.