26.12.2016 йилдаги ЎРҚ-416-сон Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига тузатишлар киритилди, уларга кўра меҳнат органлари, шунингдек соғлиқни сақлаш муассасаларининг ваколатлари ўзгартирилди («Норма маслаҳатчи» газетасининг 6.01.2017 йилдаги 1 (598)-сонида чоп этилган).
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 22.02.2016 йилдаги ПФ-4782-сон Фармони билан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Меҳнат вазирлиги этиб қайта ташкил этилди. Шу муносабат билан қайта ташкил этилаётган вазирликнинг бир қатор функция ва вазифалари соғлиқни сақлаш органлари зиммасига юклатилди.
«Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги Қонунда соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, шунингдек меҳнат органларининг ваколатларига тузатишлар киритилди.
Тузатишларга мувофиқ соғлиқни сақлаш тизими органларининг вазифаларига қуйидаги қўшимча вазифалар киритилди:
● ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганларга ва оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳамда уларни ижтимоий-педагогик реабилитация қилишнинг замонавий услублари ва технологияларидан фойдаланиш;
● вояга етмаганларнинг дам олишини, ижтимоий муассасаларда ташкил этилган тўгаракларда ёки марказларда ижодий қобилиятини ривожлантиришини ташкил этишда иштирок этиш;
● ногирон болаларни тиббий-ижтимоий ёрдам билан таъминлаш, ногирон болаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш хизматларининг комплекс тармоқларини ривожлантириш;
● якка тартибдаги профилактика ишини олиб боришда иштирок этиш.
Ўз навбатида, меҳнат органлари мазкур соҳада ўз ваколатлари доирасида қуйидагиларни амалга оширадилар:
● вояга етмаганларни ишга жойлаштиришга, касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашади, улар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқадилар;
● якка тартибдаги профилактика ишини олиб боришда иштирок этадилар.
Бундан ташқари, «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонунда меҳнат органларининг ушбу соҳадаги ваколатлари белгиланди:
● ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;
● меҳнат ва аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш;
● аҳолини иш билан таъминлаш чора-тадбирларини кўриш, ишсизларни ҳисобга олишни ва ишсизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;
● меҳнат ва аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, шу жумладан мазкур ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ҳамда уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш;
● ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи бошқа органлар ва муассасалар билан ҳамкорлик қилиш;
● қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириш.
Қонун «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган кундан бошлаб – 27.12.2017 йилдан кучга кирди.
Олег ЗАМАНОВ,
«Norma Online» эксперти.