Давлат божхона қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллиги муносабати билан ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда қўмита марказий аппарати ходимлари, божхона фахрийлари, Тошкент шаҳри ва вилояти божхона бошқармалари, «Тошкент-Аэро» ИБК, Миллий кинология маркази, Олий ҳарбий божхона институти вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этди.
Давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланган тадбирда Давлат божхона қўмитаси раиси М.Тохирий сўзга чиқиб, Ўзбекистон бугунги кунда профессионал тайёргарликка эга ва яхши таъминланган, Ватанимиз ва халқимизга садоқатли, мамлакатимизнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли вазифаларни самарали адо этиш, фуқароларимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армиясига эга эканлигини таъкидлади.
Замонавий инфратузилмага эга божхона хизмати юртимиз иқтисодий суверенитетини ҳимоя қилишни таъминлайдиган давлат ҳокимияти тизимининг муҳим таркибий қисми сифатида шаклланди ва мамлакат иқтисодий хавфсизлигини мустаҳкамловчи асосий идоралардан бирига айланди. Бугунги кунда божхона органлари мамлакатимизнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат бюджетига божхона тўловларини ундириш каби муҳим вазифани шараф билан бажариб келмоқда.
Мазкур давлат органи фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини янада оширишда божхона назоратининг замонавий механизмлари ва ахборот-коммуникация технологияларининг амалиётга кенг жорий этилиши, божхона маъмуриятчилигининг такомиллаштирилиши, божхона постлари моддий-техника базасининг мустаҳкамланиши, контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашишнинг кучайтирилиши бош омил бўлмоқда.
Ҳар йили Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан юрт осойишталиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги йўлида садоқат билан хизмат қилаётган юртдошларимизни тақдирлаш яхши анъанага айланган. Бу йил ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги «Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармони билан 4 нафар божхоначи тақдирланди. Ушбу мукофотлар ўз эгаларига тантанали топширилди.
Шунингдек, тизимда ўрнак кўрсатиб, хизмат қилиб келаётган ходимлар «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари 25 йиллиги» эсдалик нишонлари билан мукофотланди.
ДБҚ Ахборот хизмати.