Маълумки, шу кунларда мамлакатимизда ҳукумат қарорига биноан Ёнғин хавфсизлиги ойлиги ўтказилиб турибди. Бундан асосий мақсад куз-қиш иситиш мавсумида ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда бундай фалокат хавфсизлигини таъминлашдан иборат.
Бунинг учун эса аҳоли ёнғин хавфсизлиги соҳасида тез-тез хабардор қилиб турилиши, ҳушёрликни бир-биримизга эслатиб туришимиз лозим бўлади. Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология марказида Тошкент шаҳар Сергели тумани ИИБ ЁХБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган ўқув семинари шу мавзуга бағишланди.
Семинарда Сергели тумани ИИБ ЁХБ инспектори, сержант Н.Бурханов сўзга чиқиб, иштирокчиларга мазкур туман ҳудудида 2016 йилнинг 11 ойи мобайнида содир бўлган ёнғинлар, унинг оқибатлари, ушбу ёнғинлар натижасида олинган тан жароҳатлари ва ундан кўрилган моддий зарарлар тўғрисида маълумот берди. Шу ўринда ҳамиша ҳушёр ва зийрак бўлишга, газ ҳамда электр ускуналаридан тўғри фойдаланишга, уларни ҳеч қачон назоратсиз қолдирмаслик зарурлигини таъкидлади.
Семинар давомида бугунги кунда содир бўлаётган ёнғинлар ва уларнинг келиб чиқиш сабабларини акс эттирувчи видеоролик намойиш этилиб, ёнғин хавфсизлиги кунлари давомида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида тўхталиб ўтилди.
Семинар мутахассис ва иштирокчилар ўртасида ўзаро фикр алмашувлар, савол-жавобларга бой тарзда ўтиб, келгусида ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Нафосат НИЁЗМЕТОВА,
ДБҚ Миллий кинология маркази
Ёнғин хавфсизлиги бўйича кичик мутахассис.