Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 2 / Устуворликлар

2017 йил янгиликлари

 

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрларига доир Президентнинг қарори (27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон) билан 2017 йилги солиқлар ва мажбурий тўловлар ставкалари тасдиқланди ҳамда уларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартибига бир қатор ўзгартиришлар киритилди СБХ»нинг 1 ва 2-сонларида кўчирмаларда чоп этилмоқда).

 

Асосий солиқлар бўйича ставкалар сақлаб қолинди

Қуйидаги солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича ставкалар 2016 йил даражасида сақлаб қолинди:

ЖШДС – ноль даражали, энг кам – 7,5%, ўртача – 17% ва энг кўп – 23%лик ставкали тўрт босқичли шкала;

ЯИТ – микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари учун – 15%; қолган тўловчилар учун – 25%;

ЯСТ – фаолият турига қараб;

дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадлардан солиқ – 10%;

ҚҚС – 20%;

фойда солиғи – базавий – 7,5%; тижорат банклари учун – 15%; аукционлар ўтказишдан, концерт-томоша кўрсатиш фаолияти билан шуғулланишга лицензияси бўлган, юридик ва жисмоний шахсларни (шу жумладан, норезидентларни) жалб этиш йўли билан оммавий томоша тадбирларини ташкил этишдан даромад олувчи юридик шахслар учун – 35%;

ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи – 8%;

қуйидаги давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар:

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига – 1,6%;

Республика йўл жамғармасига – 1,4%;

Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига – 0,5%;

юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ – 5%;

ер қаъридан фойдаланувчилар учун солиқлар ва махсус тўловлар – ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, қўшимча фойда солиғи, бонуслар;

ягона ер солиғи – 0,95%;

Республика йўл жамғармасига йиғимлар ва ажратмалар.

 

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари индексацияланди

2017 йил 1 январдан сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2016 йилда амал қилганларига нисбатан ўрта ҳисобда 20%га индексацияланган. Индексация сув ресурсларидан янада самарали фойдаланиш ва давлат бюджетининг даромад базасини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилган.

Ер усти ва ер ости манбаларидан олиб фойдаланиладиган сув ҳажми сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ солиш объекти ҳисобланишини эслатиб ўтамиз. Солиқ ставкалари солиқ тўловчиларнинг тоифаларига қараб фойдаланилган сувнинг 1 куб метри учун сўмда белгиланган. Бунда алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчи корхоналар, қўллайдиган солиқ солиш тизими умумбелгиланган ёки соддалаштирилган тизим бўлишидан қатъи назар, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлайдилар.

 

Ижарага берувчи жисмоний шахслар учун ижара тўловининг энг кам ставкалари оширилди

Мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга шартномада белгиланган ижара тўлови суммасидан келиб чиқиб солиқ солинади. Бироқ бу сумма белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкаларидан келиб чиқиб ҳисобланган миқдордан кам бўлмаслиги керак.

Мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун ойлик ижара тўловининг энг кам ставкалари 1,5 баравар оширилган ва қуйидаги миқдорларда белгиланган:

1) уй-жойлар (умумий майдоннинг 1 кв.метри учун сўмда):

турар жой:

Тошкентда – 4 500;

Нукусда ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда – 3 000;

бошқа аҳоли пунктларида – 1 500;

нотурар жой:

Тошкентда – 9 000;

Нукусда ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда – 6 000;

бошқа аҳоли пунктларида – 3 000;

2) автотранспорт (1 та автотранспорт воситаси учун сўмда):

енгил автомобиль (йўловчилар, багаж ташишга мўлжалланган ҳамда ҳайдовчи ўрнини ҳисобламаганда, ўриндиқлари сони 8 тадан кўп бўлмаган автотранспорт воситаси) – 330 000;

микроавтобуслар, автобуслар ва юк автомобиллари – 645 000.

Юридик шахслар учун давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари ҳар йили вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланишини эслатиб ўтамиз.

 

Йиғим йил давомида барқарорлигича қолади

2017 йилдан бошлаб товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғимлар йил бошидаги ЭКИҲдан (2017 йил 1 январдаги ҳолатга кўра – 149 775 сўм) келиб чиқиб тўланади. Яъни уларнинг суммаси илгари бўлганидек йил давомида ЭКИҲ миқдори ўзгарганда қайта кўриб чиқилмайди.

Йиғимларнинг чекланган ставкалари илгариги даражада қолди. Аниқ ставкаларни эса маҳаллий давлат ҳокимияти органлари белгилайдилар, улар қонун ҳужжатларида белгиланган энг юқори ставкалардан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Қуйидаги ҳуқуқлар учун йиғимлар тўланишини эслатиб ўтамиз:

алкоголли маҳсулотлар, шу жумладан, умумий овқатланиш корхоналари томонидан уларнинг реализация қилиниши – 1 ойлик савдо учун ЭКИҲнинг 5 баравари;

қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар – 1 ойлик савдо учун ЭКИҲнинг 3,5 баравари;

автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш бўйича пулли хизматларни кўрсатиш – ҳар бир ой учун ЭКИҲнинг 8 баравари. Бунда ҳар ойда Тошкент шаҳрида йиғим миқдори ЭКИҲнинг 5 баравари, вилоят марказларида – ЭКИҲнинг 3 баравари, бошқа аҳоли пунктларида – ЭКИҲнинг 2 баравари миқдоридан кам бўлмаслиги керак.

 

Қурувчилар, умумий овқатланиш ва чакана савдо учун ЯИТни ҳисоблаш тартиби соддалаштирилди

Ушбу соҳадаги корхоналар ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрларидан келиб чиқиб ЯИТнинг энг кам миқдорини белгилайдилар (АВ томонидан 28.12.2010 йилда ­2173-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом). Ҳисоблаш таомили кўп босқичли ва аксарият бухгалтерлар учун жуда мураккаб ҳисобланади. Натижада хатога кўп йўл қўйилади, пеня ва жарималар солинади, солиқ маъмуриятчилиги мураккаблашади.

Энди чакана савдо, умумий овқатланиш ва қурилиш учун ЯИТ ҳисоблаш анча соддалаштирилади: улар энг кам ЯИТни бошқа хўжалик юритувчи субъектлар сингари, яъни энг кам иш ҳақига каррали миқдорлардан келиб чиқиб ҳисоблайдилар (АВ томонидан 13.04.2010 йилда 2095-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом):

микрофирмалар ва кичик корхоналар учун – ҳар бир ходим учун ойига 0,65 ЭКИҲ;

қолган ЯИТ тўловчилар учун – ҳар бир ходим учун ойига 1 ЭКИҲ.

Ушбу тартиб ихтисослаштирилган цехлар, участкалар ва корхоналарда ишловчи ногиронлар меҳнатига ҳақ тўлаш фондига, шунингдек янгидан ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектларига давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 6 ой давомида татбиқ этилмаслигини эслатиб ўтамиз. Агар мазкур муддатда улар ўз эҳтиёжлари учун объектлар қурган тақдирда, қуриб битказилган объектни қабул қилиш ҳужжати тасдиқланган санадан бошлаб 6 ой ўтгунгача, бироқ уларнинг давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг бир йилдан кўп бўлмаган даврда ЯИТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олмасликлари мумкин.

 

Абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўлов 33%га ошди

2017 йилда уяли алоқа компаниялари тўлайдиган абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўлов миқдори ойига 2 000 сўмгача оширилди (2016 йилда – 1 500 сўм). Бунда уни тақсимлаш тартиби ҳам ўзгарди:

85%и – бюджетга;

15%и – Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасига. Тўловнинг ушбу қисмидан мақсадли фойдаланиш назарда тутилган – у инвестиция лойиҳаларини ва ахборотлаштириш дастурларини амалга оширишга ҳамда телекоммуникация тармоқларини ривожлантиришга сарфланади.

Экспертларнинг баҳолашича, абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўловнинг оширилиши мобиль алоқа хизматлари қийматига деярли таъсир кўрсатмайди.

 

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари оширилди

2017 йилги жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари 2016 йилда амал қилганларига нисбатан ўрта ҳисобда 16%га оширилди. Солиқнинг янги ставкалари қуйидаги миқдорларда белгиланди:

базавий ставка (умумий майдон 200 кв.метргача) – 1,7% (2016 йилда – 1,5%);

шаҳарларда:

умумий майдон 200 кв.метрдан ошиқ ва 500 кв.метргача – 2,1% (2016 йилда – 1,8%);

умумий майдон 500 кв.метрдан ошиқ – 2,9% (2016 йилда – 2,5%);

бошқа аҳоли пунктларида (умумий майдон 200 кв.метрдан ошиқ) – 2,1% (2016 йилда – 1,8%).

Республика ҳудудида жойлашган уй-жойлар, квартиралар, дала ҳовли иморатлари, гаражлар ва бошқа иморатлар, жойлар, иншоотларга жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи солинишини эслатиб ўтамиз. «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси маълумотларига кўра ушбу объектларнинг инвентаризация қиймати солиқ солинадиган база ҳисобланади. У солиқ солиш мақсадида кўчмас мулкнинг кадастр баҳосини чиқаради ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ҳақидаги кадастр маълумотлар базасини шакллантиради. Ушбу база жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш учун ахборот манбаи ҳисобланади.

Баъзан муайян мол-мулк объектлари баҳоси ҳақидаги маълумотлар бўлмайди. Бунда мол-мулкнинг шартли қиймати солиқ солинадиган база деб қабул қилинади:

Тошкент шаҳрида ва вилоят марказларида – 20 328 минг сўм;

бошқа шаҳарларда ва вилоят марказларида – 8 833 минг сўм.

Ҳали белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган ва баҳоланмаган янги (янгидан қурилган) уй-жойлар бўйича мол-мулк шартли қийматининг икки баравари миқдоридан келиб чиқиб мол-мулк солиғи ундирилади.

Солиқни тўлаш тартиби ўзгармади. 2016 йилда бўлганидек, у солиқ солиш объектининг инвентаризация қиймати (бироқ 3 000 минг сўмдан кам эмас) ва белгиланган ставкадан келиб чиқиб тўланади.

 

МИСОЛ. Тошкентдаги бир хонали квартиранинг инвентаризация қиймати кадастр ҳужжатларига кўра 2 500 минг сўмни ташкил этади, унинг умумий майдони – 28 кв.м. Квартиранинг ушбу қийматидан ва унинг майдонига мувофиқ келувчи солиқ ставкасидан келиб чиқиб, мол-мулк солиғининг суммаси 2 500 х 1,7% = 42,5 минг сўмни ташкил этади. Бироқ 42,5 минг сўм эмас, балки 51 минг сўм тўлашга тўғри келади, чунки солиқ 2 500 минг сўмга эмас, балки 3 000 минг сўмга (3 000 х 1,7%) солинади. 

 

Транспорт воситалари учун бензин ва дизель ёқилғиси истеъмоли учун ундириладиган солиқ ставкалари оширилди

Маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2017 йил 1 январдан транспорт воситалари учун бензин ва дизель ёқилғиси истеъмоли учун ундириладиган солиқ ставкалари оширилди:

бензин – 1 литр учун 465 сўм/1 тонна учун 617 700 сўм;

дизель ёқилғиси – 1 литр учун 465 сўм/1 тонна учун 565 000 сўм.

Газ бўйича солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолдирилди:

суюлтирилган газ – 1 литр учун 230 сўм/1 тонна учун 436 300 сўм;

сиқилган газ – 1 куб м учун 275 сўм.

Автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари орқали бензин, дизель ёқилғиси ва суюлтирилган газ сотишда солиқ 1 литр ҳисобидан, қолган ҳолларда эса 1 тонна ҳисобидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади.

2016 йилдан айрим хўжалик юритувчи субъектлар учун воситачилик шартномалари бўйича импорт қилинадиган хом ашёдан қайта ишлашга бериш асосида ишлаб чиқариладиган нефть маҳсулотлари ҳажмларини солиқ солинадиган базага киритиш ҳисобига ушбу база кенгайтирилганини эслатиб ўтамиз. Уларнинг рўйхатини, шунингдек улар томонидан солиқ ҳисоблаб чиқарилиши ва тўланиши тартибини Молия вазирлиги ва ДСҚ белгилайди.

 

Суғурта бадаллари ставкаси ўзгартирилди

2017 йил 1 январдан фуқароларнинг мажбурий суғурта бадаллари ставкаси 8% миқдорида белгиланди (2016 йилда – 7,5%).

Ўзбекистон фуқароларининг қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда (ногиронлик бўйича) ёки боқувчисидан маҳрум бўлганда пенсия олиш ҳуқуқи, шунингдек унинг энг кам миқдори Конституция (39-модда) билан кафолатланган. Пенсияларни тўлаш манбаи – бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, унинг маблағлари фуқароларнинг суғурта бадаллари ажратмалари ҳисобидан ҳам шаклланади. Пенсия жамғармасидан пенсиялар, нафақалар ва компенсациялар ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини таъминлаш учун унинг даромадлари ва харажатлари мувозанатлаштирилиши зарур. Айни шу мақсадда ушбу чора кўрилган.

 

Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани иш берувчи тўлайди

Президентнинг 22.12.2009 йилдаги ПҚ-1245-сон қарори билан белгиланган ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани иш берувчининг маблағлари ҳисобидан тўлаш тартиби 2018 йил 1 январгача узайтирилди.

 

Маълумот учун: 2010 йил 1 январдан ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни иш берувчилар тўлайдилар. Бунгача нафақа маблағлар олиш учун корхона томонидан туман (шаҳар) ижтимоий таъминот бўлимларига тақдим этилган буюртманомалар асосида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланган.

 

2017 йилда ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар иш берувчилар ҳисобидан ҳам тўланади. Бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа тўловлари тегишли бюджетлар маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Чунончи, нафақа миқдори амалда ишланган вақтга қараб табақалаштирилади. Бунда биринчи марта ишга жойлашаётганлар учун ҳам, 12 ойдан ортиқ танаффусдан сўнг ўз меҳнат фаолиятини тиклаётганлар учун ҳам ишланган давр қуйидагича ҳисобга олинади:

ишга қабул қилинган кундан бошлаб 6 ойгача – ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилда бўлган вақтдаги ўртача ойлик иш ҳақининг 50%и;

6 ойдан 12 ойгача – 75%и;

12 ойдан ортиқ – 100%.

 

МИСОЛ. Аёл биринчи марта ишга кирди ва 6 ой ҳам ишламай, ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқаяпти. Унга ўртача ойлик иш ҳақининг 50%и миқдорида нафақа тайинланади. Агар аёл бир йилдан ортиқ ҳеч қаерда ишламаган бўлиб, ишга жойлашган ва 11 ойдан кейин ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқса, у ўзининг ўртача ойлик иш ҳақининг 75%и миқдорида нафақа олиши мумкин бўлади.

 

Шу тариқа, биринчи марта ишга жойлашгандан кейин ёки ишдаги 12 ойдан ортиқ танаффусдан кейин бир йил ишлагач ёки ишдаги танаффус 12 ойдан кам бўлган бўлса, 100% миқдоридаги нафақани олиш мумкин бўлади.

 

Самир ЛАТИПОВ, Ирина АХМЕТОВА, «Norma Online» экспертлари.

Прочитано: 7457 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика