Norma.uz

Ҳужжатга боғлиқлик

 

Ишнинг моҳияти

МЧЖ (етказиб берувчи) ва ХК (харидор) 2016 йил июнда тузган шартнома билан 70 млн сўмлик импорт қаҳва етказиб бериш назарда тутилган. Харидор келишилган туркум учун белгиланган муддатларда 12 млн сўм миқдоридаги 30 фоизлик олдиндан тўловни тўлади. Етказиб берувчи шартномада белгиланган муддатда товарни етказиб берди, бироқ унга мувофиқлик сертификатини тақдим этмади.

2016 йил июлда харидор товарга мувофиқлик сертификатини тақдим этишни сўраб етказиб берувчига талабнома юборди, бироқ у хорижий етказиб берувчи ҳамма ҳужжатларни жўнатмаганлиги ва гигиена сертификациясини ўтказишга яна вақт талаб этилишини, шундан кейин мувофиқлик сертификатини олишини айтди.

Етказиб берувчининг важ-далилларига қўшилмаган харидор 2016 йил августда шартномани ҳақиқий эмас деб топиш, етказиб берувчидан илгари тўланган 12 млн сўмлик олдиндан тўлов (асосий қарз), шунингдек давлат божи (1 432 640 сўм) ва почта харажатларини (7 200 сўм) ундириш ҳақидаги даъво билан хўжалик судига мурожаат қилди.

 

Харидорнинг позицияси

– Биз товарнинг келишилган туркуми учун олдиндан тўлов борасидаги шартномавий мажбуриятларимизни бажардик. Бироқ сотувчи ФКнинг 388-моддаси 2-қисмига кўра бизга мувофиқлик сертификатини тақдим этмади. «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддасига мувофиқ, мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган маҳсулотлар сертификатлаштиришга тақдим этилмаган ёки унинг талабларига мувофиқ эмаслиги сабабли сертификатлаштиришдан ўтмаган бўлса, Ўзбекистон ҳудудида реализация қилиниши мумкин эмас. Шу сабабли шартнома ФКнинг 116-моддасига асосан қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим сифатида ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Даъвони қондиришингизни сўраймиз.

 

Етказиб берувчининг позицияси

– Ҳақиқатан ҳам, харидор олдиндан тўловни ўз вақтида тўлади. Бироқ хорижий етказиб берувчи ҳужжатларнинг бир қисмини беришни кечиктирганлиги ва гигиена сертификациясини ўтказиш зарурати туфайли товарга сертификатни ўз вақтида тақдим эта олмадик. Биз мувофиқлик сертификатини тақдим этишдан бош тортмаяпмиз, бироқ ҳужжатларни олиш учун қўшимча вақт беришни ва даъвони рад этишни сўраймиз.

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ва муҳокама этиб, қонун ҳужжатлари қоидаларини таҳлил қилиб, харидор шартномани ҳақиқий эмас деб топиш, етказиб берувчидан илгари тўланган олдиндан тўловни асосий қарз сифатида, шунингдек давлат божи ва почта харажатларини ундириш ҳақидаги даъво билан мурожаат қилишига сабаб бўлган юқоридаги далилларнинг қисман тасдиғини топди.

ФКнинг 116, 236, 388 ва 420-моддаларига асосланиб, биринчи инстанция суди даъвода кўрсатилган, харидор тўлаган олдиндан тўлов суммасини (12 млн сўм) ундиришга, шартномани ҳақиқий эмас деб топишни эса рад этишга қарор қилди. ХПКнинг 95-моддасига мувофиқ, давлат божини қондирилган талабларга мутаносиб равишда харидор фойдасига ундиришга қарор қилди.

Апелляция ва кассация инстанциялари судлари ушбу ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирдилар.

 

Юрист шарҳи

ФКнинг 437-моддасига мувофиқ, маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи-сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади. ФКнинг 386-моддаси 6-қисмига асосан, айрим турдаги олди-сотди шартномалари сифатида товарлар етказиб бериш шартномаларига нисбатан, агар ФКнинг товарлар етказиб бериш шартномаларига доир қоидаларида бошқача ҳол назарда тутилган бўлмаса, олди-сотди учун назарда тутилган қоидалар қўлланади. ФКнинг 29-боби 3-параграфида олдиндан ҳақи тўланган товарни етказиб бермаслик қисмида олди-сотди шартномасида назарда тутилганидан бошқача қоидалар назарда тутилмаганлигини ҳисобга олиб, ФКнинг 420-моддаси қўлланади. ФКнинг 420-моддаси ­3-қисмига мувофиқ, олдиндан тўланган суммани олган сотувчи товарни топшириш бўйича мажбуриятни бажармаган тақдирда сотиб олувчи ҳақи тўланган товарни топширишни ёки сотувчи топширмаган товар учун олдиндан тўланган суммани қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли. Яъни харидорнинг олдиндан тўловни қайтариш талаби асосли ҳисобланади.

Иш материалларидан келиб чиқилса, тузилган шартнома шартлари қонун ҳужжатлари талабларига номувофиқ бўлишига йўл қўйилмаган. Етказиб берувчи товар етказиб бериш шартномаси бўйича зиммасига олган мажбуриятларни бажариш чоғида «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг ­12-моддаси ҳамда Мажбурий тартибда сертификатланадиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва унга олиб кириладиган маҳсулотлар турлари рўйхатида (ВМнинг 28.04.2011 йилдаги 122-сон қарорига 1-илова) назарда тутилган товарни (қаҳвани) мажбурий сертификатлаштириш талабини бузган, бунинг учун харидор олдида жавоб бериши керак. Ушбу қонунбузарлик ФКнинг 388-моддаси 2-қисмига кўра шартномавий ҳисобланади ва етказиб берувчи қаҳва учун мажбурий бўлган мувофиқлик сертификати ва гигиена сертификатини тақдим этмаганлигида ифодаланган.

Шу муносабат билан етказиб берувчининг ҳуқуққа зид хатти-ҳаракатларини томонларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ келмайдиган битим тузиши дея баҳолаб бўлмайди.

Суд даъво талабларини қисман қаноатлантириш ҳақида тўғри қарор қабул қилган.

Низони судгача ҳал этиш мақсадида етказиб берувчи товарни сертификатлаштириш ҳужжатларини расмийлаштириш муддатини ҳисобга олган ҳолда уни етказиб бериш муддатларини ўзгартиришни назарда тутувчи қўшимча битим тузиш ташаббуси билан чиқиши мумкин эди. Бу ҳолда етказиб берувчи судга қўшимча харажат қилишига тўғри келмас эди. Харидор эса шартномани тузиш олдидан товар ҳужжатлари билан танишиб чиқиши ва сертификат бўлмаганда, суд харажатларини тўлашга йўл қўймай, етказиб берувчининг уни олишини кутиши ёхуд уни тузишдан бош тортиши керак эди.

 

Павел Сильнов,

адвокат.

Прочитано: 1598 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика