Norma.uz
Норма маслахатчи / 2016 йил / № 51 / Мен истеъмолчиман

Яроқсиз маҳсулотларга қарши мониторинг

 

Харидорлар эътиборлироқ, фаолроқ, талабчанроқ бўлсалар, сотувчиларда яроқсиз озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш ва истеъмолчиларни алдаш истаги йўқолади, деган фикрга қўшилсангиз керак. Зеро фуқаролар муддати ўтган маҳсулотларни ёки яроқлилик муддати кўрсатилмаган маҳсулотларни қайтаришлари, уларни пештахтадан олиб ташлашни талаб қилишлари, умуман савдо ходимларини масъулият билан, қонунбузарликка йўл қўймаган ҳолда ишлашга мажбур қилишлари мумкин.

 

Қонун ҳужжатлари бизга сифатсиз маҳсулотлардан ҳимояланишимиз учун керакли дастакларни тақдим этган. Улар ижро этилса бас. «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида», «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлардан ташқари Ҳукуматнинг «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (28.11.2002 йилдаги 414-сон) амал қилади. У шу жумладан «истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш учун жамоатчиликни кенг жалб этиш, ички истеъмол бозорида сифати паст, одамлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи товарлар сотилишига йўл қўймаслик устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида» қабул қилинган эди.

Ҳужжат Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига (ИҲҲЖФ, Федерация) ички бозорда сотилаётган истеъмол товарларининг зарур сифатини ва хавфсизлиги мониторингларини ўтказиш ҳуқуқини берди. Бироқ бугунги кунда ушбу имкониятдан фойдаланилмаяпти.

Федерация ташкил этилган пайтда унга Зуҳра Сайдаминова – истеъмолчилар ҳаракати юзага келишининг сарчашмасида турган кучли, билимли, принципиал етакчи раҳбарлик қилган. Ўшанда озиқ-овқат маҳсулотлари сифати устидан жамоатчилик назорати ўтказиш ИҲҲЖФ иш амалиётига кириб, натижа берган.

Давлат рақобат қўмитаси (Қўмита), «Ўзстандарт» агентлиги, Давсанэпидназорат билан ўзаро ҳамкорлик механизмини назарда тутувчи мониторинглар ўтказиш услубияти ишлаб чиқилди. Федерация фаоллари таълим олиб, ИҲҲЖФ ва унинг вилоят бўлинмалари буйруқлари асосида амалга ошириладиган мониторингларни ўтказиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар олганлар. Улар савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳаси ходимларига мониторинг – текширув, савдо корхоналарининг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашув эмас, балки озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини: уларнинг сертификатлари бор-йўқлигини, сақлаш муддатлари, тайёрланган саналари кўрсатилганлигини текширувчи жамоатчилик назорати эканлигини тушунтирганлар. Шубҳали маҳсулотни экспертизага бериб, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши далиллари ҳақида назорат органларига хабар қилганлар. Буларнинг барчаси – қонунчилик тақдим этган истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари. ИҲҲЖФ ва унинг тузилмалари эса уларнинг номидан ҳаракат қилишлари шарт. Бироқ истеъмолчиларнинг жамоатчилик ҳаракати етакчиси вафот этганидан кейин тез орада ушбу йўналишдаги бутун фаолият йўқ бўлди. ИҲҲЖФ ва унинг тузилмалари мониторинглардан анкеталашга: хизматлар кўрсатилишига доир турли масалалар юзасидан жамоатчилик фикрини аниқлашга ўтдилар. Бу эса аввалги ишдан жуда катта фарқ қилади.

2010 йилда ВМнинг ­414-сон қарорига янги қоида киритилди, унга кўра истеъмол товарларининг зарур сифатда бўлиши ва хавфсизлиги юзасидан мониторинг олиб бориш истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус ваколатли давлат органлари билан биргаликда тасдиқланган ИҲҲЖФ режалари асосида амалга оширилади. Бу қадам ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, мониторинглар роли ва самарадорлигини оширишни кўзлаб қўйилган. Бироқ ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Мониторингларнинг роли етарли даражада баҳоланмаганича қолмоқда.

Аслида истеъмолчиларнинг манфаатларини мамлакат ижтимоий сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида қайд этган ва уларнинг ҳуқуқлари ҳимояланишини кафолатловчи ҳужжат аҳолининг кенг қатламлари ушбу жараёнга жалб этилишига умид боғлаган эди. Истеъмолчилар озиқ-овқат маҳсулотлари сифатидан биринчи ўринда манфаатдорлар. Улар уни баҳоловчи энг холис экспертлар бўлиб, на ишлаб чиқарувчи, на савдо билан муросага келмайдилар, акс ҳолда муддати ўтган товар уларнинг саломатликларига таъсир кўрсатади. Ушбу ресурсдан тўлақонли фойдаланилмаётганлиги ачинарлидир.

Яна бир муҳим жиҳат. Бизда хўжалик юритувчи субъектлар Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши рухсати билан текширилади. Улар олдиндан бу ҳақда огоҳлантирилади. Огоҳлантириш принципи текширувларни тартибга солиш, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига асоссиз аралашишни бартараф этиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш мақсадида белгиланган. Бироқ муддати ўтган маҳсулотлар ҳақида сўз борганда савдо ходимлари текширувга ҳозирлик кўришлари: бундай товарларни сотувдан олиб, у якунлангач яна сотувга қўйишлари мумкин. Балки озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича сифат назорати механизми бошқача бўлиши керакдир.

Давлат рақобат қўмитасига истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш вазифаси юклатилган. Қўмита уни бузганлик, хусусан, яроқлилик муддати ўтган товарларни, шунингдек ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шартлиги қонун ҳужжатларида назарда тутилган товарларни ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ҳолда реализация қилиш ва сотиш учун қабул қилганлик учун кўрсатма бермасдан маъмурий жарима солишга (фуқароларга ЭКИҲнинг 3 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 7 бараваридан 10 бараваригача) ҳақли. Бу МЖТКнинг ­178-моддаси билан белгиланган. Қўмита ўзи ва бошқа давлат органлари ўтказган текширувлар натижаларига кўра, қонунбузарликлар ҳақида унга материаллар берилганда маъмурий жарималарни қўллаши мумкин. Федерация бундай қонунбузарликлар ҳақида асосли ахборот тақдим этганда Давлат рақобат қўмитаси ҳам жарималарни қўллаши мумкин. Агар истеъмолчилар муддати ўтган ёки яроқлилик муддати кўрсатилмаган маҳсулотлар сотилиши ҳолларига тўқнаш келиб, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олмасалар, Тошкент ИҲҲЖ ҳудудий бирлашмаси, ИҲҲЖФ, Давлат рақобат қўмитасига мурожаат қилишлари мумкин.

 

«Мен истеъмолчиман» рукнини махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 1835 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика