Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 50 / Амалий бухгалтерия

Мақсадли фойдаланиладиган автомобиллар

 

ННТ (фаолият тури: хайрия) балансида инсонпарварлик ёрдами сифатида (шу жумладан халқаро ташкилотдан) олинган автомобиллар бор.

Жамият ушбу автомобилларни сотишга ҳақлими? Бухгалтерия ҳисобида бу операция қандай расмийлаштирилади? Мазкур ҳолда чиқиб кетишдан даромадга фойда солиғи солинадими?

Б.Чинозова.

 

Ҳуқуқий жиҳат

– Инсонпарварлик ёрдами сифатида олинган автомобилларни қабул қилаётганда уларни тасарруф этиш ҳуқуқи қайд этилмаган бўлса, уларнинг сотилиши ҳуқуққа зид бўлади.

Қонунлар ва қонуности ҳужжатларида инсонпарварлик ёрдами ва бошқа хайр-эҳсон сифатида олинган мол-мулкдан фойдаланиш, эгалик қилиш ва тасарруф этишга доир айрим шартлар қўйилади, шу жумладан:

1) бу мол-мулкдан унинг вазифасига мувофиқ фойдаланиш шарт қилиб қўйилиши мумкин, ундан мақсадга зид ҳолда фойдаланиш хайр-эҳсон қилувчига хайр-эҳсонни бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқини беради (ФКнинг 511-моддаси 4–7-қисмлари; Низомнинг ­14-банди, ВМнинг 15.11.2005 йилдаги 251-сон қарорига 3-илова);

2) инсонпарварлик ёрдамини олувчилар Молия вазирлиги Ғазначилигига мажбурий тартибда банк ҳисобварақларидан кўчирмалар ва бу ҳақдаги маълумотларни, шунингдек белгиланган тартибда ҳисоботни тақдим этадилар (АВ томонидан 30.05.2009 йилда 1960-сон билан рўйхатдан ўтказилган Қоидалар, АВ томонидан 2.02.2009 йилда 1892-сон билан рўйхатдан ўтказилган Қоидалар);

3) инсонпарварлик ёрдамидан белгиланмаган мақсадда фойдаланишда айбдор бўлган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавоб берадилар (Низомнинг 6-банди);

4) инсонпарварлик ёрдами юкларининг мақсадли фойдаланилиши устидан назорат ҳудудий (ҳокимликлар ҳузуридаги) ва тармоқ (вазирликлар, идоралар ва ННТ ҳузуридаги) комиссиялари томонидан амалга оширилади (Низомнинг ­16-банди).

Агар автомобиллар нафақат фойдаланиш учун, балки келгусида мустақил тасарруф этиш, шу жумладан учинчи шахсга бериш шарти билан тақдим этилган бўлса, уларни сотиш мумкин. Акс ҳолда уларнинг сотилиши юқоридаги қонун ҳужжатларига зид бўлади.

Инсонпарварлик ёрдамидан фойдаланиш шартининг (агар бу назарда тутилган бўлса) бузилиши оқибатида хайр-эҳсонни бекор қилиш ва мол-мулкни қайтариш юзасидан судга даъво қилиниши мумкин (ФКнинг 511-моддаси 7-қисми).

Бундан ташқари, инсонпарварлик ёрдамидан мақсадга кўра фойдаланилмаганда уни олиб киришда тўланмаган божхона тўловлари (имтиёз кўринишида) тўланиши лозим (Божхона кодексининг 22-моддаси).

 

Эркин ҲОСИЛОВ,

«Norma Online» эксперти.

 

Бухгалтерия ҳисоби

Автомобилни сотиш муносабати билан балансдан ҳисобдан чиқариш 21-сон БҲМС (АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ва Асосий воситалар қийматини балансдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ амалга оширилади:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Автомобилнинг бошланғич (тиклаш) қиймати ҳисобдан чиқарилди

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

0160-«Транспорт воситалари»

 

Автомобилнинг ҳисобланган эскириши ҳисобдан чиқарилди

 

0260-«Транспорт воситаларининг эскириши»

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

Сотишдан тушум акс эттирилди

 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган ҳисобварақлар»

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

ҚҚС акс эттирилди (солиқни тўловчилар учун)

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»

 

Автотранспортнинг сотилиши (чиқиб кетиши) харажатлари акс эттирилди

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

Харажатларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар

 

Чиқиб кетаётган асосий воситани қўшимча баҳолаш суммалари ҳисобдан чиқарилди

 

8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар»

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

Автомобилни сотишдан зарар акс эттирилди (зарар кўрганда)

 

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

Автомобилни сотишдан фойда акс эттирилди (фойда кўрганда)

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

9310-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан олинган фойда»

 

Автомобилни сотишдан пул маблағлари келиб тушиши акс эттирилди

 

5010–5530-«Пул маблағларини ҳисобга олувчи ҳисобварақлар»

 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган ҳисобварақлар»

 

 

Сотилган асосий восита бўйича амортизацияни ҳисоблаш у чиқиб кетган ойдан кейинги ойнинг 1 кунидан бошлаб тўхтатилади (АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган 5-сон БҲМСнинг 31-банди).

 

Солиқ солиш

Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан даромадлар бошқа даромадларга киради (Солиқ кодексининг 132-моддаси 1-қисми 1-банди). ННТнинг бошқа даромадларига фойда солиғи солинмайди (Солиқ кодексининг 132-моддаси ­3-қисми).

Инсонпарварлик ёрдами сифатида хориждан олинган автотранспорт сотилганда божхона қонунчилигига мувофиқ мажбуриятлар (божхона божлари, йиғимлари ва ҳ.к.) ҳам юзага келиши эҳтимол, улар автотранспортнинг бошланғич қиймати ва ҳисобланган эскириш суммаси ўзгаришига олиб келади.

Божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар берилган шартли чиқариб юборилган товарлар ва транспорт воситаларидан фақат ушбу имтиёзлар берилишидан кўзланган мақсадда фойдаланиш ва тасарруф этишга йўл қўйилади.

Улардан божхона имтиёзлари берилишидан кўзланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилган тақдирда божхона тўловларини тўлаш ҳамда Божхона кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талабларни бажариш керак бўлади.

Божхона тўловларини тўлаш муддати – товарлардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш бўйича чекловларга риоя этилмаган биринчи кун (БКнинг 327-моддаси).

 

Бошланғич ҳужжатлар

Бундай операция белгиланган тартибда ҳисобварақ-фактура, асосий воситалар объектини қабул қилиш-топшириш далолатномаси (АВ-1 шакли) билан расмийлаштирилади, шунингдек инвентарь карточка ­(АВ-6 шакли) ёпилади. Қабул қилиш-топшириш далолатномаси эркин шаклда тузилади ва корхона раҳбари ёки ваколатли шахс томонидан тасдиқланади. Далолатномада топширувчи ва қабул қилувчи тарафлар, объектнинг баланс қиймати, топшириш пайтидаги эскириш суммаси, қайта баҳолаш сальдоси, шунингдек топширилаётган объект ҳақидаги бошқа маълумотларни кўрсатиш зарур. Чиқиб кетаётган объектнинг инвентарь карточкаси картотекадан олиб қўйилади ва далолатномага илова қилинади.

 

Замира ЖЎРАЕВА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2142 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика