Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 50 / Амалий бухгалтерия

Фойдаланиш мумкин эмас, ҳисобдан чиқарилсин

 

ЯСТ тўловчи корхона омборларида сақланаётган хом ашё ва материаллар яроқсиз ҳолатга келгани сабабли уларни корхона харажатлари сифатида ҳисобдан чиқариш режалаштирилмоқда.

1. Яроқсиз хом ашё ва материалларнинг ҳисобдан чиқарилиши қай тартибда ва қандай ҳужжатлар билан расмийлаштирилади?

2. Солиқ оқибатлари қандай бўлади?

3. Бу бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади?

К.Эргашев, бухгалтер.

 

1

ТМЗни балансдан ҳисобдан чиқариш тартиби 4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»да (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган) қайд этилган. ТМЗ (шу жумладан хом ашё ва материаллар) сақлаш муддати тугагач яроқсизлиги сабабли, жисмонан ва маънан эскирганлиги натижасида ҳисобдан чиқарилиши мумкин (4-сон БҲМСнинг 49-банди).

ТМЗ келгусида фойдаланиш учун яроқсизлиги, уларни тиклаб бўлмаслиги ёки бунинг самарасизлиги даражасини белгилаш, шунингдек уларни ҳисобдан чиқариш ҳужжатларини расмийлаштириш мақсадида корхонада раҳбар буйруғи билан доимий фаолият юритувчи комиссия тузилиши мумкин. Унинг таркибига тегишли мансабдор шахслар, шу жумладан бош бухгалтер (моддий бухгалтер) ва ҳисобдан чиқарилаётган активларни сақлаш учун жавобгарлик зиммасига юклатилган шахслар киради.

Комиссия:

материалларни бевосита кўздан кечиради;

уларнинг фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келиши сабабларини белгилайди;

материаллар яроқсиз бўлишида айбдор шахсларни аниқлайди;

улардан бошқа мақсадларда фойдаланиш имкониятини белгилайди;

материалларни ҳисобдан чиқариш далолатномасини тузади;

мутахассислар билан биргаликда уларнинг бозор қийматини баҳолайди;

яроқсиз материаллар утиллаштирилишини назорат қилади.

Яроқсиз ТМЗни ҳисобдан чиқариш далолатномасини корхона раҳбари тасдиқлайди.

Материалларни ҳисобдан чиқариш далолатномасида қуйидагилар кўрсатилади:

♦ ҳисобдан чиқарилаётган материалларнинг номи ва уларнинг фарқловчи аломатлари;

♦ миқдори;

♦ ҳақиқатдаги таннархи;

♦ белгиланган сақлаш муддати;

♦ материаллар келиб тушган сана (ой, йил);

♦ ҳисобдан чиқариш сабаби;

♦ айбдор шахслардан моддий зарар ундирилганлиги ҳақида ахборот.

Истеъмол хоссаларини йўқотган хом ашё, материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар, бошқа буюмларнинг қолдиқлари (чиқиндилар) қайта ишлаш, утиллаштириш ёки кўмиш учун ихтисослаштирилган корхоналарга берилади.

Корхоналар токсик ва нотоксик чиқиндилар ҳисобини юритишлари (ВМнинг 27.10.2014 йилдаги 295-сон қарори билан тасдиқланган Низомга 2, 3-иловалар) ва ҳисобот йили якунига кўра, чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, жойлаштирилиши, улардан фойдаланилиши ёки уларнинг ихтисослаштирилган корхоналарга қайта ишлаш, утиллаштириш, кўмиш учун берилиши ҳақидаги статистика ҳисоботини тақдим этишлари шарт (Низомнинг 7-банди).

 

2

ТМЗнинг ишдан чиқишида айбдорлар аниқланмаганда ёки айбдорлардан зарарни ундириш имкони бўлмаганда кўрилган зарар суммаси корхона харажатларига ҳисобдан чиқарилади ва ЯСТни ҳисоблашда инобатга олинмайди.

Агар айбдорлар аниқланган бўлса, зарар миқдори комиссия томонидан иш кўрилган кунида амалда бўлган бозор нархлари бўйича ҳисобланади (МКнинг 205-моддаси).

Ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда етказилган зарар суммаси айбдор ходимдан иш берувчининг фармойишига мувофиқ ундирилади. Фармойиш зарар етказилганлиги аниқланган кундан бошлаб 1 ой ичида чиқарилиши мумкин.

Етказилган зарарнинг ходимдан ундирилиши лозим бўлган суммаси унинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошиб кетса ёки зарар аниқланган кундан кейин бир ойлик муддат ўтган бўлса, зарар суд тартибида ундирилади (МКнинг 207-моддаси).

Раҳбарнинг фармойиши ёки суднинг ҳал қилув қарори айбдор шахснинг қарзини бухгалтерия ҳисобида акс эттириш учун асос бўлади.

Агар айбдор шахс қоплаши керак бўлган ишдан чиққан материалларнинг бозор қиймати уларнинг ҳақиқатдаги таннархидан юқори бўлса, фарқ суммасига ялпи тушум таркибида асосий фаолият тури ставкасида ЯСТ солинади. Агар ундирув суммаси яроқсиз материалларнинг ҳақиқатдаги қийматидан паст бўлса, кўрилган зарар суммаси корхона харажатларига ҳисобдан чиқарилади ва ЯСТни ҳисоблашда инобатга олинмайди. Яъни корхона даромади ёки зарари айбдор шахснинг қарзини тан олиш пайтида юзага келади.

 

3

Чиқиб кетиш муносабати билан ТМЗни исталган ҳисобдан чиқариш суммаси ва уларга доир барча зарарлар ҳисобдан чиқариш юз берган ёки зарар етказилган ҳисобот даври мобайнида харажат сифатида ҳисобга олиниши керак (4-сон БҲМСнинг 51-банди).

Корхонанинг мол-мулки (активлари) чиқиб кетишидан (балансдан ҳисобдан чиқарилишидан) кўрилган зарарлар бошқа операцион харажатлар таркибига киритилади ва 9430-«Бошқа операцион харажатлар» ҳисобварағида акс эттирилади (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2.3.15.11-банди).

 

Яроқсиз материалларни ҳисобдан чиқариш бўйича бухгалтерия проводкалари:

 

Материаллар ишдан чиққанда уларнинг ҳисобдан чиқарилиши
(айбдорлар аниқланмаган)

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Материалларнинг ҳақиқатдаги қиймати ҳисобдан чиқарилди

 

5910-«Камомадлар ва қимматликларнинг бузилишидан йўқотишлар»

 

1000-«Материаллар» гуруҳи ҳисобварақлари

 

Яроқсиз материалларни ҳисобдан чиқаришдан кўрилган зарар акс эттирилди

 

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

 

5910-«Камомадлар ва қимматликларнинг бузилишидан йўқотишлар»

 

 

 

Айбдор шахслар аниқланганда яроқсиз материалларнинг ҳисобдан чиқарилиши

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Материалларнинг ҳақиқатдаги қиймати ҳисобдан чиқарилди

 

5910-«Камомадлар ва қимматликларнинг бузилишидан йўқотишлар»

 

1000-«Материаллар» гуруҳи ҳисобварақлари

 

Моддий зарарни қоплаш бўйича айбдор шахсларнинг мажбуриятлари акс эттирилди

 

4730-«Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзи»

 

5910-«Камомадлар ва қимматликларнинг бузилишидан йўқотишлар»

 

Айбдор шахслардан ундириладиган яроқсиз материалларнинг бозор қиймати билан яроқсиз материалларнинг ҳақиқатдаги қиймати ўртасидаги фарқ акс эттирилди (бозор қиймати ҳақиқатдагисидан юқори)

 

4730-«Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзи»

 

9320-«Бошқа активларнинг чиқиб кетишидан фойда»

 

Айбдор шахслардан ундириладиган яроқсиз материалларнинг бозор қиймати билан яроқсиз материалларнинг ҳақиқатдаги қиймати ўртасидаги фарқ акс эттирилди (бозор қиймати ҳақиқатдагисидан паст)

 

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

 

5910-«Камомадлар ва қимматликларнинг бузилишидан йўқотишлар»

 

 

 

Замира ЖЎРАЕВА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1860 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика