Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 46 / Кадрлар

«Хуш келибсиз!»

 

ёки Бухгалтерни қандай қилиб ишга тўғри расмийлаштириш мумкин

 

Бухгалтерия ҳисоби соҳасида билимли, тажрибали ва масъулиятли мутахассисни топиш осон эмас. Бироқ керакли кишини топгач, у билан муносабатларни тўғри расмийлаштириш муҳим.

Ушбу масалада иккита позиция: бухгалтер ходим ва иш берувчи директорнинг позициялари мавжуд. Умумий мақсад – меҳнат муносабатларига киришишни кўзлаётганда кўпинча уларнинг манфаатлари фарқланади. Бунинг устига бухгалтерлик фаолияти хусусияти боис иш мураккаблашади.

Мавзунинг айрим жиҳатларини икки хил нуқтаи назардан кўриб чиқиб, қонун доирасида эҳтимолий мақбул ечимларни шакллантирамиз.

 

Ҳозирча «шундоқ» ишлайсиз...

Бухгалтернинг нуқтаи назари:

«Янги ишга кирасиз, ҳаммаси кўнгилдагидек туюлади, фақат раҳбарият ишга қабул қилиш ҳужжатларини расмийлаштиришга шошилмайди. Бундай «илинган» ҳолатда қанча юриш мумкин, иш берувчининг ушбу ҳаракатсизлигига йўл қўйиб бўладими?»

 

– Жавобимиз қатъий – «йўқ»! Меҳнат кодекси билан корхонада 5 кундан ортиқ ишлаган барча ходимлар расман расмийлаштирилиши тайинланган. Механизм стандарт тусда: ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруққа биноан ходимнинг (ўриндошдан ташқари) меҳнат дафтарчасига ёзув қайд этилади. Буйруқ меҳнат шартномасига асосан чиқарилади.

Агар бундай қилинмаса, ҳар қандай юрист аввалига ташкилот раҳбариятига мурожаат қилиб, қонунда назарда тутилган таомилларга риоя этишни талаб қилишни маслаҳат беради. Бу ёрдам бермаса – ўз меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш мақсадида давлат органлари: давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси ёки прокуратурага шикоят қилиш лозим.

Биз ўйлаб қарор қабул қилишни тавсия этамиз. Масалани маъмурий усуллар билан ҳал этиш мумкин, албатта, лекин ўртада дилсиёҳлик юзага келади. Фикримизча, аввалбошдан раҳбарият билан мулоқот қилиш йўлини танлаган маъқул. Исталган вазиятдан чиқиш йўли мавжуд, илож бўлмаганда – ишдан бўшаш қийин эмас.

 

Директорнинг фикри:

«Ҳар бир директор учун бухгалтер билан иложи борича ўзаро ишончга асосланган муносабатларни қуриш муҳим. Юқори малака, билим ва тажрибага, ишчи вазиятларни ечиш кўникмасига эгалигини исботлаган, синалган кишигагина ишониш мумкин. Бундан бошқачаси керак эмас!»

– Бу гапда мантиқ бор. Бироқ бу қонунни бузишга сабаб бўла олмайди. Ишга қабул қилиш ҳужжатларини ўз вақтида расмийлаштириш – иш берувчининг алоҳида ҳуқуқи, бундан у худди ходим каби манфаатдордир.

Биринчидан, текинга ишлашга тайёр бўлган билимли мутахассисни топиш мушкул, унга «ҳамёндан» пул тўласа – яна қонунни бузган бўлади.

Иккинчидан, қўшимча кафолатлар ҳақида унутмаслик лозим: «расман» ишловчиларга меҳнат стажи ҳисобланади, ҳақ тўланадиган таътиллар, мукофотлар, устамалар, иш вақтидан ташқари ишлаганлик учун тўловлар, пенсия ажратмалари ва бошқалар берилади. Бундай ижтимоий тўловлардан ҳар ким ҳам воз кеча олмайди.

Учинчидан, агар кишига бухгалтериянгизни юритишни топширсангиз, бу иш учун унинг ўзи жавоб беради. Бироқ бухгалтер ташкилот билан ҳеч қандай муносабатда бўлмаса, унинг ишни ўз вақтида ва сифатли бажариш учун жавобгарлиги ҳақида ўйламаса ҳам бўлади.

Хуллас, муаммоларнинг олдини олиш учун муносабатларни қонунийлаштириш лозим. Иккала тарафга мақбул келадиган вариантларни кўриб чиқамиз.

Аввал фуқаролик, сўнг меҳнат шартномаси

Дастлаб ҳар қандай мутахассисни фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича расмийлаштириш мумкин. У муайян муддатга тузилади ва кишини ишда тўлақонли синаш имконини беради. Бироқ бухгалтер билан айрим жиҳатларга эътибор қаратиш лозим.

Айтайлик, пулли хизматлар кўрсатиш шартномасига кўра ижрочининг жавобгарлиги ушбу хизматлар баҳосининг 2 баравар миқдори билан чекланган. Бунда у билан тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузиб бўлмайди. Бундай шартномалар пул ёки товар қимматликларига бевосита хизмат кўрсатувчи ходимлар билангина тузилади. Ходим эса ушбу мажбуриятларни меҳнат шартномаси асосида бажаради.

Шу сабабли директор учун жавобгарлик масаласи устун саналса, бухгалтерни меҳнат шартномаси бўйича расмийлаштирган ишончлироқ бўлади. Меҳнат шартномасида ходимни дастлабки синаш муддатини кўрсатган маъқул1. Уддалай олмаса – бу ҳақда 3 кун олдин огоҳлантирган ҳолда ишдан бўшатиш мумкин.

Бухгалтер билан тузиладиган меҳнат шартномасининг бир қатор ўзига хос хусусиятларига эътибор қаратамиз.

Мажбуриятлар хусусида олдиндан келишиб оламиз

Аввалига бош бухгалтер ёки унинг вазифаларини бажарувчи ходим билан тузиладиган шартнома муддатли бўлиши мумкин. МКнинг 76-моддасида бу тўғридан-тўғри кўрсатилади. Директорнинг нуқтаи назаридан 2 та сабабга кўра янги ходим билан бундай шартнома тузиш мақсадга мувофиқ:

1) психологик омил. Синов муддати ўтса ҳам, бухгалтер меҳнат муносабатларини давом эттиришдан манфаатдорлигини намоён этиш учун иложи борича сифатли ва тезкор ишлашга интилади;

2) агар у билан хайрлашишга тўғри келса ҳам, буни муддатли меҳнат шартномаси ўтгач қилиш мумкин – бу нисбатан оддий ва низосиз вариант.

Шартноманинг ўзида одатда ходимнинг умумий меҳнат мажбуриятлари қайд этилади. Бухгалтер иш вақтида шуғулланиши керак бўлган ишларнинг батафсил рўйхати эса лавозим йўриқномасида ва корхонанинг бошқа локал ҳужжатларида акс эттирилади.

 

МИСОЛ

 

Меҳнат шартномаси

 

Лавозим йўриқномаси

 

Ходимнинг мажбуриятлари:

меҳнат интизомига ва корхонанинг локал ҳужжатларидаги (жамоа шартномаси, ички меҳнат тартиби қоидалари, буйруқлар, низомлар ва йўриқномалардаги) бошқа шартларга риоя этиш;

меҳнатни муҳофаза қилиш, техника хавфсизлиги ва санитария талабларига риоя этиш;

иш берувчининг мулкини асраш;

амалдаги қонунчилик талабларига риоя этиш;

иш берувчининг қонуний фармойишларини бажариш ва ҳ.к.

Бухгалтер:

мол-мулк, мажбуриятлар ва молиявий-хўжалик операцияларининг бухгалтерия ҳисобини юритади;

бухгалтерия ҳисобининг тегишли участкалари бўйича бошланғич ҳужжатларни қабул қилиб, назорат қилади ва уларни ҳисобда ишлов бериш учун тайёрлайди;

бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақларида асосий воситалар, товар-моддий бойликлар ва пул маблағлари ҳаракати билан боғлиқ операцияларни акс эттиради;

қонунчиликда белгиланган муддатларда молиявий, солиқ ва статистика ҳисоботларини тузиб, топширади ва ҳ.к.

 

2 та вариант мавжуд: барча жиҳатларни меҳнат шартномасида қайд этиш ёки барча муҳим жиҳатлар батафсил акс эттирилган лавозим йўриқномаси билан бухгалтерни тилхат олган ҳолда таништириш. Иккаласи юридик нуқтаи назардан тенг кучга эга.

Лавозим мажбуриятларининг аниқ белгиланган доираси, бир томондан, бухгалтерга уларни «мақбуллаштириш» имконини қолдирмаслигини англаш муҳим, бу директорга қўл келиши шубҳасиз.

Бошқа томондан – бу корхонада ким нима қилиши кераклиги хусусидаги иш берувчи билан эҳтимолий низода бухгалтерга қўшимча кафолат бўлади. Иккала тарафнинг манфаатлари инобатга олинган, кейинги қадамни қўйса ҳам бўлади.

 

Зарар учун жавоб берасиз!

Бухгалтер ўзига ишониб топширилган моддий бойликлар учун «боши билан» жавоб беради. Тарафларнинг жавобгарлиги ҳақидаги меҳнат шартномасида мажбуриятлар белгилаб олинса, бухгалтер билан эҳтимолий низоли вазиятларда иш берувчининг позицияси мустаҳкамланади.

Бухгалтернинг лавозим мажбуриятларидан келиб чиқиб, у билан тўлиқ шахсий моддий жавобгарлик ҳақида шартнома имзолаш мумкин ва ҳатто кераклигини ҳисобга олиш лозим. Масалан, бухгалтер-кассир лавозими нақд пул айланмаси билан бевосита боғлиқ. Кичик бизнес соҳасида баъзан бухгалтер маълум сабабларга кўра омбор мудири мажбуриятларини ҳам бажаради. Шу сабабли бундай шартнома тузиш – ортиқчалик қилмайдиган чора.

Бунда меҳнат шартномасига қуйидаги таърифни киритиш керак:

«Ходим тўлиқ шахсий моддий жавобгарлик ҳақидаги шартнома шартларига ва амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ иш берувчига етказилган зарар учун жавобгар бўлади».

Бироқ фақат бошланғич ҳужжатларни қабул қилиб, уларга ишлов бериш, молиявий, солиқ ҳисоботларини ­тайёрлаб топшириш билан шуғулланувчи, пул ёки товар бойликларига хизмат кўрсатиш билан бевосита боғлиқ бўлмаган бошқа мажбуриятларни бажарувчи бухгалтерларга тўлиқ моддий жавобгарлик рахна солмайди.

Тўлиқ моддий жавобгарликни назарда тутувчи лавозимларнинг аниқ рўйхати жамоа шартномаси билан, у бўлмаганда эса – иш берувчи ва ходимларнинг вакиллик органи ўртасидаги келишув билан тасдиқланади.

 

Қабул қилдингизми? – Имзоланг!

Табиийки, янги бухгалтер ҳамкасбининг хатолари учун жавоб бериши керак эмас. Бироқ директор, масалан, нотўғри расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура учун кимдан тушунтириш беришни талаб қилиши мумкинлигини билиши муҳимдир.

Ушбу масалада бухгалтер ўз лавозим мажбуриятларини бажаришга киришадиган сана муҳим аҳамиятга эга. Бунгача расмийлаштирилган ҳужжатлар учун у жавоб бермаслиги мантиқан тўғри бўлади.

Бошланғич ҳисоб ҳужжатлари, бухгалтерия ҳисоби регистрлари, молиявий ҳисобот ва бошқа ҳисоботлар, шунингдек бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш ҳамда юритиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатлар ҳисобот йилидан кейин камида 5 йил сақланади2.

Шу сабабли янги ишга қабул қилинган мутахассисга унгача корхонада расмийлаштирилган барча кўрсатилган ҳужжатлар ҳисоб бериш шарти билан топширилади. Бунинг учун қабул қилиш-топшириш далолатномаси тузилади. Далолатномани имзолашдан аввал топшириладиган барча ҳужжатларни ялпи инвентарлаш комиссияси тузилади. Қабул қилувчи шахс қатнашишга ҳақли бўлган текширув якунларига кўра ҳужжатларнинг йиғма рўйхати тузилиб, далолатномага илова қилинади.

Далолатнома топширувчи ва қабул қилувчи ходимлар томонидан имзоланади, комиссия раиси (одатда, ташкилот раҳбари) томонидан тасдиқланади.

 

Имзо тасдиқланган

Барча ҳужжатлар расмийлаштирилган бўлса ҳам, бухгалтерни ишга қабул қилиш таомили тўлиқ тугади деб бўлмайди. Қонунга кўра бухгалтер имзолаш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин3. Бироқ бухгалтерни расман ушбу ҳуқуқ берилган шахслар сирасига киритиш билан иш битмайди.

Қонунчилик юридик шахслардан тасдиқланган шаклдаги Имзолар намуналари қўйилган варақчани хизмат кўрсатувчи банкка тақдим этишни талаб қилади4. Бу ҳисобварақни очишда ҳам, лоақал битта имзо билан ўзгартириш ёки тўлдиришда ҳам зарур. Агар ишга қабул қилинган бухгалтернинг имзоси кўрсатилган Варақчага киритилмаса, банк у имзолаган ҳужжатларни, масалан, иш ҳақини олиш учун ҳужжатни қабул қилмайди.

Бундан ташқари, бош бухгалтернинг маълумотлари юридик шахснинг ЭРИга ўзгартиришлар киритиш учун туман ДСИга йўналтирилади.

 

Олег ЗАМАНОВ,

«Norma Online» эксперти.

 


1Ҳомиладор аёллар; 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар; корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахслар; ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан 3 йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилари ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмаслигини ҳам ҳисобга олиш зарур (МКнинг ­84-моддаси 3-қисми).

2«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддаси (13.04.2016 йилдаги ­ЎРҚ-404-сон Қонун таҳририда).

3«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддаси.

4Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги йўриқномага (АВ томонидан 27.04.2009 йилда 1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 3-илова.

Прочитано: 2113 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика