Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 46 / Божхона

Сарсон-саргардон «феназепам»

 

Халқимизда «Шаҳар – бедарвоза эмас» деган нақл бор. Яъни ҳар бир нарсани мамлакатга олиб кириш ва бу ердан олиб чиқишнинг ўз қонун-қоидаси бўлади. Сарҳадларимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлашга масъул ҳисобланган божхоначилар кўп ҳолларда таркибида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар бўлган дори воситаларини республикамиз ҳудудига олиб киришга уринишларни фош этишмоқда.

 

Андижон аэропортида Москвадан учиб келган қувалик Н.Зоҳидованинг (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) қўл юклари божхоначилар томонидан кўздан кечирилганда, у божхона назоратидан яширин равишда 90 дона «Феназепам» психотроп таблеткаларини олиб киришга урингани фош бўлди.

Сурхондарё вилояти «Сариосиё» чегара божхона пости орқали қўшни давлатдан пиёда ҳолда кириб келган хорижий давлат фуқароси П.Стефаннинг қўл юкларидан ҳам «Феназепам», «Диазепам» каби 4 турдаги 121 дона психотроп таблеткалар топилди.

Қорақалпоғистонлик божхоначилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идора вакиллари билан ҳамкорликда «Довут ота» чегара божхона постида қўшни давлатдан кириб келган деновлик И.Очиловнинг «Нексия» автомашинасини божхона кўригидан ўтказишганда, ушбу шахснинг йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган 50 дона «Феназепам» дори воситаларини ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб киришга уринганини аниқлашди.

«Волгоград-Тошкент» рейси бўйича йўловчи поездида республикамизга кириб келган О.Смирновадан эса худди шу таблеткалардан 150 дона топилди.

«Келес» темир йўл чегара божхона постида «Уфа-Тошкент» йўналишидаги йўловчи поезди йўловчиси, хорижий фуқаро М.Газиеванинг сумкасига ҳам 33 дона «Феназепам» «қаердандир тушиб қолибди».

Маълумки, Халқаро почта конвенциясига асосан, почта жўнатмалари орқали психотроп ва наркотик воситаларнинг юборилиши қатъиян тақиқланган.

Мазкур талаб миллий қонунчилигимизда ҳам мустаҳкамланган бўлиб, «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддаси бундай моддаларни почта жўнатмаларида жўнатишни тақиқлайди.

Лекин шунга қарамай, «Бошпочтамт» ТИФ божхона постида тошкентлик Ч.Анастасия номига юборилган почта жўнатмаси амалдаги тартибларга мувофиқ божхона кўригидан ўтказилганда, ушбу жўнатмадаги буюмлар орасида 2 турдаги дори воситалари, шу жумладан 150 дона «Феназепам» таблеткалари борлиги аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текшируви ва суриштирув жараёнлари бошлаб юборилган.

Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида божхона органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 90 га яқин божхона қоидабузарликларида 5,5 минг донадан ортиқ психотроп таблеткаларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

 

Эслатиб ўтамиз, божхона органлари тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжатлар мавжудлигини ва уларда кўрсатилган маълумотларнинг жисмоний шахсдаги гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг номларига ва сонига мувофиқлигини белгиланган тартибда назорат қиладилар.

Жисмоний шахслар томонидан тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжатда ва божхона органига билдирилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар номлари ва сонидан ортиқ бўлган тақдирда ортиқчаси олиб қўйилади ва белгиланган тартибда йўқ қилинади.

 

Ҳусен ТАНГРИЕВ,

ДБҚ Ахборот хизмати катта инспектори.

 

Ҳужжат тили билан

«Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида»ги қарор (12.11.2015 йилдаги ВМҚ 330-сон) билан божхона чегарасидан олиб ўтилиб, муомалада бўлиши тақиқланган ва чекланган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг рўйхатлари тасдиқланган.

Дори воситалари ва тиббий буюмларни жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ҳамда олиб чиқиш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 8.06.2016 йилдаги 191-сон қарори билан тасдиқланган) кўра гиёҳвандлик воситаларини 7 суткалик эҳтиёждан ортиқ бўлмаган миқдорда олиб киришга яшаш ёки бўлиш мамлакатининг тиббиёт муассасаси томонидан берилган, даволаш курсининг тавсия этиладиган сони кўрсатилган ҳужжатлар мавжуд бўлганда рухсат берилади.

Жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун психотроп моддаларни яшаш ёки бўлиш мамлакатининг тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжат тақдим этилмасдан турли номдаги 5 тагача даволаш препаратларини ва улардан ҳар бирининг иккитадан ортиқ бўлмаган ўрамини даволаш курси доирасида олиб кириш ва олиб чиқишда рухсат берилади.

Ўтказиш пунктларида божхона чегарасини кесиб ўтишда жисмоний шахслар уларда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар борлигини йўловчи божхона декларациясида қайд этишлари шарт, бунда гиёҳвандлик воситалари учун — божхона органига жисмоний шахснинг яшаш ёки бўлиш мамлакати тиббиёт муассасаси томонидан берилган, дори воситасининг номи, унинг дори шакли ва даволаш курсининг тавсия этиладиган сони кўрсатилган ҳужжат тақдим этилиши керак.

Прочитано: 2040 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика