Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 46 / Амалий бухгалтерия

Идишлар ҳисоби

 

Ташкилот фреонни ташиш учун мўлжалланган махсус баллонларда импорт қилади. Фреонни импорт қилиш учун баллонлар вақтинча Ўзбекистондан олиб чиқилади, сўнгра у билан тўлдирилган ҳолда қайтиб олиб кирилади. Баллонлардан ташкилот ичида фреонни олиб ўтиш учун ҳам фойдаланилади.

Идишлар БЮД (ИМ-12) бўйича вақтинча олиб чиқиш божхона режимида расмийлаштирилганда уларни ҳисобга олиш операциялари қандай проводкалар билан акс эттирилади?

Замира, МЧЖ бухгалтери.

 

– Фреон билан тўлдириш учун мўлжалланган баллонлар кўп маротаба ишлатиладиган идишлар ҳисобланади. Уларни ТМЗнинг ишлаб чиқарувчидан истеъмолчигача қадар ҳаракати жараёнида ташиш ва сақлаш учун мўлжалланган идишларга ҳам, омборларда сақлаш ёки маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш технологик жараёнини амалга ошириш учун мўлжалланган идишларга ҳам киритиш мумкин.

Кўп маротаба ишлатиладиган идишлар етказиб берувчидан (ишлаб чиқарувчидан) истеъмолчига кўп маротаба айланади ва ТМЗдан бўшатилгандан сўнг идишларни етказиб берувчи ташкилотга қонун ҳужжатларида ёки шартномада белгиланган тартибда қайтарилади (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган ­4-сон БҲМСнинг 9-параграфи).

Идишлар ҳисоби материалларни ҳисобга олувчи ҳисобварақларда 1060-«Идиш ва идишбоп материаллар» ҳисобварағида юритилади. Идишларнинг (фреон учун баллонларнинг) таҳлилий ҳисобини юритиш қулай бўлиши учун қуйидаги илова ҳисобварақларни ҳисобга киритишингиз мумкин:

1061-«Товар солинган идишлар» – фреон билан тўлдирилган баллонлар учун;

1062-«Бўш идишлар» – бўш баллонлар учун;

1063-«Йўлдаги идишлар» – корхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқилган баллонлар.

Товарларнинг республика ташқарисига вақтинча олиб чиқилиши уларни қайтиб олиб кириш ёхуд бошқа режимга қайта расмийлаштириш мажбуриятини тақозо этади (Божхона кодексининг ­37–41-моддалари). Сизнинг ҳолатда баллонлар фреон билан тўлдириш учун Ўзбекистондан ташқарига вақтинча олиб чиқилганда уларга эгалик қилиш ҳуқуқи корхонангизда қолади, яъни балансдан чиқарилмайди.

Бухгалтерия ҳисобида уларни идишларни ҳисобга олувчи битта илова ҳисобварағидан бошқа илова ҳисобварағига ўтказиш мумкин.

Масалан, бўш идишлар жўнатилганда:

Дт – 1063-«Йўлдаги идишлар», Кт – 1062-«Бўш идишлар».

Фреон билан тўлдирилган идишлар олиб келинганда:

Дт – 1061-«Товар солинган идишлар», Кт – 1063-«Йўлдаги идишлар».

Табиий эскириши, синиши (шикастланиши) ёки бузилиши натижасида яроқсиз ҳолга келган ва ташкилот томонидан ишлатилмайдиган идишлар ҳисобдан чиқариш далолатномасини расмийлаштирган ҳолда харажатларнинг тегишли моддаларига ҳисобдан чиқарилади.

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1793 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика